Роналдунинг акаси гиёҳванд эди, уйдан нарсаларни ўғирларди. Криштиану биргина ҳаракати билан уни ажал домидан қутқарди
Криштиану Роналдунинг ҳозирги ҳаёти бойлик ва ҳашамат билан боғлиқ, аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Футболчи камбағал оилада туғилган, отаси алкоголизмдан вафот этган. Бу Роналду учун кучли зарба эди, шунинг учун у спиртли ичимликларни бир умр ёмон кўрган.
«Криштианунинг отаси ичкиликбоз бўлиб қолди ва эрта вафот этиб, уни умидсиз қолдирди», — эслайди футболчининг онаси. — «Криштиану отасини жуда яхши кўрар эди. Унда ёмон одатлар йўқлигининг асосий сабаби ҳам оиламизда содир бўлган ушбу воқеадир. У чекмайди ва ичмайди, унинг бор эътибори фақат футболда».
12 ёшида Роналду Мадейрадан Лиссабонга кўчиб ўтади ва «Спортинг» академиясига қўшилади. Асосий эътиборини футболчилик фаолиятига қаратиб, тезда пул ишлайди ва оиласига ёрдам бера бошлайди.
Унинг акаси Уго билан ўртасида 10 ёш фарқ бор. У ҳам умидли футболчи эди. Роналдунинг болаликдаги дўсти Жоэл Сантос шундай деб эслайди: «Мен Угони ўшанда танимасдим, лекин уни эслаганларнинг ҳаммаси Криштианудан яхшироқ футболчи эканлигини айтишарди».
90-йилларнинг охирларида Уго алкогол ва гиёҳвандликка берилиб кетди, бу унинг карьерасини йўқ қилди. У ўз гиёҳвандлик моддаларини сотиб олиш учун уйидан, қариндошлариникидан нарсалар ўғирларди. Она ўғлини қутқаришга ҳаракат қилди: у Угони даволаш учун фаррош бўлиб иккинчи ишга кирди. Аммо у даволаниб чиққач, яна ёмон одатларга қайтди. «Спортинг» академиясидан укасининг юборган пуллари ҳам ёрдам бермади.
Роналдудан фарқли ўлароқ, Уго ўз туғилган жойида қолди ва ёмон одамлар билан дўстлашди. У спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга берилиб кетди: «Болалигида Криштиану икки опаси билан яқинроқ эди. Чунки мен отамга ўхшаб кетаётгандим. Атрофимдаги йигитлар маҳаллий гиёҳвандлар эди», эслайди Уго.
Роналду «Реал Мадрид»да ўйнаб юрганида, омадсиз акаси сояда эди. У ҳақидаги ҳикоялар 2014 йилда, Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг, Криштиану Угони қаттиқ қучоқлаб олган лаҳзалардан кейин кенг тарқалди.
Маълум бўлишича, улар орасида баҳс бўлган: агар Роналду Чемпионлар лигасида ғалаба қозонса, акаси даволанишни бошлайди ва гиёҳванд моддалар ҳамда спиртли ичимликларни бутунлай тарк этади. Акасини қучоқларкан, Криштиану унга келишувни эслатади ва Уго ваъдасида туради: у укасининг пуллари билан қиммат даволаниш курсини ўтайди, шундан кейин у қайтиб спиртли ичимлик ичмади.
Ака-укалар янада яқинлашишди: Криштиану Угонинг ўғлига чўқинтирган ота бўлди ва акасини Мадриддаги музейига ишга жойлаштирди. «Унинг пуллари Угони сақлаб қолишга ёрдам берганига шубҳа йўқ. Агар Криштиану футболчи бўлмаганида ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди», - дея тан олади Роналдунинг онаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter