Хоразмда қуролланган шахс банкка киришга уринди. У ходимлар томонидан ушланган
Хоразм вилояти Урганч шаҳар Навоий кўчасида жойлашган «Халқ банк» филиалига киришга уринган қуролланган шахс қўлга олинди.
Миллий гвардия ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 11 июл куни соат 11.07 да Урганч шаҳар «Қўриқлаш» бўлимига банк филиалидан «ташвиш» сигнали келиб тушган.
Олинган хабарга кўра воқеа жойига зудлик билан етиб борган тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ томонидан пневматик тўппонча билан банк биносига киришга ҳаракат қилган фуқаро ушланган.
Аниқланишича, банк филиалида хизмат вазифасини олиб бораётган «Қўриқлаш» бўлими ходими ушбу фуқарони бинога кираверишда кўздан кечириш жараёнида пайқаб, тўхтатиб қолган ва ташвиш тугмаси орқали хабар берган.
Ўз вақтида етиб келган тезкор гуруҳ ходимлари томонидан қўлга олинган фуқаро Урганч шаҳрида яшовчи Х.А эканлиги маълум бўлган.
Aйни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти «Қўриқлаш» бошқармаси масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter