Дастлабки 6 ойда кўчмас мулк бозорида савдолар сони қарийб 6 фоизга пасайган
Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Аммо, ҳудудлар кесимида айрим, жумладан, Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида фаолликнинг ошгани қайд этилган.
Умуман олганда эса фаолликнинг тушиб кетиши мамлакат кўчмас мулк бозорининг ялпи секинлашганлигини акс эттирмоқда.
Бу пасайиш айниқса, Навоий вилоятида сезиларли бўлиб, операциялар 26,5 фоизга қисқарди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида 10,6 фоизни ташкил этди.
Иккиламчи кўчмас мулк бозорида (июнь ойи учун) уй-жой нархларининг ўсиш суръати секинлашди. Агар май ойида уй-жой ўртача нархининг ўсиши квадрат метр учун 1,3 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ойида иккиламчи бозор атиги 0,3 фоизга ўсди.
Бироқ, ўтган йилнинг июнига нисбатан иккиламчи бозорда нархлар деярли 10 фоизга ошди.
Иккиламчи уй-жой сегментида уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм (18,1 фоизга), Бухоро (17,1 фоизга), Қашқадарё (16,7 фоизга) ва Тошкент вилоятларида (16 фоизга) қайд этилди.
Тошкентда иккиламчи бозордаги нархлар бир ойда 1,1 фоизга пасайди. Шайхонтоҳур (0,8 фоиз), Яккасарой (0,6 фоиз) ва Олмазор туманларида (0,3 фоиз) меъёр доирасида ўсиш қайд этилди.
Тошкент шаҳри ижара бозори ҳам май ойида бироз тикланишдан сўнг, яна пасайиш билан характерланди. Хусусан, Тошкентда ижаранинг ўртача баҳоси 1,2 фоизга пасайиб, бир квадрат метр учун 8,3 долларни ташкил этди.
Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи ҳамон юқори бўлиб, ҳар квадрат метр учун ўртача 10,2 долларга тенг бўлиб турибди.
Нисбатан арзон уй ижараси Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда, бу жойларда ижаранинг ўртача нархи бир квадрат метр учун 6,4 долларни ташкил қилади.
Шу билан бирга, йил бошидан бери ижара нархининг 9,8 фоизга камайгани қайд этилди, ўтган йилнинг июнига нисбатан эса ижара ҳақи 5,5 фоизга пасайган.
Ўтган йилнинг июнига нисбатан ижара ҳақининг энг сезиларли – 12 фоиздан кўпроқ пасайиши Яшнобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилган бўлса, Юнусобод ва Яккасарой туманларида юқоридагига нисбатан қуйироқ – 8,3 фоизлик пасайиш кузатилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter