Қирғизистонлик боксчи – Мунарбекка 10 млн сом ва автомобил совға қилинди
Париж Олимпиадасининг сўнгги кунларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари диққат марказида бўлган, бокс бўйича -57 кг вазн тоифасида финалда ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халаковга рақиб бўлган қирғизистонлик спортчи Мунарбек Сейитбек ўғли мамлакат расмийлари томонидан тақдирланди.
Қирғизистон ҳукумати, жумладан, олимпиадада кумуш медални қўлга киритган (2 нафар, жумладан, Мунарбек Сейитбек ўғлига ҳам) спортчиларга 10 млн сом (тахминан 117 минг АҚШ доллари) ва KIA автомобили совға қилинган.
Бронза медалини қўлга киритган 4 нафар спортчи эса 7 млн сом (тахминан 82 минг АҚШ доллари) ва KIA автомобили билан тақдирланган.
Шунингдек, Олимпиадада совринли ўринни қўлга киритолмаган иштирокчиларга, иштирокларига қараб 500 минг сомдан 1 млн сомгача ҳамда Chevrolet автомобиллари, мураббий ва тиббий гуруҳдаги ходимларга эса 50 мингдан 6,6 млн сомгача пул мукофотлари берилган.
Шунингдек, Мунарбек Сейитбек ўғлининг Олимпиадага боролмай қолган мураббийси Беганас Султанбаевга ҳам 2,5 млн сом (тахминан 29,3 минг АҚШ доллари) пул мукофоти берилган.
Маълумот учун, Қирғизистонда Олимпиада иштирокчиларига берилган пул мукофотлари солиққа тортилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Мунарбек Сейитбек ўғлига олимпиадада ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилган ва финалда «ким кучли бўлса, ўша ютиши»ни айтиб унга омад тилаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter