Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ҳашаротлар маҳсулот деб аталадиган лабораторияга саёҳат

Ҳашаротлар маҳсулот деб аталадиган лабораторияга саёҳат

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги 2024 йилнинг 10 июнидан 10 июлига қадар «Биоҳимоя бўйича долзарб 30 кунлик» тадбирини эълон қилди.

Аптекада сотилмайдиган «дори»

Табиатнинг инсоният бир англаб, бир англамаган ўз қонун-қоидалари, ўз тош-тарозиси бор. Ҳар қандай зараркунанда пайдо бўлар экан, унинг кушандаси ҳам табиатнинг ўзидан чиққан.

Самарқанд шаҳридан ғарбга томон 100 километрлаб масофадаги Нарпай тумани томон йўл оларканмиз, енгил машинасини бошқариб бораётган Жаҳонгирнинг қисқа маълумотларидан кейин кўнгилдан кечгани шу бўлди. Жаҳонгир Самарқанд вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходими. Унинг айтишича, бугунда вилоятда зарарли ҳашаротларни еб йўқотиши учун фойдали ҳашаротларни етиштирадиган 32 та биолаборатория ишлаяпти. Мутахассислар қишлоқ хўжалик экинларини биологик ҳимоялаш мақсадда кўпайтирилаётган ҳашоратларни, биомаҳсулот ёки энтомофаг деб аташар экан. «Энто — ҳашарот, фаг — ўлдираман дегани», деб изоҳ ҳам бериб қўяди йўлбошчимиз.

– Фойдали деганингиз ҳашоратларнинг зарарли жиҳатлари ҳам чиқиб қоладими? Дейлик, ўсимликка бўлмаса, одамларга, уй ҳайвонларига?

– Йўқ, ҳеч бир зарари йўқ. Масалан, уйингизда хонқизини кўргансиз. Ўша ўсимлик зараркунандасини йўқ қилишини биласизми?

– Вой, хонқизи ҳам етиштирасизларми?

– Йўқ, лабараторияларда хонқизидан фойдаси каттароқ бўлган Олтинкўз, Трихограмма ва Брокон деган 3 хил ҳашарот етиштирилади.

– Кимёвий дорилар ветаптекаларда сотилганидек, биомаҳсулотни ҳам аптекадан топса бўладими?

– Аптекада эмас, бизда вилоятимнинг ҳар бир туманида биолабаратория бор. Фермерлар улар билан шартнома қилишади-да, пул кўчириш йўли билан олишади. Кимёвий дорига нисбатан жуда арзон. Химикат дейлик, 1 млн бўлса, қарийб 5 баравар арзон, 200 минг сўмча.

Урғочисини излаб келиб қопқонга тушган капалаклар...

Нарпайга етганимизда, йўл ёқасидаги Собиржон Гадаев фермер хўжалигига қарашли далада тўхтадик. Ғўза кўчатлари ўзини тутиб олган. Узоқдан эгатлар орасида оқ халатли қизлар кўзга чалинарди.

Шундоққина дала бошида, ғўзадан бир қаричча баландликда қоғоз уйча шаклидаги мосламага эътибор берамиз. Бу «феромон ловушка», «феромон тутқич» деб аталаркан. Вилоят  ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Исмоилов иккита кул ранг капалак ёпишиб қолган картон қоғозни «уйча»дан олиб обдон тушунтиради. «Мана бу елимга ёпишиб қолган илдиз қуртининг капалаги. Капалак тутқичга қандай тушиб қолди? Мана бу капсула илдиз қурт урғочисининг ҳидига ботирилган. Урғочисини ҳидидан излаб учиб келган эркак капалак бу. Келади-да, елимга ёпишиб қолади. Шу тарзда табиий ҳолда урғочиси уруғланмасдан кўпайишдан тўхтайди. Мониторинг учун гектарига 2-3 тадан қўйилади. Агар қарши кураш бўлса 15-20 тадан қўйилади»

Мутахассиснинг таъкидлашича, битта капалак 5 авлод беради ва авлоди 500-600 тагача уруғ қўяди. Бу дегани битта капалакнинг ўзи 3 мингтагача ғумбак капалак пайдо бўлишига сабаб экан. Демак, ҳар бир зарарли капалакнинг йўқ қилиниши билан, кўплаб илдиз қурти (ғўза қурти) капалаги пайдо бўлишининг олди олинади.

«Лекин, феромон тутқич қўйилишидан асосий мақсад мониторинг ўтказишдир, — дейди Алишер Исмоилов. — Кўсак қурти 5 авлод берадиган бўлса, улар ҳар куни уруғ қўймайди. Бир ой давомида ривожланиш цикли давомида қайси кунда капалак уруғ қўйиши маълум бўлади.  Масалан, рақами ёзилган феромон қопқонга бугун 29 май куни ғўза қуртининг 2 та капалаги тушди, эртасига 3 та  тушди, 31 июнда эса умуман тушмади. Демак, уруғ қўйиш тўхтади. Келгуси 29, 30 саналар хавфли бўлади, ўша пайти бизлар жуда қаттиқ ишлашимиз керак бўлади».  

Аммо, битта капалак тушдими, улар уруғ қўяётганлигини ҳисобга олган ҳолда эгатлар оралаб дарҳол трахограмма, фойдали ҳашорат қўйиларкан. Энг муҳими, тутқичлар ҳар куни кузатилиши ва натижа ёзиб борилиши керак. Шунга кўра, иш кўрилади. Мабодо бир уруғлаш даврида тутқичга тушган капалакнинг сони 5 та эмас, 8 та, 10 тага кўпайиб кетса, муаммони биомаҳсулот билан ҳал қилиб бўлмайди. «Шундан кейин Ўзбекистонда тавсия қилинган кимёвий воситалардан фойдаланиб ишлов берамиз. Яъни зарарли ҳашоратнинг зичлиги иқтисодий зарар меъёридан ошиб кетадиган бўлса кимёвий воситадан бошқа йўл қолмайди». Аслида эса вақтида энтомофагдан унумли фойдаланганда, тартиб бўзилмаганда зарарли ҳашорат бу қадар кўпаймаслиги тажрибада кузатилганлигини Исмоилов таъкидлайди.

«Оддийгина қилиб айтганда, бир гектарга феромон тутқич натижасига кўра ишлов берилганда, 60-70 минг сўмга тўғри келади. Кимёвий ишлов берадиган бўлсак, бир гектарга 450-500 минг сўмга тушади. Энди вилоятимизда 73 минг 500 гектар экин майдон борлигини бир эсланг».

Ҳашоратлар тушадиган садиш суюқлиги қандай тайёрланишини ҳам гапириб беришди. Лекин, бу суюқликка фойдали ҳашоратлар, жумладан, Олтинкўз ҳам тушишини билганимда тинглагим келмади...

Олтинкўзни гўзаллиги учун боқмайдилар

«Олтинкўз жуда чиройли ҳашорат. Лекин, далага она олтинкўз келтирилмайди. Фақат тухумлари тарқатилади» дейди ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Нарпай туман бўлими инспектори Жонибек Эрназаров.

Боя узоқдан кўрганимиз қизлар Қозикент биолабораторияси ишчилари экан. Уларнинг ҳар бири қўлида 3 литрлик банка. Бирининг банкасида мато қийқимлари. Шакар упаси сепилгандек оппоқ зарралар — олтинкўз тухумлари қопланган мато бўлакларини қизгина маълум масофаларда кўчат шохига илиб бормоқда.

«Олтинкўзнинг шундай хусусияти борки, бу ҳаммахўр ҳашорат, қандай зараркунанда бўлса, ўргимчаккананинг уруғими, кўсак қуртининг уруғими бир бошдан териб еб кетаверади. Энг асосийси, энг яхши кўрган овқати бу шира. Тухум 3 кундан кейин личинка, яъни қурт бўлиб чиқади, 15-16 кундан кейин имаго бўлиб очиб чиқади. Очиб чиқадида, далада яна биологик кўпайиш бошланади» дейди Жонибек Эрназаров.

Жонибек, фойдали ҳашоратларнинг кимёвий воситадан афзаллигини мисолларда тушунтиради: «Мана бугун кимёвий воситани ишлатдингиз, тамом, бир ўлдиради кетади. Бунинг афзаллиги то пахтамиз пишиб терилгунга қадар ўзининг хизматини қилади. Далада ҳам кўпайиб боради. Шунда биофонд шаклланади».

Жонибек Эрназаров.

Бошқа бир қизнинг қўлидаги банкада қоғоз парчалари «гармошка» қилиб букланган. Букланган қаватлар орасида трихограмма. Деярли кўзга кўринмайди. Камерага тасвирга туширсангиз ва катталаштириб кўрсангиз, ғимирлаётган жониворларни илғайсиз. Эгатлар орасида трихограмма 5х5 схемада (5 метрга 5 метр), бир гектарда 400 нуқтада қўйиларкан. Мутахассис тушунтиради — кўсак қурти капалаги уруғ қўйганда, унинг ичидан қурт чиқиши керак. Қизиғи, трихограмма ўша уруғни бориб чақаркан ва унинг ичига ўзининг уруғини қўяркан. Аслида зарарли ҳашоратга тегишли бўлган уруғдан, кўрибсизки, фойдали, трихограмма чиқаркан. Шунинг учун ҳам трихограмманинг тухумхўр дейишади.

Табиатнинг «ўйин»лари қизиқ-да. Кўсак қуртининг капалаклари қўйган тухумларини трихограмма олганича олади, қолганлари қурт бўлиб қолади. Энди қуртлар масаласини ҳал қилиш бошқа бир фойдали ҳашорат — броконга қолади. «Кўсак қурт бўлиб шакллангандан кейин брокон кичик ёшдаги кўсак қурти личинкаларини чақиб ўлдиради, каттароқ бўлган бўлса, унинг ичига ўзининг тухумини қўйиб,  далада брокон авлодини кўпайтиради», —  ҳикоясини давом эттиради Жонибек.

Фойдали ҳашоратларни ғаллага, боғ ва полиз экинларига ҳам ишлатиш мумкин экан. Жонибек яна айтдики, у рўзғорига помидор-бордингни ўзи энтомофаг билан ишлов берган иссиқхонадан бозор нархига сотиб оларкан. «Болаларимга кимёвий дори яқинлашмаган тоза маҳсулотни едирганимда хотиржамроқ бўламан» дейди у.

Лабораторияда нега фойдалиси қаторида зарарли ҳашоратлар ҳам кўпайтирилади?

Ўйлаб қарасам, катта-катта қорамоллар боқиладиган фермаларда бир неча марта бўлган эканман. Сурув-сурув қўйлар ўтлайдиган қир-адирларда ҳам интервью олганман. Товуқхона, балиқ боқиладиган ҳавзаларни ҳам яқиндан кўрдим. Фақат, ҳашарот боқиладиган жойга биринчи марта келишим...

Пресс-тур иштирокчилари олиб келинган даргоҳ Нарпайдаги 3 та биолабораториянинг энг йириги, «Мароқанд сифат» МЧЖ қошида экан. Бинога қадам қўйишингиз билан, ем ҳидига ўхшаш аллақандай бўғиқ ҳавони илғайсиз.

Бизни «Мароқанд сифат» МЧЖ кластери маслаҳатчи-агрономи Шокир Омонтурдиев кутиб олди. Бирин-бирин катта-катта хоналарга кириб, ҳашарот кўпайтириш жараёни билан танишамиз.

Энтомофагларнинг ҳар бирининг қурти, капалаги парвариши учун ўзига хос технологиялар қўлланаркан. Масалан, лаборатория хоналарининг ҳар бирининг ҳарорати фарқли. Олтинкўзли хонада ҳарорат  26, 28 дан ошиб кетмаслиги керак. Ситотирога қўйиладиган бўлмада кўп миқдорда арпа, атайлаб дон куяси (мита) билан зарарлантирилади. Шу сабаб бу ерда ҳарорат 30 даражадан пасаймаслиги керак.  

Лабараторияда 17 нафар ходим ишларкан. Уларнинг бир нечаси фақат олтинкўз билан шуғулланса, бошқалари трихограмма билан машғул. Брикон хонасидаги ишчилар ҳам бошқа ҳашаротлар ишига аралашмайди. Қизиғи, бу ерда катта миқдорда зараркунанда ҳашаротлар ҳам кўпайтирилмоқда. «Фойдали ҳашаротни боқиш учун керак! Шунингдек, фойдали ҳашарот, зарарлиси тухумида етиладиган жойлари бор» дейишди. Даладаги маълумотларни эсладим.

Масалан, ситотрога хонасида цилиндр шаклидаги махсус элаклар қўйилган. Ситотрога бу аслида зараркунанда, дон куясининг (халқ тилида мита дейилади) тухуми. Дейлик, мита бирор ун комбинатига тушса, ваҳима бўлади, тезроқ бартараф этишга киришилади.  Бу ерда эса улар боқилади. Цилиндр ичидаги куя капалаклари учиб юрибди, унинг тухуми (ситотрога) элаб олинаркан. Ситотрога  деярли кўзга кўринмайди, у шакар упаси донаси каби. Заруркунанданинг тухуми трихограмма хонасига ўтказиларкан. Бу ерда махсус банкалардаги трихограмма ана шу тухумларни чақиб, ичига ўз тухумини қўяркан. Юқорида далада шу усулда табиий кўпайгани айтилгани каби лабараторияда ҳам трихограмма базаси шу тарзда яратилади. Ўрни келганда айтиш жоиз, дала шароитида 1 дона трихограмма ҳаёти давомида 10 тадан 50 тагачага зараркунанда тухумларини зарарлаб фойда келтиради.   

Лабораторияда банкали хоналар кам эмас эди. Бирида текстил корхонасидан чиқитга чиққан қийқимларда олтинкўз уруғи тўпланаяпти. Бошқа хонадаги банкалар ичида гармошка шаклида букланган қоғозлар қатламларида трихограмма. Арпа зарарлантирилаётган хонанинг ҳиди яна бир бошқача. Блоклар мато-парда билан қоронғу қилиб сақланаётинини ҳам кўрдик. Тўр катакда олтинкўзни битта-биттадан пробирка ёрдамида тутиб банкаларга жойланаётган қизлардан ҳол-аҳвол сўрадик. Охирида бўлганимиз, бу омборхона ёки совуткич хонаси эди. Маҳсулот тайёр, лекин, ташқарида ёғингарчилик кунлари ёки фермер ҳали пахта экмаган вақтларда совуткич хона қўл келаркан. Маҳсулот жонланиб кетмаслиги учун паст ҳароратли жой муҳим.   

«Табиатда аслида фойдали ҳашаротлар бор. Қиш қаттиқ келганда табиатдаги биомаҳсулотлар қирилиб кетади. Иссиқ келган қишлар эса энтомофагни асраб қолиши билан зарарли ҳашаротлар ўн чандон ошишига хизмат қилади. Қолаверса, кимёвий ишлов берилган жойларда фойдали ҳашаротлар ҳам қирилиб кетади. Шунинг учун биомаҳсулотлар махсус кўпайтирилиб табиатга қўйиб юборилади» дейди Шокир.

Агроном суҳбатдошимиз Шокир Омонтурдиев, кўплаб ер соҳиблари бирор ҳашаротни кўрдими дарров кимёвий ишловга киришганини нотўғри ёндашув, дейди. «Биологик занжирни мувозанатини сақлаш мақсадида дастлаб биомаҳсулот билан ишлашимиз керак. Ўсимликни 1 метр квадратда 1 та ёки 10 та ўсимликда 10 фоиз, 20 фоиз, 30 фоиз зараркунанда зарарлай бошласа, уни биомаҳсулот билан бемалол ҳимоялаш мумкин. 40, 50, 60 фоиз зараркунанда тушгандагина химикатга мурожаат қилишимиз керак». Энг асосийси, арзон зарарлантириш маҳсулот таннархини пасайиши омили. Бу дегани, пахта, ғалла, сабзавот, мевалар истеъмолчига анчайин арзон ва табиий ҳолда етиб боради.

«Мароқанд сифат» МЧЖ га қарашли биолаборатория 2021 йилда давлат миқёсидаги тадбир ва режаларнинг, хусусан «Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги» ташкил этилгани илк меваси деб айтилади. Лаборатория битганда 10 минг гектар  майдонни қамраб оладиган биомаҳсулот ишлаб чиқариш режага қўйилган. Лекин, бугунда бу қамров 5 минг гектарни ташкил қилаяпти. Олдиндан белгиланган миқёсда ишлаш учун ҳаракат қилинмоқда. Зеро, биринчи қадамлар доимо тажриба сифатида ва синовли бўлади.

Масалан, маҳсулдорлик ошиши учун олтинкўзга тоза асал, маргарин, туршак, турли қоқилар ҳам бериб туриш керак. Тоза деб сотилган, лекин таркибида кимёвий моддалар қолдиқлари бўлган асал ҳашаротга берилганда, даргоҳда шу олтинкўз қирилиб кетган ҳолат бўлган. Энди атайлаб бориб тоғ асалини харид қилиб келишади. Лабароторияда бугунда 42 мингта олтинкўз капалаги бор. Ҳақиқатан чиройли ҳашарот. Қанотлари ҳарир яшил пардага ўхшаш жонивор. Унинг бир донаси табиатдаги 120 тагача шира, бит, треписларни ейди.

Тошкент Давлат аграр университети ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналиши бўйича PhD, яъни докторантурада таҳсил олаётган Шокир Омонтурдиев куни келиб бизда ҳам энтомофагларни далага, ривожланган давлатлардаги каби дронларда ташланишига умид қилади. «Инсон омили хато қилиши мумкин, эриниб, охирида «э-э, бор-э» деб қўлидаги энтомофагни ташлаб юбориши мумкин, энг ишончли усулларни қўллашимиз керак», — дейди бўлажак олим.

Нарпай  тумани 22 минг гектар ерга эга. Шундан 18 минг гектар  майдон биолаборатория маҳсулотига эҳтиёжи бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг