Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бу бизнинг ишимиз» — Путин биринчи марта КХДР ҳарбийлари масаласида изоҳ берди

«Бу бизнинг ишимиз» — Путин биринчи марта КХДР ҳарбийлари масаласида изоҳ берди

Россия президенти Владимир Путин Қозондаги БРИКС саммитининг якуний матбуот анжуманида илк бор Шимолий Корея ҳарбийлари Украинага қарши урушда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Американинг NBC телекомпанияси журналисти Путинга савол берди. Унинг сўзларига кўра, сунъий йўлдошдан олинган суратлар уруш ҳудудида КХДР ҳарбийлари борлигини кўрсатади. «Улар бу ерда нима қилишяпти? Бу можарони жиддий кучайтирмайдими?», сўради журналист.

«Россиянинг ҳаракатлари урушга сабаб бўлмади», деб жавоб берди Путин ва яна бир бор Украинадаги 2014 йилги «давлат тўнтариши» ҳақида гапирди. У, шунингдек, Ғарб давлатларини Украина армиясини қуроллантириш ва унга қарши курашда ёрдам беришда айблади.

Путин Шимолий Корея ва Россия президентлари томонидан ёзда Пхенянда имзоланган «ҳар томонлама стратегик шериклик» тўғрисидаги шартномани Давлат думаси ратификация қилганини эслатди. Шартнома унинг иштирокчиларидан бирига қарши «тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни» назарда тутади.

«4-модда бор», деди Путин. Ва қўшимча қилди: «Пхенян ўзаро келишувларимизга жиддий ёндашади».

Шартноманинг 4-моддасида «агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатларнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчи томон унга ўз ихтиёридаги барча воситалар билан ҳарбий ёрдам кўрсатади».

«Бу бизнинг ишимиз», — деди Путин ва қўшимча қилди: «Жараён қандай ривожланишини кўрамиз». Шундан сўнг у Украинадаги Россия ҳарбийлари ҳозир «барча йўналишларда ишончли» ҳаракат қилаётганини айтди.

Жанубий Корея, Украина ва АҚШ октябр ойида Шимолий Корея қўшинлари уруш ҳудудига юборилиши ҳақида хабар берган эди.

Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Пхенян Россияга 12 минг аскар юбориши мумкин. Улардан баъзилари Россиянинг Узоқ Шарқидаги базаларга этиб келишди. Жанубий Корея расмийлари бу трансфер Москванинг КХДР ҳарбийларини Украина армиясига қарши жанговар ҳаракатларга жалб этиш режалари билан боғлиқ деб ҳисобламоқда.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин бир кун аввал Россияда Шимолий Корея ҳарбийлари борлиги ҳақида маълумот борлигини, улар қандай вазифаларни бажариши мумкинлиги ҳақида эса ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг