Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди

Президент Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 октябр куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.

Бу шаҳарнинг асоси ва драйвери — Олмалиқ кон-металлургия комбинати. Иқтисодиёт, иш ўринлари, уй-жойлар, маданият ва таълим масканлари ушбу мажмуа негизида шаклланган.

Бугун изчил ўсиш, замон билан илдамлаш керак. Давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳани илмга асосланиб ривожлантириш талабини қўяди.

Олмалиқда ҳам кадрлар тайёрлаш шу йўсинда йўлга қўйилган. Хусусан, шаҳарда Тошкент давлат техника университетининг ҳамда Москва пўлат ва қотишмалар институти филиаллари очилган. Яқинда буларга қўшимча Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Муҳандислик мактаби ташкил этилди.

Президент аввало мазкур мактаб фаолияти билан танишди.

Бу ерда Германия тажрибаси асосида йилига 480 нафар муҳандис тайёрланади ҳамда минг нафар ходимнинг малакаси оширилади. Дарс жараёнлари йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилади.

Ўқув дастури Германиянинг Фрайберг кончилик академияси, GP Günter Papenburg AG ва Aurubis AG компанияларининг илғор таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Мактаб шунга мувофиқ, механика, металлургия, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, фойдали қазилмаларни бойитиш, энергетика йўналишлари бўйича замонавий ўқув-амалиёт ускуналари билан жиҳозланган. 

Давлатимиз раҳбари мазкур хоналарда бўлиб, иш ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

«Замон ўзгаряпти, ҳар бир соҳага инновациялар кириб келяпти. Шунга муносиб малакали кадр бўлиш учун доим ўз устингизда ишлашингиз керак. Комбинат тақдири рақамлаштиришда. Ҳар бир бўлимни, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини рақамлаштириш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда. Келгусида унда ишлайдиган мутахассислар ҳозирдан тайёрланмоқда.

Қисқа вақтда бу ерда 100 дан ортиқ ёшлар ўқиб, тармоқ корхоналарига ишга жойлашган.

Президентимиз мактабнинг самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ўқувлар мунтазам ташкил этилиши, энг муҳими, амалиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак.

Шу йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда биринчи босқичда 10 та олий муҳандислик мактаби ташкил этилиши белгиланганди. 

Бугунги кунда шундай мактаблар ташкил этилмоқда. «Тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжирини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бирининг саноат ҳамкори белгиланади.

Муҳандислик мактаблари олий таълим муассасалари таркибида етакчи йўналишлар бўйича ташкил этилади. Уларда математика, физика, кимё, муҳандислик графикаси,  информатика ва хорижий тиллар бўйича чуқур билим берилади. Бакалавриат ва магистратура 4+1 шаклида йўлга қўйилади. Талабалар 2-курсдан ихтисосликлар бўйича саралаб олиниб, саноат ҳамкорлари учун мақсадли кадрлар тайёрланади.

Мазкур мактабларнинг профессор-ўқитувчилари «Эл-юрт умиди» жамғармаси, тегишли ҳамкор ва университет маблағлари ҳисобидан етакчи хорижий муассасаларга малака оширишга юборилади. Саноат ҳамкорлари соҳа тараққиётидан келиб чиқиб, замонавий лабораториялар ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг