Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон БАА томони билан сармоявий ҳамкорликка доир 15 та келишувга эришди

Ўзбекистон БАА томони билан сармоявий ҳамкорликка доир 15 та келишувга эришди

13 январ, душанба куни Президент Ш.Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи арафасида Абу Даби шаҳрида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатлар делегациялари (Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда БАА томонидан ушбу давлатнинг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳаил Моҳамед Ал Мазруи) иштирок этишди.

Маросимда сўзга чиққанлар Ўзбекистон билан БАА ўртасида олий даражада ўзаро ишончга асосланган муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, 2021 йилдан буён БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми йилига ўртача 20 фоиздан кўпроққа ошиб бормоқда ва 2024 йил якунига кўра бу кўрсаткич 650 миллионга етди. Бугунги кунда Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 337 та корхона фаолият кўрсатмоқда, шундан 114 таси қўшма корхона ва 223 таси 100 фоиз хорижий корхоналардир. 2023 йилда Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга 1,08 миллиард доллар, 2024 йилда эса 1,5 миллиард доллардан ортиқ БАА инвестициялари ўзлаштирилди.

Биргаликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар анъанавий ва муқобил энергия, инфратузилма, кимё саноати, геология, IT, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларини қамраб олади.

«Ўзбекистон-БАА» инвестиция компанияси ташкил этилди. Унинг инвестиция портфели бугунга келиб тиббиёт, геология, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида умумий қиймати 192,5 миллион доллар бўлган 7 та лойиҳани ташкил этмоқда. 140 миллион долларлик 9 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Бироқ эришилган натижалар икки давлатнинг иқтисодий салоҳиятини умуман акс эттирмайди, шу боис ҳамкорлик ҳажмини янада ошириш бўйича қўшимча комплекс чоралар кўрилмоқда.

Кеча тадбирда имзоланган ҳужжатларнинг ана шундай қадамлардан бири эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ушбу 15 та келишув вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар томонидан биргаликда олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг меваси бўлиб, икки давлат ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очаётгани айтиб ўтилди. Маросимда «AMEA Power», «Masdar», «Solar Power Shine», «M42», «Burjeel Holdings», «IFFCO Group», «TWS», «Alserkal Group», «Metito», «AD Ports», «Jetex», «Emirates Group» ва бошқа компаниялар билан энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, сув таъминоти, транспорт, логистика соҳаларида инвестиция битимлари ва шартномалар имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг