Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Yandex.Go» ўз солиқларини ҳайдовчилар зиммасига юклагани маълум бўлди

«Yandex.Go» ўз солиқларини ҳайдовчилар зиммасига юклагани маълум бўлди

Фото: «Xabar.uz»

Давлат солиқ қўмитаси жамоатчилик вакилларининг эътирозлари ортидан бир неча йилдан бери Ўзбекистонда расмий солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмай фаолият юритиб келаётган «Yandex.Go» хизмати блокланиши ҳақида хабар бериб, компанияга ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида ташкил этиш бўйича бир қатор талаблар қўйилганини билдирганди.

Унга кўра, хизмат 1декабргача Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаши лозим эди. Шундан сўнг «Yandex.Go» давлат рўйхатидан ўтгани ва бошқа такси хизматлари билан бирхилда солиқ тўлай бошлагани айтилганди.

Бироқ амалда бундай бўлиб чиқмади. «Yandex.Go» гарчи де-юре солиқларни тўлаётган бўлса-да, де-факто буни ҳайдовчилар ҳисобидан қоплаётгани аниқланди.

Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров «Yandex.Go» агрегатор ушлаб қоладиган хизмат комиссияси улушини 13 фоиздан 14,6 фоизгача кўтаргани ҳақида ёзди. Блолерга кўра, бу ҳақда Тошкент шаҳридаги «Yandex.Go» платформасига уланган таксист ҳайдовчилар тармоқларда маълум қилишган.

Бундан ташқари «Yandex.Go»нинг қатор ҳамкор таксопарклари ҳам ўз улушларини 4,0-5,0 фоиздан 5,0-6,0 фоизгача кўтаришган. Келиб чиқадики, 1 декабрдан кейин ҳайдовчи таксистларнинг кўрсатилган хизмат учун оладиган улуши 2,6 фоиз бандигача қисқарган.

«Демак, «Yandex.Go» ва унинг айрим ҳамкорлари Ўзбекистонда тўламоқчи бўлаётган солиқларининг юкини ҳайдовчиларнинг бўйнига юклаган, қўйган. Яъни, ҳайдовчиларнинг нонини туя қилиш давом этади.

Жамоатчилик «Yandex.Go» солиқ тўласин деган талабни қўйганда шундай кўзбўямачиликни сўраганмиди? Рақобат қўмитаси борми ўзи Ўзбекистонда? Раҳбарлари майли, кесилавериб, тилдан қолган, изоҳ берадиган биронта тирик мутахассиси борми антимонополиянинг?

«Yandex.Go»нинг ўзбекистонликларни қақшатишда давом эттириши билан боғлиқ бундай намойишкорона ва циник манипуляцияси индамай қабул қилинадими? Ўзи Солиқ қўмитаси «Yandex.Go»ни солиққа тортмоқчи эдими ёки такси ҳайдовчиларини?», дея куйиниб ёзади Бакиров.

Ҳозирча Давлат солиқ қўмитаси ҳам, Рақобат қўмитаси ҳам ушбу хабарга қандайдир реакция билдиргани йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг