Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қарши шаҳри ҳудуди қарийб 8 минг гектарга кенгайтирилади

Қарши шаҳри ҳудуди қарийб 8 минг гектарга кенгайтирилади

Қарши шаҳри кейинги 18 йил ичида Косон, Қарши ва Кўкдала туманлари ҳудудига қараб 7 минг 767 гектарга, яъни қарийб икки баравар кенгаяди. Бу борада Ҳукумат жорий йил 24 февралда Қарши шаҳрининг янги бош режасига доир тегишли қарорини қабул қилган.

Ҳужжатга кўра, Қарши шаҳрининг ҳозирги 8 минг 308,9 гектар ҳудуди 2030 йилнинг охирига қадар (биринчи навбатда) 11 минг 26,8 гектар, 2042 йил якунигача (ҳисоб даврида) эса 16 минг 73,6 гектаргача ўзгаради.

Шу йилларда шаҳар аҳолиси сони 300 минг кишидан мос равишда 400 минг ва 470 минг кишигача кўпайиши кутилмоқда. Уй-жой фонди эса бугунги 3 млн 992,27 минг квадрат метрдан биринчи навбатда 7 млн 200 минг квадрат метр, ҳисоб даврида 10 млн 810 минг квадрат метргача ошиши режа қилинган. Шунда уй-жой билан таъминланиш даражаси бир кишига ўртача 14,1 квадрат метрдан 2030 йилда 18 квадрат метр, 2042 йилда 23 квадрат метргача кўтарилади. Эътиборлиси, шаҳар уй-жой фондининг умумий майдонида 2-3 ва 4-5 қаватли      уйларнинг ҳиссаси кескин камайиб, 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйларнинг ҳиссаси эса, аксинча, ортади, 9 ва 20 қаватли уйлар барпо этилади.

Шу билан бирга, шаҳарда мактабгача таълим ташкилотларининг қуввати ҳозирги 11,8 минг ўриндан биринчи навбатда 22 минг,  ҳисоб даврида 29 минг 140 ўрингача, умумтаълим мактаблари қуввати эса мос равишда 38 минг ўриндан 64 минг ва 74 минг 260 ўрингача ошади. Худди шу тарзда шаҳардаги шифохона  ва поликлиникалар,  дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналари, клублар ва маданият саройлари, театр ва кинотеатрлар, меҳмонхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг ҳам хизмат қамрови кенгаяди.

Шаҳарда магистраль кўчаларнинг узунлиги (ҳозир - 88 километр) 2030 йил охирида 155,35 километр, 2042 йил якунида 291,33 километрни ташкил қилиб, йилига ташиладиган йўловчилар сони  (ҳозир 96 млн нафар) яқин 6 йил ичида 160 млн, 18 йилдан кейин эса 235 млн нафаргача кўпаяди. Муҳандислик ва техник инфратузилма соҳалари (ичимлик суви, газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти, канализация) бўйича ҳам жадал ривожланиш назарда тутилган.

Қаршида экологик муҳитни яхшилаш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш омилларини камайтириш мақсадида экологик талабларга мос равишда умумий фойдаланишдаги кўкаламзор ҳудудлар, майдони ҳисоб даврида 423 гектар, киши бошига 9 квадрат метр (ҳозирги ҳолати - 178,4 гектар ва 6,3 квадрат метр), санитар-ҳимоя ҳудудлар майдони 586,7 гектар, киши бошига 12,48 квадрат метрга (ҳозирги ҳолати - 166,5 гектар ва 5,88 квадрат метр) етказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг