Қамоқхоналардаги суткалик учрашувлар учун тарифларни ошириш режалаштириляпти
ИИВнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, улар учун ажратилган узоқ муддатли учрашувхоналарни замон талабига асосан жиҳозлаш ҳамда бюджет сарф-ҳаражатларини қисқартириш мақсадида тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қайд этилишича, 2023 йил давомида жазони ижро этиш муассасаларида фуқаролар томонидан узоқ муддатли учрашув хоналарининг фойдаланилганидан келиб тушган маблағларнинг умумий қиймати 2,3 млрд сўмни ташкил қилган.
Бироқ, узоқ муддатли учрашув хоналарини яроқли ҳолда сақлаб туриш (мунтазам равишда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш) ҳамда зарур бўлган буюм ва воситалар (ўрин-кўрпа, совун, сочиқ, ошхона анжомлари ва бошқалар) билан таъминлаш мақсадида, ўтган 2023 йилда 7,6 млрд сўм маблағ сарф этилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, бюджет маблағларини иқтисод қилиш ҳамда юкламани камайтириш мақсадида, колония учрашув хоналарнинг суткалик тарифларини қуйидаги тартибда:
- 2 кишилик хона учун суткалик тўлов – Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоиз (амалда 5 фоиз)гача (85 минг сўм);
- 3 кишилик хона учун суткалик тўлов – Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоиз (амалда 10 фоиз)гача (102 минг сўм);
- 4 кишилик хона учун суткалик тўлов – Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 фоиз (амалда 15 фоиз)гача (119 минг сўм) белгилаш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси матнида айтилишича, узоқ муддатли учрашув хоналаридан тариф асосида ундириладиган тўловлар йилига 8 млрд сўмгача ошиб, бюджет маблағларини иқтисод қилиш ҳамда маҳкумларни сақлаш харажатларини қисқартиришга йўналтирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter