Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқ банки: тадбиркор ўзидан ўзи пайдо бўлмайди уни яратиш керак (пресс тур таассуротлари)

Халқ банки: тадбиркор ўзидан ўзи пайдо бўлмайди уни яратиш керак (пресс тур таассуротлари)

Халқ банки молиявий кўмагида фаолият юритаётган Наманган ва Андижон вилоятларидаги тадбиркорлик субъектлари билан ОАВ, журналист ва жамоатчилик фаолларини яқиндан таништириш мақсадида 13-14 июнь кунлари ушбу вилоятларга пресс тур ташкил этилди.

Дастлаб пресс-тур доирасида Наманган вилоятида фаолият юритадиган журналистлар, ахборот хизмати вакиллари, жамоатчилик фаоллари ҳамда Халқ банки ходимлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.

«Халқ банкида коммуникация қандай йўлга қўйилган?» журналистлар, жамоатчилик фаоллари учун ташкил этилган семинар тренингдаги навбатдаги мавзу айни шу ҳақда бўлди.

Унда Халқ банки Ахборот хизмати комьюнити менежери йиғилганларга мавзу доирасида батафсил маълумот ва саволларига жавоб берди.

Интерактив усулида ўтказилган тренингда энг эсда қолгани журналистлар ва банк ходимларининг ўрин алмашгани ва саволларга жавоб бергани бўлди. Хўш, сиз журналист бўлганингизда банк ходимига қандай савол берардингиз ёки журналист айтайлик сиз банк ходимисиз мана бу саволга қандай жавобингиз бор қабилида... Айнан мана шу ўрин алмашиш икки томоннинг бир-бирини кўпроқ ҳис қилишига ва камчиликларини англашига катта ёрдам берди.

Илк манзил «Nam Motor Servis» МЧЖ

– Бугунги кунда «Nam Motor Servis» савдо белгиси остида эмалланган сим маҳсулотлари, катта ҳажмдаги  электродвигател ва сув насослари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар Хитой ва Россиядан келтирилган сифатли хомашёдан тайёрланади, – дейди корхона таъсисчиси Бахтиёр Бекмирзаев. – Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 14.5 млн. доллар. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 488 млрд. сўм. Йиллик экспорт ҳажми эса 25 млн. долларни ташкил қилади. Объектнинг эмалланган сим маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг қиймати 10.5 млн доллар бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 200 тонна, йиллик экспорт ҳажми 2 000 тонна.

Катта ҳажмдаги электродвигателлар ва сув насослари йилига 1000 дона ишлаб чиқарилмоқда.  

фото:Nammotors.uz

Объект фаолияти 2007-йилда оддий сув насосларини таъмирлашдан бошланган. Таъсисчининг маълумотларига кўра, дастлаб корхона ўз ишини Халқ банкидан 600 минг доллар, сўнгра 800 минг доллар, 1 миллион доллар кредит олиб бошлаган ва кредитларни ўз вақтида ёпиб янги лойиҳалар учун ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Дарвоқе, бозор учун 20 фоиз улуш қўшаётган ушбу корхонада энергия тежамкорлик даражаси «IE2», яъни халқаро стандартларга жавоб беради.

Оддий баклашкадан махсус мато

Кейинги борадиган жойимиз Халқ банки молиявий кўмагидаги «Best Fiber MChJ»  ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Гарчи бу пресс-тур режасига киритилмаган бўлса-да энг қизиқарли ҳамда фойдали суҳбат ва танишув шу ерда бўлди. Бу ерда ойига 300 тонна баклашка қайта ишлаб, махсус мато яратилади. Йиллик даромади – 10 млрд. сўм. Яратилган ишчи ўрни – 100 га яқин. Корхона таъсисчисининг маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудудида йиғиб келинаётган хом ашё етмаётгани учун ҳаттоки Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан баклашка қабул қилишаяпти ва уни қайта ишлаб яна шу мамлакатларга экспортга жўнатишмоқда экан. Энг қизиғи оддий баклашкадан синтепон, гилам, чойшаблар, ҳаттоки қишки курткалар ишлаб чиқаришмоқда. Тасаввур қилинг ҳар ой 300 тонна баклашка қайта ишланди дегани 300 тонна баклашкадек чириши қийин бўлган чиқинди ер юзини эгаллашининг олди олинди.

Мақсад демак фақат даромад кўриш эмас, мамлакатимиз экологиясини асрашга ҳам салмоқли ҳисса қўшиш.

«Наманган наврўз гуллари» иши гулламоқда

Наманган азалдан гуллар макони. Гуллар фестивалига борганимиз алоҳида мавзу, «Наманган наврўз гуллари» МЧЖга қарашли иссиқхонада етиштирилаётган гуллар ҳам шу фестивалга албатта ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Иссиқхонада 23 хил турдан ортиқ гуллар ва манзарали дарахтлар етиштирилади.

Халқ банкидан фаолиятини кенгайтириш мақсадида олинган молиявий кўмак – 300 млн сўмни ташкил қилади. Майдони дастлаб – 1 сотих, бугунги кунда эса 1 гектарга яқин. Йиллик даромади – 550 млн. сўм. Яратилган ишчи ўрни – 50 га яқин.

–  Сўнги 7 йил мобайнида Халқ банкининг Наманган тумани филиали томонидан 2 та йирик ишлаб чиқариш корхонасидан ташқари 80 киши ишлайдиган трикотаж фабрика, 50 киши ишлайдиган 3 та хусусий шифохона, 15 та ишчи ва 30 дан ортиқ уста-шогирд тизимида ишловчи хизмат кўрсатиш корхонаси ва шу сингари кўплаб хусусий корхоналар ташкил этилди. Эндиги режамиз йил якунига қадар 100 киши ишлайдиган заводни тадбиркор билан билан биргаликда Қашқадарёда ишга тушириш, – дейди Наманган тумани, Тошбулоқ Банк хизматлари маркази раҳбари Адҳамжон Омаллаев.

Ҳамсуҳбатим яна бир фикрни жуда кўп такрорлади: «Тадбиркор ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмайди, уни кашф қилиш, яъни топиш ва йўналтириш керак. Бизнинг Халқ банки Наманган филиалимиз бу масалада ҳар қандай тадбиркорни қўллаб-қувватлашга, уларни яратишга тайёр.»

– «Наврўз» маҳалламизда бирорта тадбиркорлик қилмаётган хонадонни топиш қийин, жуда тадбиркор бўлмасаям ён-атрофидаги мана шундай иссиқхоналарда ишлаб даромад топади, – дейди маҳалла раиси Зокиржон Долимов. – Ҳатто ишонасизми, имконияти чекланган маҳалладошларимиз келади, бизга тадбиркорликни ўргатинг, бошлашимизга ёрдам беринг ёки бирор иш билан банд қилинг, боқиманда бўлиб қолмайлик, деб. Маҳалламизга киришдаги хонадон эгалари ҳам гулчилик билан шуғулланишни бошлади. Аввал уйлари чала қурилган, атрофини бўз билан ўраб ўтирган бўлса, шу гулчиликнинг орқасидан иморатларни чиройли қилиб тиклаб олишди. «Одамларга ма, сенга кредит қани бирор ишни бошла», дейиш эмас, уларга кредитдан қандай фойдаланишни ва ишни қандай йўлга қўйишни эринмай ўргатиш керак. Бу борада Халқ банки доимий ҳамкоримиз.

«Мagna sport» магнитдай ўзига тортади

Халқ банки молиявий кўмагида фаолият кўрсатаётган йирик ишлаб чиқариш объектларидан яна бири Андижоннинг Балиқчи туманидаги  «Мagna sport» МЧЖ. Лойиҳанинг умумий қиймати – 1,5 млн. доллар, йиллик ишлаб чиқариш қуввати – 55 млрд. сўм.

Бу ерда футбол, бокс, кураш, гимнастика ва бошқа спорт турлари учун сунъий чармдан кенг танловда 40 турга яқин маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Дастгоҳларни янгилаш ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган спорт анжомларини ишлаб чиқаришга кўмаклашиш мақсадида корхонага Халқ банкидан 840 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган.

–Хитой ва Покистон спорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи. Мақсадимиз ана шундай етакчилар сафидан жой олиш, – дейди корхона таъсисчиси Жалолиддин Аҳмедов. – Бунга имкониятимиз етарли, сабаби биз улардан кўра жойлашув бўйича Европага яқинроқмиз. Шу мақсадда яқинда Халқ банкидан кредит олдик. Европа стандартларига жавоб берадиган футбол, баскетбол, валейбол тўпларини ишлаб чиқарадиган ускуна сотиб олмоқчимиз. Ва бу маҳсулотларимизни кейинчалик ҳатто Америка, Европага бемалол сота оламиз.

Ҳамсуҳбатимизнинг айтишича, тажриба орттириш учун тез-тез Хитойга бориб туради. Аслида унга бу ота касб. «Унданам олдин дейди, Жалолиддин, бу ҳудудда собиқ СССР даврида спорт анжомлари ишлаб чиқарилган, отам ўша корхонада ишчи бўлган, кейинчалик  корхона ёпилгач уйда кичкинагина тўп тикадиган цех очганмиз».

Ана шу кичкина цех бугун 100 га яқин ишчилари бор корхонага айланган...

Журналист учун мана шундай тренинг ва пресс-турлар жуда муҳим. Сабаби корхоналарга, турли ташкилотларга ташриф асносида жуда кўп янгиликлардан бохабор бўласиз, кейинчалик катта-катта мақолалар учун қаҳрамонлар кашф қиласиз...

 Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг