Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қурилишни байрамгача тугатамиз…»  – Учтепадаги пиёда йўлаклари нега титилиб кетяпти?

«Қурилишни байрамгача тугатамиз…»  – Учтепадаги пиёда йўлаклари нега титилиб кетяпти?

«Xabar.uz» таҳририятига вақти-вақти билан республиканинг турли ҳудудларидан ва турли мавзуларда мурожаатлар келиб тушади.

Навбатдаги мурожаат Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи фуқародан бўлди.

Унда айтилишича, 2022 йилнинг май ва декабрь ойларида Президент ташрифи олдидан «Чилонзор» метро бекати ва Учтепа ҳокимияти оралиғидаги пиёдалар йўлакчаси мукаммал реконструкция қилинган.

Қайта таъмирлаш ишлари эса мурожаатчи тили билан айтганда «Тошконнинг котта-котта қурувчи фирмалари» томонидан олиб борилган.

Бироқ тўлиқ қайта таъмирлаб, давлат раҳбарининг ҳудудга ташрифи учун тайёрланган ушбу йўлакларнинг бугунгни аҳволи ачинарли. Бу мурожаатчи илова қилиб таҳририятга йўллаган йўлакча суратларидан ҳам яққол кўринади. Ва, шу ўринда, савол ҳам тўғри қўйиляпти: нима ҳар йили пиёдалар йўлакчасини қайта қурамизми?

Қурилиш ёки қайта таъмирлаш соҳасидаги «эгасига етгунча» услубида «маромига» етказиб қурилган, бажарилган ишлар янгилик бўлмай қолди. Аммо бу қачонгача? Биз кимни алдаяпмиз?

Мақолани бежиз юқоридаги сарлавҳа билан бошламадик. Ҳокимликнинг расмий Telegram каналига 2023 йилнинг 25 августида айни шу чақириқ билан бошланган кичик пост жойлаштирилган. «Сифатли қурамиз», «аҳолига қулайлик яратамиз» ва ёки бошқача эмас, айнан байрамгача тугатиш ташаббуси илгари сурилган. Аммо, афсуски бу шиор ва амалиёт ўзини оқламагани учун аллақачон халқ орасида латифага айланиб кетгани, давлат раҳбари ёки маҳаллий ҳокимият вакилларининг ташрифи олдидан бошланадиган қурилишларга нисбатан қўлланиб келиниши ҳам бор гап. Қизиқ, буни ҳокимиятдагилар билармикан?

«Ўтган йилидан бери кузатаман. Цемент қопламали пиёдалар йўлакчаси хароб ҳолга келиб бўлди. Бетон тобора титилиб, ёз ойларида ҳавога чанг билан кўтарилиб кетяпти. Масалан, «Фарҳод» бозори ҳамда чорраҳадаги бекат атрофлари…

Аҳволини кўринглар. Бир йилгаям етиб-етмай титилиб кетди. Йўлаклар қурилиши инспекция назоратидан ўтказиладими? Давлат ғазнасидан пул олаётганда лаборатория хулосалари, цемент маркалари текширилмасмиди? Ёки оддий халққа бўлаверадими? Бюджет пули нима бўлади? Энди ҳар йили пиёдалар йўлакчасини янгилаймизми? Ёки бетон чангини ютиб юраверамизми? Қурувчига уят!» деб ёзғиради мурожаатчи.

Таҳририят вазиятга ойдинлик киритиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси Техник назорат инспекциясининг Абдурауф исмли ходими билан боғландик. Бироқ масъулнинг «саломга алиги» ўзимизни саволга тутишдан бошланди. Унга таҳририятдан эканимиз ва юқоридаги масала бўйича айрим маълумотлар олмоқчи эканимизни айтишимиз биланоқ, у телефон рақамини кимдан олганимизни, бу унинг шахсий телефон рақами экани ва бу билан иш юзасидан гаплашмаслигини, гуёки «тушунтирди» ва гўшакни қўйиб қўя қолди. Шу билан биз у билан боғлана олмадик.

На илож. Ҳар доимгидай «балогардон» – туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланиб, бу борада бирор масъулни топиб беришини сўрадик.

Шундай қилиб арзимизни туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Абдулла Арзиевга билдирадиган бўлдик. Ҳоким ўринбосарининг юқоридаги мурожаат бўйича берган маълумотлари ҳам, афсуски тўлиқ бўлмади.

«2022 йилда Учтепа тумани Фарҳод кўчасининг 2,2 км қисмида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида тендер йўли билан аниқланган қурувчи ташкилот – «Трест-7» МЧЖ «Йўллойиҳа» лойиҳаси бўйича пиёдалар ва велосипед йўлаги қуриб битказилган. Лойиҳа қиймати 8,4 млрд сўм.

Ушбу объект буюртмачи томонидан 2023 йилнинг 20 июлида қабул қилинган. 

Шунингдек, 2023 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилиги ва «Allegro development projekt» МЧЖ лойиҳаси асосида «Grand road Tashkent» қурувчи фирмаси Чилонзор метро бекатидан Саккокий кўчасигача бўлган тахминан 7 километр ҳудудда пиёдалар ва велосипед йўлаги қурилишини амалга оширган.

Ўрганишларга кўра, йўлакларнинг бузилиб кетган қисмлари, асосан, 2022 йилда бажарилгани, аниқроғи, «Трест-7» МЧЖ томонидан қилинган ишлар экани аниқланди.

«Grand road Tashkent»га тегишли қисми эса тахминан 2 минг квадрат ҳисобланган.

Ҳозирда ташкилот томонидан йўлакнинг сифати бузилган қисмларини қайта тиклаш ишлари бошланган. «Grand road Tashkent» қуриб битказган мазкур объект ҳали қабул қилинмаган бўлиб, айни пайтдаги қайта тиклаш ишлари ташкилот ҳисобидан амалга ошириляпти.

Аномал совуқ вақтида йўлакларга сепилган туз-қум аралашмаси бетон йўлакларнинг юза қисмига зарар етказган. Қаттиқ қоплама зарарланганидан кейин тагидан бетон чанги чиқаверади. Аслида қоришмада бетоннинг юзаси қаттиқ қисми ҳисобланади. Шунинг учун унинг юза қисмига зарар етса, сифати бузилиб кетаверади. У қайта тикланмагунича асл ҳолига келмайди.

«Трест-7» МЧЖ бўйича эса қабул қилган ташкилот Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси эканлиги сабабли, бу борада бирор маълумот беролмайман», – дейди Абдулла Арзиев.

Ҳокимлик мансабдори айтганидек, «Трест-7» МЧЖ бўйича саволларимизни очиқ қолдирди.

Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси расмийси билан боғландик.

Унинг айтишича, айни пайтда Учтепа тумани Фарҳод кўчасида олиб борилаётган қайта таъмирлаш ишлари «Grand road Tashkent» ҳамда «Трест-7» МЧЖ иштирокида амалга оширилмоқда. У ҳам, ўз навбатида, мазкур бетон қопламали йўлакларнинг сифати бузилишига қиш мавсумида ундан нотўғри фойдаланилгани сабаб бўлганини билдирди.

Шу ўринда яна саволлар пайдо бўлади: қурувчи ишни сифатли қилибди – яхши, лекин миллиардлаб сарфланаётган давлат бюджети маблағлари эвазига тикланаётган йўлак ёки бошқа умумфойдаланишдаги объектлардан тўғри фойдаланишни ким назорат қилади?

Бири асфальт ётқизиб кетганига хурсанд бўлиб турганимизда, иккинчиси келиб қувур алмаштириш учун кавлаб ташласа, яна бир сифатли йўлаклар (бу масала узоқроқ чўзилиб кетгани учун мақола эълон қилиняпти. Пиёда ва велосипед йўлакларининг сифатли қурилгани ҳақидаги иддао, ҳозирча шаҳар ва туман ҳокимлигиники, – Э.) қурса-ю, бошқаси келиб, қишда музларни «лом» билан кўчирса ёки туз билан эритиб олса – унда шаҳарнинг «дарвозали» экани қаерда қоляпти?

Юқоридаги ҳолат, биргина шаҳар марказида эмас, чекка ҳудудлардаги пиёдалар йўлаклари ҳам «ўзидан кетгунча, эгасига етгунича» қабилида, қўл учида қурилгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша ерларда ҳам одамлар яшаяпти, ўша йўлакларда юрибди – улар тирик гувоҳлар (биргина мисол: Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Мустақиллик маҳалласини Ўртасарой маҳалласи билан боғловчи йўл четига қурилган пиёдалар ва велосипед йўлагини, фаросатли қурувчи «йўлак» демаган бўларди).

Қурилиш сифатини назорат қилувчилар юқоридаги каби ҳолат учун аномал иссиқ ёки совуқни сабаб қилиб кўрсатишса, йўллардан фойдаланишни назорат қилувчи ташкилотлар нима дейишади?..

Хуллас, эскилар айтганидек, «инсофни ўзимизга берсин». Ҳеч ким ҳаётимизни четдан келиб яхшилаб бермайди. Ҳаммасига ўзимизнинг ақлимиз, инсофимиз «айбдор»…

Элбек

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг