Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зеленскийнинг баёноти бомба портлашидек акс садо берди

Зеленскийнинг баёноти бомба портлашидек акс садо берди

Украина президенти Владимир Зеленский 17 октябрь куни берган баёнот, орадан бир неча кун ўтганига қарамай, ҳали-ҳамон фаол муҳокама қилинмоқда. Россия президенти Владимир Путин бу борада муносабат билдирди. Янглиш талқинлар ортидан Зеленскийнинг ўзи фикрлари юзасидан тушунтириш беришига тўғри келди.

Украина етакчиси Бюрсселда Европа кенгаши мажлиси якунида ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп билан учрашув тафсилотларини очиқлади.

Маълум бўлишича, у сентябрь ойи охирида АҚШда Трамп билан учрашувда Украина ҳимояси учун НАТОга аъзолик муҳим эканини айтган. Зеленский Россия ядро қуролидан воз кечиш эвазига Украина дахлсизлиги кўзда тутилган Будапешт меморандуми талабларига риоя этмаганига ҳам эътибор қаратган.

“Ядро қуролига эга катта мамлакатлар орасида ким жабр кўрди? Ҳаммами? Йўқ, фақат Украина. Ким ўз ядро қуролини қўшқўллаб топширди? Ҳаммами? Йўқ, фақат Украина. Ким бугун жон олиб жон бермоқда? Украина. Шу сабабли ҳам ҳозирги ҳолга тушдик. Мен Дональд Трамп билан суҳбатда унга бундай дедим: “Вазиятдан чиқиш йўли қандай? Ёки Украина ядро қуролига эга бўлади (бу биз учун ҳимоя вазифасини ўтайди), ёки биз бирор иттифоққа аъзо бўлишимиз керак. Айни пайтда НАТОдан бўлак ҳаракатдаги иттифоқни билмаймиз”, – деб баёнот берган Зеленский.

Украина президенти Киев ядро қуролини эмас, балки НАТОга аъзоликни танлаши ҳақида алоҳида таъкидлаганига қарамай, унинг бу баёноти бомба портлашидек кучли акс садо берди. Хусусан, асосан Россия манфаатларини ифодаловчи ОАВда “Украина ядро қуролига эга бўлишга интиляпти” деган мазмунда хабарлар тарқалди.

Зеленский турли талқинларга сабаб бўлган баёнотига изоҳ берди.

“Биз ҳеч қачон ядро қуроли яратишга ҳаракат қилаётганимиз ҳақида гапирмаганмиз. НАТОга аъзоликдан бўлак муқобил йўл йўқлигини айтганмиз, холос”, – деди сиёсатчи НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.

Бу орада баҳсларга сабаб бўлган масалага Россия раҳбари Путин ҳам аралашиб, Москва Киевнинг ядро қуролига эга бўлишига асло йўл қўймаслигини урғулади.

“Бундай таҳдидга Россия Федерацияси тегишли тарзда жавоб беради”, – деди Путин.

Зеленскийнинг изоҳига қўшимча равишда Украина ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот берди.

“Украина Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома халқаро хавфсизлик глобал архитектурасининг пойдевори бўлиб қолади деб ҳисоблайди. Россия босқини давом этаётганига қарамай, Украина Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома талабларига риоя қилишдан чекинмайди ва ядро қуролини тарқатмаслик бўйича халқаро тартибнинг масъул иштирокчиси бўлиб қолади”, – дейилади расмий Киев баёнотида.

Маълумот ўрнида, 1994 йилнинг декабрида Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ташкил қилинган учрашувда Россия, АҚШ ва Буюк Британия етакчилари Украина Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилаётгани муносабати билан унга хавфсизлик кафолати ваъда қилишади.

Украина хавфсизлик кафолати эвазига Совет Иттифоқидан мерос ядро захирасидан воз кечишга, Россия 1900 га яқин ядро каллагини демонтаж қилишига розилик беради. Ўша пайтда Украина ядро қуроли захираси бўйича дунёда учинчи ўринда эди.

Украина Россия Будапешт келишуви талабларини бузган ҳолда 2014 йилда Қримни аннексия қилгани ва мамлакат шарқидаги айрим ҳудудларни босиб олганини танқид қилиб келади. Киев Россия томонидан 2022 йил 24 февраль куни бошланган босқинчилик урушини Будапешт келишувининг такроран бузилиши деб ҳисоблайди.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг