Қашқадарёда 18 ёшли ўсмир ток уриши оқибатида вафот этди
Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани Бешкент шаҳридаги сув ҳавзаларидан бирида 18 ёшли йигит ток уриши оқибатда вафот этди. Марҳум йигит асли Косон туманидан бўлиб, Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйда ижарада яшаб келган.
«Бола чўмилиш жараёнида танаси нам ҳолатида телефон қувватлаш учун ўрнатилган мослама устига оёғини қўйган. Қисман ток урган деб тахмин қиляпмиз. Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъуллар томонидан экспертиза жараёнлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг ҳаммасига аниқлик киритилади», – дейди сув ҳавзаси вакили Нуриддин Пирназаров.
«Марказий студия» дастурида маълум қилинишича, воқеа содир бўлганидан сўнг марҳумнинг яқинлари тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган. Унга қадар эса бемор йигитга манзилда бўлиб турган шифокорлар ёрдам кўрсатган.
Тез ёрдам машинаси 18:40 ларда воқеа жойига етиб борган. Шифокор ўша ерда бемор юрагини ёпиқ массаж қилган, сунъий нафас берган. Тиббий ёрдамларга қарамасдан беморда биологик ўлим қайд этилган.
«Бемор Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинганда, унда тириклик аломатлари аниқланмаган», – дейди Қарши туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Икром Ҳайитов.
Айни пайтда ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Қашқадарё вилояти ИИБ масъуллари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter