Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Франция 80 йил аввалги жиноятни тан олди

Франция 80 йил аввалги жиноятни тан олди

Франция президенти Эммануэль Макрон француз ҳарбийлари томонидан 1944 йилда амалга оширилган қатлиомни расман тан олди. Бу ҳақда у Сенегал раҳбариятига фожианинг 80 йиллиги муносабати билан йўллаган мактубида гапирган. 

1944 йил 1 декабрда Франция армияси таркибидаги Ғарбий Африка бўлинмасининг (Tirailleurs Sénégalais) 400 га қадар ҳарбий хизматчиси француз аскарлари томонидан қириб ташланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Франция армияси сафида жанг қилган аскарлар ўшанда ваъда қилинган мояна берилмагани сабаб исён кўтарган эди.

Қатлиом Сенегал пойтахти Дакар шаҳри яқинидаги Тиароэ қишлоғида рўй берган.

Президент Макрон 80 йил аввалги ҳодисани ёдга олар экан, фожиа рўй беришига олиб келган сабаб ва оқибатларни ўрганиш муҳимлигини таъкидлаган.

Сенегал президенти Бассиру Диомай Фай Франция раҳбари томонидан қатлиом факти тан олинганини олқишлаб, бу Тиароэ ҳодисалари юзасидан очиқ ва ҳалол мулоқотга йўл очиши, тарихий адолатни қарор топтиришга хизмат қилишини урғулаган.

Расмий Парижнинг тарихий хатосини тан олиши минтақада, хусусан, Сенегал давлатида хорижий компаниялар, жумладан, француз ширкатлари таъсиридан халос бўлиш йўлида ҳаракатлар кучайган даврга тўғри келмоқда. Яқинда бўлиб ўтган сайловда Сенегал президенти этиб сайланган Бассиру Диомай Фай Франция билан алоқаларни қайта кўриш чиқишини айтган.

Франциянинг собиқ мустамлакаси бўлган Сенегалда ҳозир ҳам 350 га яқин француз ҳарбий хизматчиси мавжуд. Янги президент француз ҳарбий базаси ҳам чиқариб юборилишига ишора қилган.

Франциянинг Африкадаги собиқ мустамлакаларига кўра, колониализм даврида содир этилган жиноятлар тан олиниши лозим. Масалан, Жазоир кўп йиллардан буён расмий Париждан мустамлака даврида амалга оширилган жиноятлар учун кечирим сўраш ва товон пули тўлашни талаб қилиб келади. Жазоир халқи, хусусан, 1945 йилнинг 8 май куни минглаб эрксевар миллатдошлари қатл этилгани учун Франция жавоб бериши керак деб ҳисоблайди.

Франция Жазоирда амалга оширган мустамлака сиёсати учун расман кечирим сўрамаган. Ҳатто яқингача бу мамлакатда амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар “жамоат тартибини тиклаш” истилоҳи билан хаспўшланган. Фақат 1999 йилдагина Франция парламенти Жазоирдаги ҳарбий ҳаракатларни “уруш” дея тан олган.

Аввал хабар берганимиздек,  президент Эмманюэль Макрон орадан 60 йил ўтиб, 2021 йил октябрь ойида мамлакат полицияси жазоирликларга нисбатан содир этган ваҳшийликни тан олган ва уни кечириб бўлмас жиноят деб атаган эди. Бунга қадар француз масъуллари қатлиомни тан олишдан бош тортиб келган.

Гап шундаки, 1961 йилнинг 17 октябрь куни Париж полицияси намойишга чиққан жазоирликларни ўққа тутган, ўнлаб тинч намойишчи отилган ва Сена дарёсига ғарқ қилинган. Улар Франциянинг жазоирликларга нисбатан айирмачилик сиёсатига қарши чиққан эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг