Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Барча йўллар Ватанга бошлайди!»: машҳур хонанда билан суҳбат (видео)

«Барча йўллар Ватанга бошлайди!»: машҳур хонанда билан суҳбат (видео)

Фото: Xabar.uz

46 йилдан сўнг ёшлигига гувоҳ мажнунтол билан дийдорлашган хонанда  Зиёд Эшонхўжаев билан суҳбат.

Сайр одатим қўярмидим мен,

Ўлкам кезиб тўярмидим мен,

Кезмай туриб, сайр этмай туриб

Уни шунча суярмидим мен!

Эркин Воҳидов

У мудом йўлда... Жаҳонгашта санъаткор! Куй-қўшиқларининг ҳам оҳанги-ю, ноласини юрган йўлларидан излайди! Гўёки, тоғлар, қир-у, адирлар, дарёлар унга елкадош, сирдош. Жаннатмакон эл фарзанди қалбидаги оташни Она юрти қуёшидан олган. Тили йўғ-у, қалби бор гитараси унга доим ҳамроҳ. У қанча кўп юрт кезмасин, барча йўллар уни Ватанга бошлайди! Қўшиқларида куйлаганидек, Ватанда ёшлик бор, ёшликда эса  муҳаббат!   

 Ёшлик йилларини эсламоқ учун санъаткор билан «Анҳор» бўйидаги мажнунтол ила дийдорлашмоққа йўл олдик.  

«Бу оқшом»  қўшиғимни тарихига келадиган бўлсак, ўшанда 1977 йил эди. Ҳарбий хизматдан қайтган кезларим. Бу қўшиқни дунёга келишига сабабчи бўлган инсон мени акам – Шарофиддин Эшонхўжаев бўладилар. Акам Ирригация институтида бадиий раҳбар бўлиб ишлар эдилар. Бир куни хоналарига кирсам, алланима қоралаб ўтирибдилар. Билсам, янги шеърга илҳом келган экан. Шеърнинг қоралама илк сатрларига кўзим тушган заҳотиёқ, куйи хаёлимга келди. Гитарани олдим-у, шеърни куйга солдим. Шеър ихчам, чиройли ва оддий ёзилганлиги билан эътиборимни тортганди. Шу зайл, «Бу оқшом» қўшиғи ўша ернинг ўзида ярим дақиқада туғилди. Кейин гапнинг дангалига кўчиб, акамга шу қўшиқни талабалар фестивалига тайёрламоқчиман, ака-укани ҳамкорликдаги ижоди бўларди, агар рухсат берсангиз, дедим. Фестивалга Ўзбекистон телевизион қўмитасининг мусиқа бўлимидан вакиллар ҳам ташриф буюришган экан. «Тошкент тароналари» номли кўрсатув бўларди.

Мусиқа бўлими мутахассислари шу кўрсатув учун Ботир Зокировнинг «Араб тангоси», Наргиз Бойхонованинг «Сен бўлмасанг ёнимда» қўшиқлари қаторида «Бу оқшом»ни ҳам учликка танлашганини маъум қилишди. Шунингдек, фестиваль қўшиққа клип суратга олишимизга ҳам сабабчи бўлиб қолди. 46 йил аввал худди шу «Анҳор» лабидаги мажнунтол ёнида «Бу оқшом»нинг клипини суратга олганмиз. Бу қўшиқда менинг энг гуллаган ёшлик чоғларим муҳрланган. Тақдирни қарангки, қўшиғимни студияда ёзилиш куни отамни йўқотган кунимга тўғри келган... Бошқа кунга қолдиролмасдик, сабаби, Германиядан келган мусиқа бўйича мутахассислар билан буни аввалдан режалаштирган эдик ва улар ўз юртига тезда жўнаб кетишлари керак эди. Студияга онамнинг қистовлари билан мажбур бордим. Қўшиқни илк ижросидаги дард бир келди-ю, бир умрга тасмада қолди. Кейин бошқа ҳеч қачон ўша дард билан куйлолмадим.    

Қўшиқ клипи учун  нега айнан «Анҳор» бўйи танланганига мени алоқам йўқ. Бу режиссёрнинг танлови бўлган. Бу маскан ёшлар орасида «Ошиқлар боғи» номи билан машҳур эди. Қолаверса, ўша кезлар ёшларнинг севимли фильми – «Севишганлар» ҳам шу ерда суратга олинганига ҳали кўп бўлмаганди. Ўша фильм ҳалигача одамларни хотирасида қолган. Чунки, фильмда менинг тенгдошларим ўз ёшлигини кўрадилар. Айтмоқчиманки, шу фильм сабаб ҳам, режиссёр бу жойни севишганлар образи билан боғлиқликда тасаввур қилгандир балки...

Ёшлигим шу «Анҳор» бўйида ўтган. Тошкентнинг «Қорасарой» деган даҳасида ўсганман. Қарабсизки, мана шу йўл шундоқ уйимга олиб чиқарди. Умуман, ҳаётим, ёшлигим шу йўллар билан боғлиқ.

Болалигим, ёшлигимни эслаганда, одамларни бир-бирига бўлган дўстлиги, меҳр-оқибати ёдга тушади. Бола кўнглингиз эркалик қилиб, «Амаки сувингиздан бир қултум ичсам, нонингиздан ҳам озгина ушатиб беринг, майлими?» деганингизда, ўша бегона лекин меҳрибон амакининг сув, нон ёнига ширинлик ҳам қўшиб бериши манзарасини қўмсайман. Ўша даврлар одамларнинг бир-бирига бўлган оқибати, ҳурмати бошқача эди.

Ўзбек халқи азалдан меҳмондўстлиги билан дунёга маълум ва машҳур. Кўнгли очиқ, қўли кўксида. Ер шарини кўп жойлари, давлатларида бўлганман. Ичимда ўзбеклигимдан фахр туйиб, миллатим ҳақида бир қўшиқ яратиш истаги ҳеч тинч қўймасди. Шу тариқа «Мен ўзбекман» қўшиғим дунёга келди. Қўшиқ сўзлари рафиқамга тегишли.

 Мен ўзбекман, ўзимга бекман!

 Жаннатмакон эл фарзанди, ўзимга бекман!

Турмуш ўртоғим тиббиёт соҳаси мутахассиси бўлсалар-да, ижодда ҳам доим менга қўшканотлар. Аёлим саъй-ҳаракатлари билан қўшиқларим бутун жаҳон аро янграшини орзулаб, Америкада «Орзулар» номли мусиқий альбомимни чиқардик.  

Ўзидан ўзи куй, қўшиқ ёзилмайди. Ҳаммаси ғойибдан. Агар Яратган  юракка дардни солмаса, ҳеч нарса содир бўлмайди. Ота-боболар тарбияси, қолаверса, Ватанга севги бўлса, шундай туйғулар туғиладики, беихтиёр куйлар ёзилади. Еган нон-тузга шукроналик ҳисси пайдо бўлгандагина, қалбда  йўл очилади.

Францияда мусофирчиликда пайтимиз назаримда, сафаримиз чўзилиб кетгандек бўлди. Ўшанда ўзимизнинг йўлларни, кўчаларни, бозорларни эслаб, соғиниб кетдим. Бу «Тошкентим» қўшиғим ёзилиши олдидан Ватан соғинчи эди... Соғинмасдан соғинч ҳақида куйлолмайсиз!...

Инсон ҳаёти худди юрак уришини кўрсатгувчи кардиограммага ўхшаш. Ахир, бахтиёр кунлар билан бирга синовли кунларни ҳам яшаб ўтмоқ умр шарти... Бир кун шундай дилгир кайфиятда ўтирсам, аёлим ёнимга келиб, «Биласизми, мен тушукунликдан чиқиш йўлини топдим! Йўли битта – меҳнат!» дедилар-у, қўлимга Эркин Воҳидовнинг китобини тутқаздилар.     

Эскитдан марҳум Ўзбекистон халқ шоири билан муносабатларимиз қалин эди. Китобни очишим биланоқ, «Йўллар» номли шеър битилган саҳифа чекимга тушди. Шеърни ўқияпман-у, кўз олдимда Ўзбекистон, жаҳон бўйлаб кезганларим гавдаланди. «Ия, ахир, бу менинг ҳаётим-ку! Худди менга аталгандек!...» деган хаёл ила шеърда ўзимни, ҳаёт йўлимни кўрдим ва куйлай кетдим:

Йиллар оша бир ёш ўсарман,

Йўллар оша бир бош ўсарман.

Мен сайр этган гул водийларда

Чечакларга ёндош ўсарман.

Боғлар ўтган, қир ошган йўллар...

Шу ерга  келганда, ўйланиб қолдим. Буни пайқаган зийрак аёлим «Тўхтанг, ана шу жойда авж керак! Шунақанги авж бўлсинки, одамлар сизни қирдан ошганингизга ишонсин! Ишонтиринг! Фараз қилинг, қир ошиб, тоққа чиқяпсиз...» деб ичимдаги топдилар. Сезганимиздек, шеърдаги шу сатрлар қўшиқ авжига кўприк солди.

Ҳар бир инсон учун энг қадрли палла – унинг ёшлиги. Умрингиз донишмандлик фаслига етгани сари «О, ёшлигим, тарк этма мени!» деб ҳайқиргингиз келавераркан. Нормурод Нарзуллаевнинг шу номли шеъри «Ёшлигим» қўшиғига илҳом берган. Ўйлаб қарасам, ҳамма қўшиқларим мавзуси муштарак экан.Уларни дард бирлаштиради. Мен эса кўнгил учун куйлайман...

1966 йилги зилзилада 6 яшар бола эдим. Ҳамма жон сақлаш билан овора. Мен бўлсам, бағримда гитарамни қучганча, ўтирибман. Шу ҳолатим муҳрланган суратим ҳам бор. Гитарага севгим сабаби, у болаликдан менга овунчоқ бўлганлигададир балки.. Гитара юракка яқин ҳолатда ижро қилинганлиги учун ҳам менга бошқа мусиқа чолғу асбобларидан бўлакча азиз. Бугун мени аввалгидан ҳам кўпроқ ўйлантирадиган нарса – дўстлар, яқинлар дийдори, оилам, юртим тинчлиги, инсонлар ўртасидаги оқибат, садоқат ришталари. Қилаётган ижодимнинг ҳарорати аслида шулардан тафт олади.

 Ижодий сафарларим асосан, рок фестивалларидаги иштироким билан боғлиқ. Шундай бўлса-да, миллий куй-қўшиқларимиз, Ватанга бўлган муҳаббатим мен учун  ҳар доим устун туради! Ҳаёт йўлларим санъат ила туташганлиги, мени бахтим! Қайда бўлмай, Тошкентимга муштоқман! Ахир, ҳамма йўллар инсонни Ватанга, ота уйга бошлайди!...

Лобар Қобилова суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг