«Бунинг охири вой бўлади!..» – Бахтиёр Абдуғафур
Биолог олим ва ёзувчи Бахтиёр Абдуғафур билан суҳбатда отдан тушса-да, эгардан тушгиси келмаётган сиёсатдонлардан тортиб илм-фаннинг «қизил чизиқлар»ига қадар – турли масалалар муҳокама қилинган. Суҳбат «Тафаккур» журналининг 2024 йил 1-сонида «Қўлда чўғ ушлаб» сарлавҳаси билан чоп этилган.
Ўзбек миллати униб-ўсишига ғов бўлган уч омил
– Бахтиёр ака, долғали, доғули бир даврда яшаётирмиз. Мамлакат суверенитетини асраб-авайлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш қўлда чўғ ушлашдек машаққатли вазифага айланган. Курраи арз бўйлаб геосиёсий ўйинларнинг шиддатли тўлқини ёйилмоқда, мустамлакачилик ҳаракати янги шаклу шамойилда қайта бош кўтармоқда. Бундай қалтис паллада Ўзбекистон каби ёш мустақил давлатларда миллий бирлик ҳаёт-мамот аҳамиятига молик бўлмоғи табиийдир.
Сиз «Мадаминбек. Қонли гуллар водийси» романингизда ҳуррият яловини баланд кўтарган боболаримизнинг шарафли мужодаласидан нақл қилгансиз. Романда Мадаминбек қўрбоши лафзида янграган бундай огоҳлантириш бор: «Бошимиз бир бўлмайди, сўзимиз сўзимизга уланмайди. Биз бу ерда ҳақ талашамиз, ихтилоф оловини алангалатамиз, душманларимиз эса бу гулханда исиниб роҳат туяди. Оғир бўлса ҳам бир башорат айтай, ихтилофда эканмиз, бу тўкилган қонлар зое кетар! Шаҳидлар қонининг уволи бошимизни тутар!..» Истиқлолчи бобомизнинг бу хитоби бизни ҳар лаҳза сергак бўлмоққа ундайди. Зотан, бугун ҳам шимолдаги ўлканинг отдан тушса-да, эгардан тушгиси келмаётган сиёсатдонлари тап тортмай суверенитетимизга қарши баёнотлар бермоқда. Тушларида зафар парадини кўраётган ноибу арбобларнинг ўпкасини босиб қўймоққа давлатимиз қодир эканига шубҳа йўқ, аммо каминанинг хавотири жамиятимизнинг «бешинчи колонна» деб аталган қатламидан... Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, «Бизни фалон давлат босиб олса яхши бўларди» дея омиларча фикр юритаётган тоифа ҳамон мавжудлигини кўрасиз. Шўро туз-намагини тотган авлод «гугурт бир тийин» бўлган замонларни қўмсаётгандир-да десангиз, минг таассуфки, улар сафида мустақиллик даври нонини еб вояга етган навқирон авлод вакиллари ҳам талайгина. Демак, мафкура жабҳасида ишларимиз «беш» демоққа ҳали кўп қовун пишиғи бор.
Бундан бир аср аввал «Тилда, фикрда, ишда бирлик» шиорини илгари сурган жадид маърифатпарварлари парокандаликка юз тутган миллатни ғоя, мафкура теграсида жипс этмоққа саъй-кўшиш қилган эди. Кейинги чорак асрда «халқни халқ, миллатни миллат» этадиган мафкурани шакллантирмоққа кўп ва хўб уринишлар бўлди. Аммо «тўқсон икки бовли» ўзбекни ягона муштга айлантиргувчи ғоя ҳали-ҳамон орзулигича қолаётир. Сизнингча, жамиятдаги қутблашувга барҳам берадиган, давлат ва миллатни ялакат мағиздек бирлаштирадиган мафкура қандай бўлиши керак?
– Гапни яқин тарихимиздан бошлай. 1905 йили ёзилган Туркистон мустамлакаcи тўғрисидаги ҳисоботда бундай хулоса қайд этилган: «Биз Туркистонни мустамлака қилдик, лекин император ҳазратлари ва империяга содиқ бўлган бирор мусулмонни тарбиялай олмадик. Шунинг учун ўлкада рус-тузем мактабларини кўпайтиришимиз, яъни Туркистоннинг ёш авлодини ўзимиз тарбияламоғимиз керак!» Мустабид тузум минтақада ҳукмфармолиги барқарор бўлмоғи учун бу тавсияга қатъий амал қилади.
Кейинчалик большевиклар даврида амалга оширилган миллий чегаралаш сиёсатининг асосий мақсади ҳам, назаримда, ўзбек миллатининг оёқ-қўлларини кесиш эди. Чунки айнан ўзбеклар Марказий Осиёда эътиқод ва қадриятлар, маданият ва маърифат бобида кучли этнос, бинобарин, унинг бошқа миллатларга маънавий таъсири катта эди. Большевик ишбошилари ҳам агар вазият табиий ўзанда кечса, 1935 – 40 йилларда ўзбеклар минтақадаги энг йирик ва қудратли этносга айланади деган хулосага келган. Бунинг олдини олмоқ учун миллий чегаралаш сиёсати ўйлаб топилади ва ўзбеклар янги ташкил қилинган республикаларга сочиб юборилади.
Алифбонинг кетма-кет ўзгартирилиши ҳам миллат тақдирида машъум из қолдирди. Бундан кўзланган асосий ғараз халқни кўп асрлик эътиқод ва маънавиятидан узиб қўйиш эди. Шундай бўлди ҳам. Янги алифбода хат таниган авлод минг йиллар давомида шаклланган илмий-маърифий мерос ва қадриятлардан айро тушди. Энди бу авлодни халқнинг ўзи эмас, балки уни тобе этган тузум тарбиялай бошлади. Қизил мафкура халқ онгига нимани истаса шуни сингдирди.
Мана шу уч омил йиллар давомида замонавий ўзбек миллатининг униб-ўсишига ғов бўлди. Рус ҳарбий тарихчиларидан бири ёзади: «Бу халққа Қуръон ва тарихни беракўрманг, акс ҳолда уларни идора этиб бўлмайди!»
Дарҳақиқат, ўзбеклар масаласи мустамлака сиёсати кун тартибидан тушмаган. Халқимиз бошида қатағон қиличи мудом ўйнатиб турилгани сабаби ҳам шу.
Кўпчилигимиз Туркия халқининг ватанпарварлигига, етти ёшдан етмиш ёшгача аҳоли миллий байроқни муқаддас деб билишига ҳавас қиламиз. Бунинг сабаби шуки, қардошларимиз миллат ва давлат тақдири ҳал бўлаётган 1914 йилги Чаноққалъа урушида зафар қозона билди. Қолаверса, Туркия биздан фарқли ўлароқ ўз фарзандларини ўзи тарбиялади.
Яна бир муҳим жиҳатни эслаб ўтиш лозим. Ярим асрдан зиёд давом этган чор мустамлакаси даврида Туркистон халқларида миллий ҳуррият яхлит ғоя даражасига кўтарилмади. Озодлик, истиқлол фақат ойдинларнинг қайғуси, орзу-умидлари эди, холос. Туркистонга босқинчи қадами етиб, уч ўзбек давлати тўлиқ қарам этилган 1851 – 75 йиллардаги авлоднинг ёвқурлиги XX аср бошидаги аҳолига бегона эди. Бу авлод оқподшони ҳукмдор деб танир, унга қарши чиқишни тасаввурига ҳам сиғдира олмас эди.
Эллик йилда эл ўзгаради, деган гап бор. Миллатимиз 1920-йилларга ўзга тасаввур, бошқа зеҳниятда етиб келди. Миллий истиқлолчилик ҳаракати бошланган кезларда жадидлар ва қўрбошилар ҳуррият ғоясини байроқ қилиб чиқди. Улар йўқ қилингач эса бу ғоя халқ онгидан ўчириб ташланди. Бир мустамлакачидан қутулган миллат бошқасига тутилди. Биринчисида ҳартугул эркинликлар бор эди, масалан, дин-диёнат борасида. Православ насронийликнинг этагидан тутган подшоҳ Русияси ислом динини тақиқлаш йўлидан бормади. Шўро Россияси эса даҳрийлик сиёсатини куч билан сингдиришга уринди. Халқнинг асосий эрк-ҳуқуқлари билан бирга унинг эътиқоди ҳам тортиб олинди. Айнан большевиклар даврида асрлар мобайнида башариятнинг гўзал қадриятларини яратган миллат маънавий-руҳий жиҳатдан «стерилизация» қилина бошлади. Даҳшатли қатағонлар авж олди. Ўйлаб қоламан, дунёнинг қай бир мустамлакачи давлати миллионлаб инсонларни ҳам маънан, ҳам жисмонан қатағон қилган экан?..
Жаҳон харитасида мустақил Ўзбекистон давлати пайдо бўлганига ўттиз уч йил бўляпти. Лекин ҳануз машъум мустамлака асоратларидан ўзимизга келолмаяпмиз. Ожиз фикрим шуки, чинакам миллат ўлароқ шаклланмоқ учун, хоҳлаймизми-йўқми, янги авлодни кутишга мажбурмиз. Мен йигирма-ўттиз ёшлилардан кўп нарса кутаман. Чунки бу авлод мустамлака сиёсатидан холи равишда тарбияланди, замонавий дунёнинг талабу шиддатини кўриб улғайди.
«Чиройли лоф-қофдан хунук ҳақиқат яхши»
– Фотимийлар давлати ҳукмдори Муиз даврида Миср заминида зилзила рўй берибди. «Бу – Оллоҳнинг ғазаби» деб иршод қилибди аҳли уламо. Сарой шоири эса «Ер гуноҳу маъсият сабаб силкинмади, билъакс, шоҳимизнинг адолатидан шод бўлиб рақсга тушди» дея байт битибди. Ҳа, эскилар етти бошли аждардан эмас, балки хушомадгўй кимсадан қўрқ, деб бежиз айтмаган. Маддоҳлик, офаринчилик, лаббайгўйлик барча даврларда мамлакат равнақи йўлида улкан ғов бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари ҳам зиёли аҳлини бу иллатдан узоқ бўлишга даъват этаётгани бежиз эмас. Аммо ошкора маддоҳлик, тийиқсиз хушомадгўйликдан ҳеч қутула олмаяпмиз. Бу аҳволда қачон тараққиёт карвони пешқадамлари сафига қўшиламиз? «Чиройли лоф-қофдан хунук ҳақиқат яхши» эканини қачон англаб етамиз? Айрим замондошларимиз хушомадгўйликни қонунан тақиқлашни таклиф қилмоқда. Бошқалари маддоҳларни минбарга яқинлаштирмаслик керак деган фикрда. Бу борада сизнинг ҳам мулоҳазаларингизни билгимиз келди. Ҳужайраларимизга қадар ин қурган иллатга қарши қандай муолажа усулини тавсия этасиз?
– Қонун устувор ва соғлом бозор иқтисодиёти пойдор бўлган жамиятлар, давлатлар тараққий этади. Бунга тарих шоҳид, биринчи дунё мамлакатлари босиб ўтган йўл исбот. Шу икки жиҳат жамиятда сиз айтган қусурнинг авж олишига йўл қўймайди. Фикримни батафсил тушунтирсам.
Барча фуқаролар – амалдору авом қонунга итоат қиладиган, жазодан ҳеч бир жиноятчи қочиб қутула олмайдиган жамиятда талон-торож, ўғрилик, кўзбўямачилик, коррупция кескин камаяди. Бундай жамиятда ақлли ва билимли мутахассисларнинг қадр-қиммати ошади. Кескин ва шиддатли рақобат малакали кадрларни талаб этади-да. Бундай жамиятда давлат идоралари ҳам, хусусий компаниялар ҳам замонавий илм ва кўникмаларга эга мутахассисларни бошга кўтаради. Биринчи дунё мамлакатлари ақл эгаларига кўрсатилган рағбат туфайли тараққиёт чўққисига чиқди. Эътибор беринг, улар технологияларга эмас, ақлларга харидор бўлади. Хўш, биз ақлни сотиб оламизми ёки технология, маҳсулотларни?..
Илм-фан ва билим қадрланган жамиятларда оқилларнинг гапига қулоқ тутилади, минбарлар илмлиларники бўлади. Илғор ғоя ва фикр муносиб рағбатлантирилади.
Қонун устувор бўлмаган, билим қадрланмаган жамиятларда эса илмсиз, лекин хушомаду лаганбардорликни қотирадиганларнинг куни туғади.
Мен бир неча йил хорижда илмий фаолият билан шуғулланиб, жамиятда асосий мезон билим эканига гувоҳ бўлдим. Шунинг учун ҳам уларнинг иқтисодиёти тасаввуримизга сиғмас даражада юксалган.
Жамият бозор талаблари асосида ривожланмас экан, ҳар қанча қонун-қарор қабул қилманг, чекламанг, фойдаси йўқ, барибир чаласаводлар, ўртамиёналар ўзини минбарга ураверади. Бир кунмас бир кун бизнинг жамият ҳам шу йўлга ўтади, қонунлар ва соғлом бозор талабларига тўла-тўкис амал қилинади. Ана шунда ақл соҳибларига эҳтиёж ортади, маддоҳу хушомадгўйларнинг эса бозори касод бўлади.
Мақсад – жамиятни пароканда этиш
– Азал-азалдан ахлоқ, эътиқод инсониятга меҳвар вазифасини ўтаган. Меҳваридан чиққан сайёра ҳалокатга учраганидек, ахлоқ ва эътиқодга терс борган қавм ҳам тубанликка юз тутиши шубҳасиздир. Бугун Иблис ва унинг гумашталари Одам фарзандларини ўз ноғорасига ўйнатиш учун минг бир фитна усулларини ўйлаб топяпти. Илгари ҳатто тилга олмоқ айб саналган иллатларга фазилат тўни кийдирилаётгани, «нокасу ножинс» тоифа сафи тобора кенгаяётгани, тўқликка шўхлик қабилида ҳар турфа даъволар янграётгани соғлом ақл эгаларини хавотирга солмай қўймайди.
Илм-фан, жумладан, биология соҳасида оламшумул ютуқларга эришилаётгани қандай соз, аммо эркинлик ҳавосидан маст бўлган айрим олимлар ахлоқ чегараларини бузаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Одам жинсининг ўзгартирилиши, сунъий уруғлантириш, генларни «таҳрир» қилиш, клонлаш каби тадқиқотларда ахлоқ талабларига риоя этилиши керак эмасми? Умуман, фан ва ахлоқ муносабатига доир хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Дунёда умумбашарий қадриятларни йўқ қилишга уриниш кучайиб боряпти. Ҳолбуки, инсониятнинг бугунгача бўлган маънавий қиёфаси ана шу қадриятларга кўра шаклланган эди. Нимаики инсонга манфаатли бўлса, у қадрият даражасига кўтарилган эди: каттага ҳурмат, кичикка иззат, фарзанд тарбияси, ҳалол луқма, ҳаромдан ҳазар, гуноҳ ва маъсиятдан тийилиш, эркак ва аёл ўртасидаги чегара, инсонийлик... санайверсангиз адоғи йўқ. Энди, мана шу қадриятлар оёқости этилган жамиятни тасаввур қилинг-чи! Бунинг охири вой бўлади, ҳайвонот дунёсига хос «Фақат кучлиларгина яшашга ҳақли!» деган ёввойи қонуният жамиятга кўчади. Бир вақтлар инглиз олими Томас Мальтус ижтимоий дарвинизм ғоясини жамиятга татбиқ этишни таклиф қилмаганмиди?..
Мушоҳада қилиб кўрайлик, нима учун кейинги йилларда анъанавий оила тузилмасига хуруж кескин ортиб кетди? Чунки инсон учун оила маънавий ҳимоя қўрғонидир. Боя санаб ўтилган ахлоқий фазилатлар, ҳалол ва ҳаром мезонлари ҳам айнан оилада шаклланади.
Отага энг катта далда, мотивация нима? Албатта, фарзандлари камолоти. Айниқса, бизнинг мусулмон жамиятларда эркаклар ўзига хос масъулият билан улғаяди. Анъанавий оила тузилмасига қарши иш олиб бораётганлар аввало ана шу маънавий занжирни узиш пайида.
Мақсад – жамиятни пароканда этиш, инсонларни (биологик тилда айтилса – индивидни) ёлғизлатиш, жамиятда тушкунлик ва ёввойи бир кайфият туғдириш. Оила қўрғонини бузиш орқали жинсларни ўзгартириш, бир жинсли никоҳни тарғиб қилиш, пировардида инсонни биологик тур сифатида йўқ қилиш ҳам кўзланган.
Анъанавий оила талаблари классик генетика қонуниятларига таянишини кўпчилик билмаса керак. Ислом дини ҳам шу шартни қўяди. Генетикада соғлом, чидамли, ирсий нуқсонлардан холи насл олиш учун «ота-она» шаклларга (формаларга) асосий эътибор қаратилади. Одамларда ҳам шу: ота-она жисмонан ва руҳан соғлом бўлса, фарзандлар-да шундай камолга етади. Етти пуштнинг суриштирилиши замирида ҳам классик генетика қонунияти ётади. Феъл-атвор, хулқ, тарбия, жисмоний баркамоллик каби ташқи белгилар ирсият илмида фенотип деб аталади. Улар асосида одамларнинг ирсий хусусиятлари (генотип) тадқиқ этилади. Аждодларимиз ана шу икки жиҳатни танлаш, суриштириш орқали жисмонан ва руҳан баркамол авлодлар дунёга келишига замин ҳозирлаган. Шунинг учун ҳам Ислом тамаддуни гуллаган даврларда ҳар жиҳатдан мукаммал инсонлар етишиб чиққан. Яъни анъанавий оила шартлари авлодлар генофонди бойишига хизмат қилади. Генофонди бой миллатлар эса ҳар соҳада ютуқларга эришади.
Кейинги вақтларда ана шу силсилани узиш, анъанавий жамиятларни йўлдан адаштириш ҳаракати авж олди. Оила институтининг бузилиши қандай салбий оқибатларга олиб келганини Ғарб тамаддуни мисолида кўрмоқдамиз. Америкалик сиёсатшунос Патрик Бьюкенен «Ғарбнинг ўлими» китобида хавотир билан ёзганидек, ушбу тамаддунга мансуб мамлакатларда аҳоли шиддат билан камаймоқда.
Илм-фанда ҳам умуминсоний қадриятларни рад этиш яхшиликка олиб бормайди. Ўзини виждонли деб билган фан хизматчиси илм этикасига, олимлик ахлоқига риоя этмоғи шарт. Лекин, минг афсуски, барча олимлар ҳам ахлоқий мезонларга содиқ эмас. Инсоннинг табиатида бойлик орттиришга бўлган тийиқсиз майл бор. Илмни ҳам мол-давлат тўплаш воситаси деб биладиганлар кам эмас. Яна айрим кучлар фан ютуқларидан ҳукуматларга босим ўтказиш, дунё халқларини бошқариш, бозордаги рақобатчиларини сиқиб чиқариш, монополия ўрнатиш мақсадида фойдаланмоқда. Масалан, ирсиятини ўзгартириш орқали «бепушт» қилинган буғдой уруғини сотишдан кўзланган муддао нима эди? Албатта, барчани уни етиштирадиган компанияга қарам қилиш! Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўсимликларни ирсий ўзгартириш авж олганидан 2006 йили Норвегиянинг Шпицберген архипелагида «Бутунжаҳон уруғ омбори» («Охирзамон омборхонаси») қурилди. Бу ерда биологик жиҳатдан соф уруғ намуналари сақланади. Муаммонинг кўламини шундан ҳам билса бўлади.
Назаримда, дунё жар ёқасига келиб қолган: биргина қадам ё нажотга, ё ҳалокатга етаклайди. Нега бу ҳолга тушди инсоният? Ахлоқ-одоб мезонлари, умумбашарий қадриятларга мислсиз хуруж рўй бермаганида эди, олимлар ҳам бу қадар адашиб кетмаган бўларди.
Муштарийларда биолог олимимиз илм-фан тараққиётига қарши экан-ку, деган янглиш фикр туғилмасин. Асло ундай эмас. Таъкидлашни истардимки, чинакам олим ўз тадқиқотининг салбий оқибатларини ҳам кўра олади, «қизил чизиқлар»ни теран англайди. Зеро, илм-фан фақат эзгуликка хизмат қилмоғи лозимлиги ўзгармас ҳақиқатдар.
Янги ғояларни қўшқўллаб бегоналарга топширяпмиз
– Катта маблағ, илғор асбоб-ускуна ва замонавий лабораторияларсиз замонавий фанни равнақ топтириб бўлмаслиги кундек равшан. Бир неча йил аввалги суҳбатда юртимизда салоҳиятли олимлар кўплиги, лекин уларнинг аксари илмий тадқиқот учун моддий-техник база йўқлиги сабаб хорижга равона бўлаётгани ҳақида гапирган эдингиз. Вақт ўтиб, вазият ўзгардими? Талай йил Хитойда илмий фаолият юритиб, 2018 йилда Ватанга қайтдингиз. ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида ишлаб келмоқдасиз. Кўнгилда хориждан қайтганингизга пушаймонлик йўқми?
– Мамлакатимиз илм-фани ҳақида кўп гапирдим, ижтимоий тармоқлар, етакчи сайтларда мақолалар эълон қилдим. Масалан, «Kun.uz» нашри менга бир неча марта минбар берди. Суҳбатларимиздан бири «юқори»гача етиб борибди. Ҳолатни ўргангани институтга келган масъул ходимлар бино ва лабораторияларни кўриб... ҳангу манг бўлиб қолишди: шундай шароитда ҳам олимлар ишламоқдами?! Ўзбекистон Президентининг 2017 йилдаги қарорида биология йўналишида фаолият олиб бораётган институтлар таъмирланиши, моддий-техник базаси яхшиланиши кўзда тутилган, жумладан, институтимизнинг икки биноси таъмирига 5 миллиард сўм ажратилган, бизга номаълум сабабларга кўра бу маблағ етиб келмаётган эди. Нега қарор ижро этилмаяпти, деган масала кўтарилди, «йўл хариталари» тузилди. Ҳисоблаб чиқилса, инфляция сабабли 2017 йилда ажратилган маблағ фақат битта бино таъмирига етаркан, холос. Орадан уч-тўрт йил ўтиб кетган эди-да. Шу тариқа институтнинг битта биноси таъмирланди-ю, иккинчиси қолиб кетди. Давлатимиз раҳбари астойдил ёрдам бермоқчи, лекин айрим масъуллар сабаб ижро ўлда-жўлда...
Илмий лойиҳаларнинг экспертизаси ва молияланиши жараёнини ҳам бир қур кўриб чиқиш керак. Чунки фанда монополиянинг кучайиши депсинишга олиб келади. Бошимдан ўтганини айтиб берай.
2021 йили вазирлик эълон қилган фундаментал лойиҳалар танловига (54-тур) ҳужжат топширдим. У нанобиотехнология бўйича Ўзбекистондаги илк фундаментал лойиҳа бўлиши лозим эди. Экспертлар ташаббусимизни ижобий баҳолаб, вазирлик қошидаги илмий-техник кенгаш муҳокамасига тавсия этди. Қизиғи, нанобиотехнологияга доир лойиҳа ўрмончилик (!) бўйича илмий-техник кенгаш муҳокамасига юборилди. Кенгаш раиси лойиҳа бизга тўғри келмайди, лекин барибир эшитиб кўришимиз, баённома тузишимиз керак, деди бош қашиб. Майли, деб ўрмончилик бўйича илмий-техник кенгашда лойиҳани «ҳимоя» қилдим. Сўнг вазирликдагилар биология илмий-техник кенгашига йўллади. Лойиҳа қайта муҳокама бўлиб, молиялаштиришга тавсия этилди. Қарангки, ўша лойиҳа ҳалигача вазирлик ҳайъатига етиб бормади...
Хориждаги ҳамкасбларнинг шарт-шароитига ҳавас қиламан. Замонавий аниқ фанларда тажриба орқалигина бирор натижага эришиш мумкин. Тажриба учун эса ўта юқори аниқликда ишлайдиган асбоб-ускуналар талаб этилади. Афсуски, уларнинг аксари бизда йўқ. Шу важдан хориждаги ҳамкасбларимизни ҳамкорликка таклиф этишга мажбур бўламиз. Очиқ айтганда, уларни ғояларимизга шерик қиламиз. Ҳолбуки, илмда янги ғоялар бегона кўзлардан яширилади. Биз эса уларни қўшқўллаб бировларга топширяпмиз.
Хулосам пессимистик руҳда бўлса ҳам айтай, яқин келажакда илм-фан ривожи борасида зеҳниятимиз ўзгаришига, айниқса, биз тенги авлод тоғни талқон қилишига ишонмайман. Биз кўп имконларни бой берган олимлар авлодимиз. Шояд, биздан кейингилар ижобий ўзгаришлар қилса...
Инсон ўз виждонидан ҳаё қилмай қўйса...
– Матбуотда чоп этилаётган айрим хабарларни ўқиб юрагингиз орқага тортиб кетади. Ўз пуштикамаридан бўлган зурриётини ўлдираётган оталар, волидасига тиғ кўтараётган фарзандлар... наҳотки шулар бизнинг миллатдошимиз бўлса дея ўйга толасиз. Дунёнинг ҳам ҳоли ҳавас қилгулик эмас: етти иқлимда кечаётган урушларда ҳар куни минглаб-ўн минглаб инсоннинг қони тўкилмоқда. Cиз олим ўлароқ одамнинг суратини, адиб ўлароқ сийратини тадқиқ этасиз. Айтинг-чи, одамзод нега бунчалик ёвузлашиб кетди? Ахир, ақл-заковат юксалгани сари зулм-зўравонлик ортга чекиниши керак эмасми?..
– Масалага кенгроқ қараб, инсон, жамият ва иқтисодиёт омиллари уйғунлигида баҳо берган маъқул. Ўтиш даврида илм ва тарбиядан узилган бир авлод вояга етди. Одамдан гўзал хулқ, фаросат, диёнат олиб қўйилса нима бўлади, ҳайвон кепатаси ғолиб келади-да!..
Қадрияту мезонлар ҳам ўзгариб кетди. Илгари ёшлардан келгусида ким бўлишни хоҳлайсан деб сўралса, яхши ўқиш, яхши касб-кор эгаси бўлиш истагини айтар эди. Мол-давлат ва мақом-мартабага эришиш учун билим ва ҳунар эгаллаш керак, деган фикр зеҳниятда собит эди. Ҳозир эса қандай йўл билан бўлмасин тезроқ бойиш асосий мақсад-муддаога айланди. Кўплаб юртдошларимиз хорижда ишлаб пул жамғаради, қайтиб келиб машина олади, уй-жой қуради. Лекин билим оламан, боламни тарбиялайман деганлар кам!
Яқин-яқингача одамлар ўртасида ишонч кучли эди. Энди-чи? Бир-биримиздан шубҳаланиб, ҳайиқиб қолганмиз.
Илгари бир болага етти маҳалла ота-она, дейиларди. Ҳозир қўшни болага танбеҳ бериб кўринг – ота-онаси, қавму қариндоши енг шимариб етиб келади.
Мактабда ўқитувчининг ҳурмат-иззатини поймол қилдик. Авваллари ўқувчи тугул ота-оналар ҳам ўқитувчи қаршисида қўл қовуштириб турар, устозлик ҳурмати жойига қўйилар эди. Ҳозир эса болаларига «Сен доим ҳақсан!» деб ўргатадиган ота-оналар кўпайган. Табиийки, бундай «ўгит»ни эшитиб вояга етган бола устозини сариқ чақага олмайди.
Оилада билимга, маънавиятга рағбату иштиёқ сусайди. «Маънавият» деган сўзнинг сийқасини чиқариб юбордик, боз устига, бу мўътабар тушунчани ошкора калака қиладиган бўлдик. Бойлик ҳаваси қалбимиздан дин-диёнатни сиқиб чиқарди.
Жамият ҳам инсонга ўхшайди. Инсонда руҳ ва нафс бор, қай бири ғолиб келишига кўра у олқиш ёки қарғиш олади. Нафс ғолиб келган жамиятларга эса асло ҳавас қилиб бўлмайди.
Бугун биз ҳамма ўз фикри, ғоясини мутлақ ҳақиқат деб билган замонда яшамоқдамиз. Аксар ёшлар нимани ўйласа – шуни ҳақ дейди, нимани маҳкам ушласа – шуни тўғри деб билади. Анъаналар, қадриятлар ва эътиқодга қарши бўлганлар ҳам талайгина. Шундай давр келдики, инсон ўз виждонидан ҳаё қилмай қўйди.
Бир даҳрий ҳамма ўзидек даҳрий бўлиши тарафдори, диндор эса ҳаммани ўзи каби диндор бўлишини хоҳлайди. Либералман деган бошқа тоифа дин-диёнатлилар устидан кулади, радикал диндорлар ўзидан бошқа ҳеч кимни тан олмайди. Жамиятда муроса, бағрикенглик йўқолди. Сираси, биз «қадриятлар трансформацияси» давридан талафотсиз ўтолмадик.
Хўш, бу маънавий хасталикларнинг давоси борми? Албатта, бор. Оилада гўзал анъана ва қадриятлар ҳукм суриши, миллий адабиёт ва тарих кенг тарғиб-ташвиқ қилиниши лозим. Ўзбек миллатининг кўркам бўй-басти унинг тарихи ва адабиётида намоён деб биламан.
«Роман яхши ёзилибди, лекин мавзу қалтис, босиб бўлмайди»
– «Тиббиёт менинг рафиқам, адабиёт эса маъшуқам», деган экан умри мобайнида икки соҳани бақамти тутган ҳассос адиб Антон Чехов. Cиз фаннинг мураккаб йўналишлари саналган микробиология ва вирусология соҳасидаги тадқиқотлардан ортиб, насрда ҳам қалам тебратиб келяпсиз. «Мадаминбек. Қонли гуллар водийси», «Султон Жалолиддин Мангуберди», «Узбечка» романлари, яна талай ҳикоялар... бари кўп йиллик заҳматлар, бедор тунлар маҳсули. «Илгари қаламҳақи кўплигидан одамларнинг ҳасадини келтирмаслик учун ундан гап очмас эдим, ҳозир эса қаламҳақи камлигидан одамларнинг раҳмини келтирмаслик учун бу саволдан қочаман», деган эди раҳматли Шароф Бошбеков бир гурунгда. Яшириб нима қилдик, ҳозир ёзувчилик ортидан уч-тўрт танга топиш амримаҳол бўлиб қолди. Қайтага, китоб чиқариш учун тиш ковагида асраганингизни ҳам харжламоққа мажбурсиз. Сизни серташвиш адабиёт оламига қайси шамоллар учирди? Дарвоқе, олимлик ва адиблик бир-бирига «кундошлик» қилмаяптими?
– Бадиий ижод ҳам машаққатли, ҳам ҳузурбахш машғулот. Мен, аввало, яхши олим эмас, яхши ёзувчи деб танишларини истайман. Шу мақсадда меҳнат қиляпман, изланяпман. Ёшим қирқдан ошганда менинг бош йўлим бадиий ижод деган хулосага келдим. Шунинг учун ижодни илмдан устун кўраман. Бу кайфият қалам аҳлига таниш: ичингизда бир дард пайдо бўлиб тинчлик бермайди. Кечинмаларни қоғозга туширганингиздан кейингина енгил тортасиз, эркин нафас оласиз.
Адабиётга ҳали тузук бир ҳикоя ёзмай, «Мадаминбек. Қонли гуллар водийси» романи билан кириб келганман. Қўрбошилар мавзуси ўй-хаёлимни банд этган, аммо ҳали ёзиш кўникмам йўқ эди. 2003 йил январда романнинг дастлабки бобларини ёзмоққа тутиндим. Ўша илк сатрларни ёддан айтиб бера оламан: «Қорга бурканган қабристон сирли, ҳазин сукутга толган. Қўқон хонлари ва мўътабар зотлар хилхонаси Даҳмаи шоҳон устида ғужғон ўйнаётган қарғалар гoҳ-гoҳида хунук қағқағлаб, оғир сукунатни бузади. Икки ҳафтадирки қуёш юзини кўрсатмайди. Изғирин зўрайиб забтига олади, юз-кўзларни ачиштиради...»
Романнинг илк вариантини ёзишга етти йил кетди. Ўқиб кўрсам бинойидек. «Шарқ» нашриётига олиб бордим. «Яхши ёзилибди, лекин мавзу қалтис, босиб бўлмайди», дейишди. Яна икки нашриёт эшигини қоқдим. Ўша гап. Озодлик учун курашган инсонлар ҳақидаги китобни чиқариб бўлмас эмиш! Ишонасизми, роман тўққиз йил босилмади. Лекин бари вақтинча экани, фурсат келиб у дунё юзини кўришига ишончим комил эди. Ижодий изланишни тўхтатмадим. Сиз санаган романлар билан бирга болалар ва ўсмирлар учун «Оламлар кураши», «Алкимёгарлар жанги» қиссаларини ёздим.
2018 йилга келиб, «Академнашр» нашриёти раҳбари Санжар Назарнинг жасорати билан «Мадаминбек...» романи чоп этилди. Кейин тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашр дунё юзини кўрди. Сўнг учинчиси... Шундан кейин ўзимни адабиёт оламининг одами деб ҳис эта бошладим.
Ёзув столига ўтирган кезларим ҳали ғўр, тажрибасиз эдим, кўнглимда ижодга бўлган зўр ҳавас бор эди, холос. Қодирий домла айтганидек, «ҳавасимда жасорат» этдим, қолганини Оллоҳнинг ўзи етказди.
Ҳозир адабиёт бобида фикр-қарашларим ўзгарган. Сўз санъатида нимани ёзишдан кўра нимани ёзмасликни билиш муҳимроқ. Бир неча асар, жумладан, «Жазирама» деган роман бошлаб қўйганман. Тўрт мустақил қиссадан иборат асар воқеалари Бобил минораси даври, Иккинчи жаҳон уруши, ҳозирги кун ва келажакда содир бўлади. Эътиқод, сунъий онг ва биология мавзулари баҳс этилган яна бир асарни тугатиш арафасидаман. Насиб этса, «Амирилашкар» деган роман ҳам ўқувчилар қўлига етиб боради. Хуллас, орзу-ниятлар катта. Янги асарлар ёзиб миллий адабиёт, бадиий тафаккур ва ижтимоий фикр равнақига ҳисса қўшсам дейман.
Собиржон Ёқубов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter