Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги асосий мақсади очиқланди

Исроил танклари Ғарбий Соҳилдаги қочқинлар лагерида. 2025 йил 23 февраль.
Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди – Ғарбий Соҳилда бир ойдан зиёд вақт мобайнида ҳарбий амалиёт олиб бораётган Исроил армияси Тулкарм шаҳридаги қочқинлар лагерини вайрон қилди ва 12 мингдан зиёд кишини яшаш жойини ташлаб чиқишга мажбур этди.
Тулкарм ҳокими Файсал Селаме Исроил армияси ҳужумидан кўзланган мақсад минтақанинг аҳоли таркибини ўзгартириш эканини таъкидлаган. Бу ерда яшовчи минглаб аҳолини мажбурий кўчириш амалиёти ҳам ана шуни тасдиқлайди.
Аввал хабар берганимиздек, Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битимга келишганидан икки кун кейин, 21 январь куни Ғарбий Соҳилда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Ҳужум «аксилтеррор операцияси» дея ниқобланган.
Исроил армияси Ғарбий Соҳилдаги ўнлаб биноларни портлатди. Яҳудий давлати армияси ушбу бинолардан террорчилар фойдаланганини иддао қилган. БМТ эса ҳудудда зўравонлик кучайиб кетганидан хавотир изҳор этган.
Таҳлилчилар Ғазо секторини яшаш учун буткул яроқсиз ҳолга келтирган Исроил армияси эндиликда Ғарбий Соҳилда ана шундай вайронкор амалиёт ўтказаётганини айтмоқда.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бир ойлик ҳарбий амалиёт давомида Ғарбий Соҳилда 61 киши ўлдирилган.
Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» ташкилоти ҳудудда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортганидан огоҳлантирган.
Аввалроқ Исроилнинг радикал қанотга мансуб молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий Соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилганди. Халқаро ҳуқуққа зид бу ташаббус Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар томонидан қораланган.
Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.
Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий Соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.
БМТ ҳам кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.
Сўнгги вақтларда Ғарбий Соҳилда ноқонуний уйларда яшовчи яҳудийлар томонидан фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари ҳам авж олган. Тель-Авив маъмурияти томонидан уларга қурол-аслаҳа тарқатилиши эса қонли фожиаларга сабаб бўлмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни ноқонуний манзилгоҳларда яшовчи ўз фуқароларининг фаластинликларга нисбатан зўравонлигига қарши зарур чоралар кўрмасликда айблайди.
Ғарб давлатлари Исроилдан Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter