Муаззам Иброҳимова: «Кўрганларим – қиёмат. Туркияда одамларни зилзила эмас бинолар ўлдирди»
Бир хил инсоннинг ҳатто ўзини кўрмай туриб «гаплашиш» ҳам осон, айниқса, интернет ривожланган замонда. Шундоқ телеграм ёки Facebookдаги саҳифасига кирасан, кузатасан ва кўнглинг кўнглига яқинлашаверади. Асл касби болалар шифокори – психолог Муаззам Иброҳимовани Туркиянинг бошига кулфат тушганида янада яқинроқдан кашф қилдим.
– Болалар ҳақида кўп ёзасиз...
– Ҳа, шифокорликдан ташқари хоббиларим бор: болалар ёзувчиси, блогер. Саккиз йилдан бери Туркия ва турк дунёси журналистлари уюшмасининг Ўзбекистондаги координаториман. Батафсилроқ айтадиган бўлсам бу соҳада анча ишлар қилдик. ЎзЖОКУ, Ўзбекистон санъат ва маданият универститети, Ўзбекистон киноматография агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумларимиз бор.
– Кўнгиллилар сиз учун кимлар?
– Кўнгилли бу – қийин вазиятда кўнгилдан беғараз, беминнат ёрдам бера оладиган инсон. Ҳақиқий кўнгиллилар деганда фақат ҳеч нарсадан қўрқмай, табиий офат ҳудудларида пайдо бўладиган ва ёрдам қўлини чўзадиган одамларгина тушунилмайди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаб, оёғи етмасада етганларга дастак бўлиб, энг муҳими дуо қилиб тургувчи инсонлар ҳам кўнгиллилардир.
– Зилзила пайти Туркияда эдингизми?
– Аслида Туркияга зилзиладан аввалроқ, Туркия ва Турк дунёси журналистлари уюшмасининг таклифи билан бир нечта адабий, маърифий тадбирларда қатнашиш учун борган эдик. Мен билан бирга бир нечта ижодкор аёллар бор эди. «Турон оналари» гуруҳини тузиб, атиги иккитагина тадбирни ўтказа олдик. Охирги тадбиримизда Туркиядаги Ўзбекистон элчихонасидан вакиллар ва Анқарада яшовчи ватандошларимиз ҳам ташриф буюришган эди. Кейин аср фалокати, кичик қиёмат дея аталган зилзилалар рўй берди. Биз ўзимизни йўқотиб қўймай, дарҳол элчихонамиз қошида тўпландик ва консулимиз, Анқарадаги ватандошларимиз билан биргаликда «Тезкор ёрдам координацион марказ»имизни ташкил қилдик. Ҳақиқий «Турон оналари»га айландик. Энг муҳими, 68 ёшли ижодкор онахон Турсуной Мамадалиева ҳам биз билан биргаликда, эртадан шомгача тик оёқда турди. Агар сафдошларинг мард, жасур, ҳалол бўлса ҳар қандай жангга қўрқмай кирасан. Сафдошларим: Фотиҳбек, Дилрух (консул ёрдамчилари), Саидбек, Авазбек, Фазлиддин, Мирзоҳид, Муҳаммаджон, Муҳиддин тоға, Дилафруз, Моҳира, Сабоҳат, Муқаддас, Муқаддам, Муаззам, Вазира, Турсуной хола, Дилноза, Гулноза, Ҳабиба опа... хуллас ҳар бирлари мен учун чинакам фидойи, ҳақиқий қаҳрамонлардир.
– Бошқалар ёрдам жўнатишда меъёр бузилдими ёки ташкилотчилик ўз ўрнига қўйилмадими?
– Меъёр бошида, яъни фожеа кўламидан карахт бўлиб қолган Туркия ҳукумати ўзини англаб олгунга қадар бузилди. Яъни дастлаб ташкилотчилик йўқ эди. Туркиянинг бошқа шаҳарларидан ҳам юк машиналарига орттирилган инсонпарварлик ёрдамлари юборилган. Аксарият машиналар офат ҳудудларига назоратчисиз қўйилган. Йўллар ёрилган, инфраструктурага қаттиқ зарар етгани учун соатбай келишган ҳайдовчиларнинг баъзилари (ҳаммаси эмас!) халқ йиғиб-териб юборган эҳсонини шундоқ кўчага ағдариб ортга қайтган. Натижада нарсалар бетартиб ва талон-торож бўлган. Кимдир меъёридан ортиғини ташиб кетган. Кимларгадир эса мутлақо ёрдам етиб бормаган. Биз айнан ёрдам кирмаган ҳудудларга бориб, халқимиз қилган хайрияни ҳақиқий ҳақдорларга етказдик. Нафақат кийим-кечак, тез айнийдиган товуқ гўшти, колбаса маҳсулотлари ҳам бор эди. Сифати бузилганини халққа бермадик.
– Табиий офатлардан ҳеч ким ҳимояланмаган афсус...
– «АФАД», яъни Туркия фавқулодда вазиятлар марказининг хабарига кўра, шу бугунгача зилзиладан қурбон бўлганлар сони 45089 тага етди, ҳали яна ортиши мумкин. Бундан ташқари, зилзила рўй берган ўн бир маъмурий ҳудудда минглаб бинолар йиқилди, яна ўн минглаб бинолар ёрилди ва яшаб бўлмайдиган ҳолга келди. Жафокаш Шом тупроғида ҳам талофатлар ҳисобсиз. Лекин зилзила ҳудудида вайроналар ичида бўёғи кўчмаган, битта ойнаси синмаган бақувват қурилган иморатларни ҳам кўрдик. Туркларнинг ўзи бир гапни кўп қайтаради: «Зилзила эмас, бино ўлдиради». Дарҳақиқат, қурувчилик нормалари бузилиб, шунчаки қўл учида қурилган иморатлар тобут бўлди қурбонларга. Нурдоғидаги харобаларда девор деб аталган тўкилмани атай ушлаб кўрдим. Кафтимда цемент эмас, бир ҳовуч уқаланиб кетаётган тупроқ, қумни кўриб йиғладим. Инсонларга бу уйларни инсофсизлар миллионларга сотган. Афсус, Ўзбекистонда ҳам пала-партиш қурилишлар кўп. Икки кун аввал очилган ширкатлар ҳам бемалол лицензия олиб кўп қаватли уйлар қурган, қуряпти. Бу машъум кўргилик «откат»лар туфайли бойиган амалдорлар, улар билан ҳамкорлик қилаётган сохта, билимсиз «қурувчи»лар кўзини очсин! Агар имкон бўлганида Нукусда зилзиласиз ағанаган зина «ижодкорлари»дек виждонсизларни Туркияда зилзилада картон қоғоздек тахланган зиналар орасида қолган ва ичак-чавоқлари қора қопларга йиғилган қурбонларни кўрсатган бўлар эдим.
– Кўрганларингиз – қиёмат...
– Мени йиғлатган ҳолатлар кўп бўлди. Аммо юрагимни ларзага солган воқеа ҳодисаларни кўз ёшларгина эмас, инсонларга озгина бўлса-да фойдаси тегадиган ҳикояларга айлантиргим келди. Ўзим суратга олган даҳшатли манзараларнинг ҳар бирининг ўз ҳикояси бор.
Жамоамиз билан амалга оширган яна бир хайрли ишимиз ҳақида айтишни унутибман. 14000га яқин этник ўзбеклар яшайдиган Овакентда зилзила туфайли уйсиз қолган ва яқинлари билан чодирларда яшаётган болажонлар учун «Ўзвакент юлдузлари» деган кундузги оромгоҳ ташкил қилдик. Бунда бизга зилзила оқибатларини бартараф этиш учун борган ҳарбий ўғлонларимиз ва Истанбулдаги Ўзбекистон Консуллиги катта ёрдам беришди. Ҳозир ҳар куни оромгоҳга 300 дан ортиқ болажонлар ташриф буюришмоқда. Аксарият арғимчоқларни болалар билан бирга ясадик. Ҳатто ҳарбий дала госпиталида жароҳат олган болажонлар ҳам, муолажалардан қочиб келишяпти. Консуллигимиз юборган кўнгилли психологлар кичкинтойларга руҳий мадад бериб, ўша даҳшатли кунларнинг хотирасини оз бўлса-да болалар онгидан ўчиришга ҳаракат қилишди.
– Туркияда палов ҳам тарқатдиларингиз...
– Сиз Малатяни биласизми? Хатай, Ғозиантепдаги ширин ошларимизнинг мақтовидан эриб, дуолардан руҳланиб зилзиладан энг кўп талофат кўрган Нурдоғида ҳам «Ош маркази» ташкил қилиш хақида ният қилиб, тўрт киши «разведка»га отландик. Манзилга етиб боргач, юракларимиз ҳасрату доғга тўлиб, тоғлар этагига тўкилиб қолган Нурдоғи билан бирга йиғладик. Уйлари буткул вайрон, ҳар учтадан бири азадор бўлган инсонлар билан кўришар эканман, ўкириб юбормаслик учун аранг ўзимни босиб илжайиб турардим. Чодиркент чодирларга, чодирлар бир-биридан фақир «депремзада» (туркчадан зилзиладан жабр чекканлар) ларга тўла эди.
Раҳбарият билан гаплашсак, юраклари тўлиб, кўзлари намланиб, бутун Ўзбекистон халқини дуо қилиб, Ватанимиз чодирини тиклаш учун тап-тақир ерни кўрсатишди. «Разведка»чиларнинг учтаси жойни ўргангунча, мен чодирларга мўралаб аёллар билан суҳбатлашдим, болажонларга ўйинчоқ, ширинлик, китоблар улашдим...
Ва ниҳоят қозон сўраш учун Баҳриддин Чустийнинг мессенжерига хат йўлладим. Ахир унинг жамоаси ҳам зилзила бўлган ҳудудларда ош тарақатиб юрганди-ку. Хуллас, ярим соат ўтиб, ўтмай ундан қувончли хабар олдим:
«Опа, биз Малатядамиз. Ўн кун бешта қозонда ош дамлаб тарқатдик. Шундан иккитасини сизларга берамиз. Ким келади олгани?»
Қанчалик қувонганимни кўрсангиз эди.
Қозон топилди. Энди уни олиб келиш керак эди. Йўл-йўлакай Чодиркентдаги ҳарбий шароит майли, атрофдаги манзаралардан юрагим тамом бўлганди. Йўлдаги манзаралар кўрганларимиздан ҳам даҳшатлироқ экан. Ўзимизни чалғитиш учун кичикроқ юк машинасида овакентлик икки укам билан ўзбек тилида гаплашиб кетяпмиз. Яъни, эски ўзбек, форс, турк, курд тиллари қоришмаси эди. Барибир тушунса бўлади. Йигитлар жуда манзиратли, хушмуомала экан.
Абдул Қуддуснинг оиласида талофат йўқ, Муҳаммаднинг эса амакиси, янгаси ва уларнинг икки набирасини том босиб қолибди. Қўли рулда, диққати йўлда, аммо юраги яқинларининг доғидан адо бўлган йигит ўз дардини билдирмасликка уриниб, «энг катта талофат барибир Хатайда бўлибди» деб, хўрсиниб қўярди.
Нурдоғидан – Малатяга уч, уч ярим соатлик йўл экан.
Қаҳрамонмарашга кириб борганимизда яна дилим вайрон бўлди. Чунки бу шаҳар жуда қадрдон-да. Кўп марта келганмиз. Ҳов анави тўкилмай, бир текис тизилиб турган кўп қаватли уйларни оила дўстимиз, «Аксай иншоат» эгаси жаноб Меҳмет Сойнинг ширкати қурган.
Хуллас, манзилга етиб бордик Баҳриддин Чустий барибир бошқача-да!
Ваъда қилган иккита қозонга қўшиб, иккита ўчоқ, газ горелкаси, капгир, чўмич, тоғора, бир тўп бўз... хуллас кўпгина нарса бериб хурсанд қилди...
– Сизни кўнгилли сифатида кўрсатувга таклиф қилишганидан хабарим бор...
– Туркиядан Тошкентга қайтишим билан «ЗўрТВ»га аср фалокати деб таърифланаётган даҳшатли зилзила оқибатларига бағишланган кўрсатувга таклиф қилишди. Студияда Сейсмология илмий текшириш институти ва Қурилиш вазирлигидан ҳам вакиллар бор эди. Аввал кўзларимга фақат йиғи келди, у ердаги даҳшатли манзаралар, бутун дунёдан келаётган ёрдамлар ҳақида сўз очдим. Кейин Қурилиш вазирлигидан келган ва фақат қарорлар ва меъёрлар ҳақида гапираётган масъул шахсга биттагина савол бердим:
«Сиз Ўзбекистонда қурилаётган уйлар 100 фоиз зилзилабардош деб, виждонан кафил бўла оласизми?».
Масъул жавоб бера олмади.
Блогер Зафарбек Солижонов ҳам шу саволни қайта бергандан сўнг, антиқа жавоб билан кифояланди:
«Давлат назорати остида қурилган, қурилаётган иморатлар хавфсизлигига кафолат бераман.» Тавба, жавобдан ёқа ушлайди-я одам. Қанча иморатлар қоғозда назоратда, амалда мутлақо назоратсиз қурилаётганидан хабари бормикан бу одамнинг? Икки ой, икки кун олдин очилган, осонгина лицензия сотиб олиб, кўчадан келган ёлланма мардикорлар билан қурилишлар қилаётганлар ҳам давлат назоратидами? Ахир улар молхона, отхона, итхона эмас, одамлар учун уйлар қуришяпди-ку! Умуман олганда, давлат назорати нима? Агар ўша назоратда биттагина саволга жавоб бера олмаган ва кўрсатувдан сўнг аразлаб кетиб қоладиган масъуллар ишласа кимга ишонамиз?
Айнан, ўзим гувоҳи бўлган вайроналар остида қанча инсонлар қолиб кетганини билишармикан? Қанча инсонлар жароҳат олганиничи? Касалхоналарни тўлдириб, ҳамманинг юрагини тешиб ташлаган етимлар сониничи? Ҳали кавлаб олинмаган одамларничи? Бу янги мозорлар юрагимда ҳам пайдо бўлди. Ҳамон ҳали чиқарилмаган мурдалар ҳиди анқиб турган ҳавода яшаётгандайман. Қиёмат қўнғироғидек кўкка ўрлаган фарёдлар ичидаман.
Туркиядаги зилзиладан сўнг бир хулосага келдим: Қонун ва қарорларни кўр-кўрона ёдлаб олгану, амал қилмаган, қурилиш майдончасидан ўғрилик қилиб тўймаган ва бу ҳамма найрангларни жим кузатиб, чора кўрмаётганларни ўлаксахўрларга ўхшатдим. Халқига олдиндан тобут ясаб берган ўлаксахўрлар. Зилзила эмас, айнан улар одамларнинг бошини еди.
– Кўрсатувдан хулоса чиқаришармикан?
– Йўқ, кўрсатувни мазза қилиб кесишибди. Бироқ... Фикрларимни юлиб, юлиб, бир бечора аёлдай кўрсатиб қўйишибди. Кутмагандим. Ачиндим кетган вақтимга. Кўрсатувга офат туфайли қурбон бўлган 41000(ўша кунги маълумот) инсон хотираси учун боргандим. Қурилишларда йўл қўйилган хатолар оқибатини кўрган ва уларни қайтарилмаслигини умид қилган инсон сифатида гапирган эдим. Энди, ҳеч қачон қатнашмайман бундай шоуларга!
– «Бу ерда яна бир уй бор» ҳикоянгиздаги болакай ҳақида
– Узоқ бир тоғ қишлоғига бордик. У ерларда ҳалокатли вайроналар, қурбонлар, жароҳатланганлар йўқ, фақат зилзиладан азият чеккан ўнлаб оилалар кўчиб келишган эди. Бир оз аввал ёнилғи тақчиллигини эшитиб, кўмир юборган эдик. Кейин болаларга совға-саломлар билан ташриф буюрдик. Жабрдийдалар яшаётган ҳовлилар олдига тўхтаб, бир қанча кичкинтойларни хурсанд қилиб, кўнглимиз қишлоқ теграсидаги тоғлардай кўтарилиб, кетишга чоғландик.
Қишлоқдан чиқаверишда машинамизга бошқача бир энтикиш билан термулиб турган, ниманидир айта олмаётган икки нафар мовий этикли болакайни кўриб тўхташга қарор қилдик. Ҳойнаҳой, ўйинчоқ тарқатаётганимизни кўришган. Зилзиладан жабрланган шаҳарликлардан бўлмаганлари учун яқинлаша олмай, йўлимизга чиқиб туришганди.
Улар билан саломлашишга улгурмай, кичкинтойлардан бири орқасидаги харобгина ҳовлига ишора қилди ва шундай деди:
– Бу ерда яна бир уй бор!
Аввал тушунмадим. Кейин тушундим. Болакайлар очиқчасига ўйинчоқ сўрашга уялиб, истакларини шу тарзда баён этиб, диққатимизни тортишганди.
– Сиз шу уйда яшайсизми?
– Ҳа.
Иккаласига битта копток совға қилдик. Хурсандчиликларини кўрсангиз эди.
Худди дунёнинг ҳадясини олгандай бахтиёр эдилар. Лекин қувончлари узоққа чўзилмади. Бир муддатдан сўнг, коптокка бир-бир қараб, хўрсиниб, ўзаро пичирлашиб олгач, айтмаса бўлмас бир гаплари борлиги ва эшитишим, билишим шартдек секин қулоғимга шивирлашди:
– Холажон, аммо бизнинг уйимиз бутун. Фақирмиз, бироқ зилзиладан жабр кўрмадик. Бу совға бизга ҳалол бўладими?
– Албатта ҳалол болам! Мазза қилиб ўйнагин!
– Ростданми. Уйсиз қолган болаларга етмай қолмайдими?
Бошимни қимирлатиб, йўқ ишорасини қиляпману бўғзимга нимадир тиқилаверарди. Ютсам ютилмай, тақалиб қолаверди. Атиги бир дона коптог-а?! Сизларга ким шундай гўзал тарбия берди? Вужудингизга шундай қалбни жойлаган ким? Бўғзимдаги тиқин – қачондир билиб, билмай ютилган, эсимдан ҳам чиқиб кетган, хаёлимга ҳам келмаган ҳаром луқмачалар эди. Қайсидир бемор узатган қўл ҳаққи, кимдир берган совға, шоҳидан узилиб сўроқсиз ейилган мевалар, мен ўқиб қайтаролмаган китоб, мазасини билиш учун олиб чақилган писта, (семичка), қурутлар, довонда узатилган кулчалар, кеча бошим оғриганда ёрдам учун жўнатилган дорилар орасидан олинган биттагина хапдори...
Демак, улар томоғимга тиқилиб қолганди! Қишлоқдан қайтар эканмиз, кўз ёшларимни тия олмасдим. Бугун кимга дуч келдик? Инсон болаларигами? Қани энди, ҳаммамизда шу фақир гўдакларнинг ярим виждони, ярим иймони, яримтагина пок қалби бўлсайди! ...
П/С: Бугунги кун қаҳрамони, довюрак, олижаноб ҳамюртим Муаззам Иброҳимованинг Туркия зилзиласи туфайли кўрган кечирганлари бир китоб бўлгулик. Муаззамдек фидойи инсонлар бугун нафақат ўзимизнинг юртдошларимизга, балки туркияликларга ҳам жуда катта ёрдам берди, мусибатда елкадош бўлди. Аниқки, Ўзбекистонга эсон-омон қайтиб келган ватандошларимиз оиласи бағрида хотиржам ўтиришига Муаззамнинг ҳам катта хизмати бор. Қалби йиғласа-да кўзлари кулиб турадиган Муаззам икки халқ ўртасидаги ришталарни янада қаттиқроқ боғлади – ўзи айтганидек одамлар қалбида ҳаёт ютқизган ердан бошланишини исботлаб беришда давом этмоқда.
Барно Султонова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter