Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бировнинг ҳақи ёхуд тўрт ойлик кореялик чақалоқнинг самолётда йўловчиларга «ёзган хати»

Бировнинг ҳақи ёхуд тўрт ойлик кореялик чақалоқнинг самолётда йўловчиларга «ёзган хати»

иллюстратив фото

Ҳаловат ўғрилари

Тунги соат ўн икки. Қаердадир мушаклар отилди. Кейин ортидан мусиқа янгради, ҳофиз «онажонинг рози қил» дея куйлади, қий-чув, кулгу хурсандчилик. Бу кейинги пайтларда авжига чиққан, урфга кирган оналарни фарзандлари туғилган куни билан тунги ўн иккида табриклаш одати. Аммо онасини шундай шовқин-сурон билан табриклаётган одам атрофдагиларга қанчалик малол келаётганини билармикан? Билганда-чи, у шунчалар худбинки, ўзининг билганидан қолмайди, гўёки шу билан фарзандлик бурчини қойиллатиб бажариб қўйди...

Биз бировнинг ҳақини еб кетиш деганда моддиётнигина тушунамиз – қарз олиб бермаслик, тарозидан уриб қолиш, омонатни қайтармаслик... Аммо яна шундай ҳақлар борки, буларни ҳам бемалол бировнинг ҳақига хиёнат десак бўлади. Яъни ярим кечаси бақириб-чақириб онасини табриклаган ўғил қўшнининг уйқу ҳақига хиёнат қилди.

Бундай мисоллар жуда кўп. Айтайлик, Эшмат қассоб маҳалланинг бошидаги зовур олдидан қушхона очди – зовурга чиқиндиларни оқизиш учун. Унинг қушхонасига ярим кечасими, кундузими оғир юкли машиналар шарақлаб ўтиб-қайтиб туради. Шу қадар машиналар кўп ўтиб-қайтганидан йўлнинг абгори чиқиб кетган. Балки Эшмат молни ҳалоллаб сўяётгандир, балки тарозидан уриб қолмас, лекин барибир у бировнинг, яна кўпчиликнинг ҳақига хиёнат қилаяпти. Қандай дейсизми, аввало сувни ифлослантираяпти, бу табиатнинг ҳақи. Кейин эса машиналарнинг шовқин солиб ўтиши оқибатида қўшниларнинг тинчини бузаяпти. Йўлнинг ўйдим-чуқур бўлиб кетганини гапирадиган одам йўқ. Йўлни қўшнилар таъмирлашсада бир йилга бормай асфалти тўзиб кетади. Демак, Эшмат ўзининг тирикчилигини ўйлаб йўлга кетган маблағни кўкка совураяпти – кўпчиликнинг ҳақига хиёнат қилаяпти.

Эшмат йўл қуриш, тузатиш савоб, деган мақолни эшитмаган ҳам бўлса керак. Балки бу тадбиркор асфалтни тўзитаяпти, кексалар, болалар юрадиган йўлнинг чангини чиқариб уларни норози қилаяпти, гуноҳга ботаяпти.

«Кўп йиғласам мени кечиринг»

Яқинда Японияда яшайдиган ҳамюртимиз Баҳодир Искандаров суратли пост жойлади. Унда бир япониялик одам велосипеднинг саватчасига «билмасдан велосипедингизнинг қўнғироғига урилиб синдириб қўйдим», деб пул ташлаб кетган. Бу ерда иккита эътибор бергулик жиҳат: японнинг велосипед эгасидан узр сўраб хат ёзгани ва пул ташлаб кетгани, қолаверса, пулга ҳеч ким тегинмаётгани... Демак, япониялик велосипед эгасининг ҳақидан қўрқди.

Фото: facebook.com / Bahodir Iskandarov

Бундан олдинроқ Баҳодир Искандаров ҳамюртларимизнинг Японияда писта пўчоғини ерга ташлаб ўша халқнинг кўз ғазабига учраганини ёзганди.

Биз учун эса кўча-кўйга чиқинди ташлаш оддий ҳол. Аммо бу билан биз яна, аввало, табиатнинг ҳақига хиёнат қилаяпмиз, кейин эса фаррошнинг меҳнатини оёқ ости қилиш орқали унинг меҳнатини қадрсизлаяпмиз ва вақтини ўғирлаяпмиз. Вақт ўғирлаш, бошқаларнинг меҳнатини топташ ҳам бировнинг ҳақига хиёнат қилиш эмасми? Ўша ерда яшайдиган яна бир танишимнинг айтишича, ошхонага кириб бемалол телефон ёки ҳамёнингизни жойни банд қилиш учун ташлаб кетишингиз мумкин, агар қайтиб  келмасангиз ҳам ҳеч ким тегинмас экан. Бу одат эса ишонч деган ҳаққа хиёнат қилмаслик дегани.

2019 йил дунё нашрларида бир воқеа одамларнинг қалбидан қаттиқ жой олганди.  Буларнинг барчаси Сеулдан Сан-Францискога йўл олган самолёт бортида содир бўлганди. Парвоз бошланганидан сўнг, ёш она барча йўловчиларга кичик халтача тарқатади, улар ичида шимадиган ширинликлар, қулоқ тиқинлари ва хатча бор эди.

Эслатмада шундай ёзилган эди: «Салом, менинг исмим Чону. Мен тўрт ойликман. Бугун мен онам ва бувим билан AҚШга – амакимникига учиб кетяпман. Мен бироз асабийлашяпман ва бироз қўрқаяпман, чунки бу менинг ҳаётимдаги биринчи парвоз. Балки йиғларман ёки кўп безовта бўламан. Мен имкон қадар жим кетишга ҳаракат қиламан, лекин ваъда беролмайман. Шунинг учун мени кечиринг. Онам сиз учун турли хил нарсалардан кичик халтачалар тайёрлади. Уларда конфетлар ва қулоқ тиқинлари бор. Aгар жуда шовқин қилсам – йиғласам, улардан фойдаланинг. Яхши парвоз қилинг ва раҳмат!»

Кореялик аёлнинг бу топилмаси йўловчиларнинг қалбини алланечук қилиб юборди – жуда таъсирлантирди. Кейинчалик улар бутун парвоз давомида бола ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмаганини ва қўнгунча ухлаганини айтишди. Йўловчилар орасида KGO-TV телеканали журналисти Дэйв Корона ушбу суратни  ўзининг Facebook саҳифасига қўйди.

Кореялик аёлнинг бу тутими менга самолётдаги воқеани эслатди. 3 соатлик йўлда бир чақалоқ тўхтовсиз йиғлади. Йўловчилар безовта бўлишди, сабаби боланинг тўхтовсиз йиғлагани кўпчиликнинг раҳмини ҳам келтирди. Ўшанда билган эдим бола йиғласа барча одамнинг тинчи бузилишини.

Кореялик она нима учун шундай қилди? У бировларнинг ҳақидан қўрқди, ҳаловатини, тинчини ўғирлашдан ҳижолат бўлди. Бошқалардек нима қилай, чақалоқ бўлгандан кейин самолётда қулоқлари оғриб йиғлайди-да деб ҳеч кимни жеркимади. Балки гўдакнинг номидан хат ёзиб ҳижолатлигини билдирди ва одамлар кўнглини юмшатди. Аёл одамларнинг хотиржамлик ҳақидан қўрқди.

 

Фото: facebook.com / Dave Corona 

Қуёш, сув, табиат ҳақи

Кўпинча тирбандликларда баъзи ҳайдовчилар уч қатор машиналар навбат кутиб турса қарама-қарши томондан машинага урилиб кетишидан ҳам қўрқмай тўртинчи йўлакни яратиб суқилиб кириб олади. Ваҳоланки, ҳамма навбатда турибди, лекин тўртинчи йўлакни яратган ҳайдовчи қолганларнинг навбатини баттар узоқлаштириб орага киради. Ачинарлиси, заррача ҳижолат бўлмайди, қизармайди, бошқаларнинг навбатини чўздим, ноқулайлик туғдирдим демайди. Булар ҳам аслида бировнинг ҳақига кўз олайтираяпти, вақтини ўғирлаяпти, асабини бузаяпти. Қарама-қарши томондан келадиган машиналар учун хавф туғдириб унинг ҳам ҳаловатини ўғирлаяпти.
Худди шундай ҳолат туфайли қарама-қаршидан келаётган бир ҳайдовчи бошқа бир ҳайдовчининг умрини ўғирлаш билан бирга унинг болаларини ҳақсиз қолдирди. Яъни оила-аъзоларини ҳам яқинидан ҳам боқувчисидан айирди. Бировнинг ҳақини ўғирлади – умрига зомин бўлди.

Бировнинг ҳақи бу фақат пул ёки аллақандай нарсалар эмас. Айтайлик, хорижда қора меҳнат қилиб юрган жигарингизнинг пулини дабдабали тўйларга, ҳашаматга сарфлаб юбордингиз. Сиз яна ўз жигарингизнинг ҳақига хиёнат қилаяпсиз. Соғлиғи совурилиши эвазига келган пулни осонликча ишлатиш орқали яқинингизнинг соғлиқ ҳақига хиёнат қилаяпсиз.

Ҳар бир қадамимизда бировнинг ҳақи бор. Кимнидир куттириб қўйдингиз. Сиз унинг вақтини ўғирладингиз, оладиган даромади балки сиз туфайли камайгандир. Болалар майдончаси қурилиши керак бўлган жойга тирикчилигингиз учун ишлаб чиқариш цехи қурдингиз. Сиз болаларнинг ҳақига, болалик ҳақига хиёнат қилдингиз. Балки сиз қурган ишлаб чиқариш цехи туфайли ўт-ўланлар, дарахтларга қуёш тегмай қолаётгандир. Сиз энди дарахтларнинг қуёшдан баҳра олиш ҳақига кўз олайтирдингиз. Сиз қурган завод туфайли бир неча хонадон сувсиз қолгандир. Сиз цехда ишлаб чиқараётган маҳсулотни инсоф билан сотаётгандирсиз, ишчиларга маошни вақтида ва рози қилиб бераётгандирсиз. Аммо сизнинг заводингиз деб бир неча хонадоннинг сувсиз қолиши, уларнинг сув ҳақига хиёнат қилаётганингизни билдирмайдими? Агар сиз ишлаб чиқараётган маҳсулот чиқиндиси сувга оқизилаётган бўлсачи, ариқдаги тозалик, шаффофлик ҳақига хиёнат қилаётган бўлмайсизми? Агар шу ариқдаги нотоза сув туфайли одамлар, ҳайвонлар касал бўлса-чи, катта-катта маблағ сарфласа-чи? Ўша пайтда уларнинг маблағларига касаллик эмас сиз чанг солаётган бўлишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?...

Бировнинг ҳақи нима? Оромни ўғирлаш, вақтни елга совуриш, меҳнатни қадрламаслик, соғлиққа путур етказиш – буларнинг барчаси бировнинг ҳақи.

Қўшнингиз ухлаяпти. Бирдан сиз мусиқани бақиртириб қўйдингиз. Сиз балки ҳалол одамдирсиз, пул, маблағ, олди-берди масаласида ҳаромдан қўрқарсиз. Аммо сиз қўшнингизнинг тинчини бузиб унинг ҳаловат ҳақини ўғирладингиз... Бировнинг ҳақидан қўрқмайсизми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг