Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар

Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар.

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Республикаси Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

«Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни илгари суриш ва уни аниқ мазмун билан бойитишнинг самарали механизмига айланиши лозим бўлган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, форум ва кўргазмалар, кўплаб маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ташриф доирасида Президентларнинг икки мамлакат етакчи компаниялари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтади ва янги кооперация лойиҳаларига старт берилади.

Таъкидланганидек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади.

Давлатимиз раҳбари ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш мақсадида тадбирлар дастури ва бир йилга мўлжалланган Идоралараро мулоқот ва алмашинувлар режасини тайёрлашни таклиф этди.

Бундан ташқари, келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий кооперацияси йили деб эълон қилиш ва 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул қилишга келишиб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва саноат кооперациясининг янги босқичига ўтиш, жумладан, учинчи давлатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми якунлари мамнуният билан қайд этилди: умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу энергетика, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишлардаги кооперация лойиҳаларидир.

Шу маънода, Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида самарали иш олиб бораётгани қайд этилди.

Транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан кўп томонлама асосда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Томонлар авиақатновлар сонини ошириш, ер усти ва ҳаво транспорти бўйича тартиб-таомилларни имкон қадар енгиллаштириш, рақамли ечимларни жорий этишга келишиб олдилар.

Ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2025 йилга мўлжалланган алоҳида Ҳудудлараро ҳамкорлик режаси, икки мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шериклик дастурини қабул қилиш ҳамда навбатдаги Ҳудудлар форумини Қўқон шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва ахборот сиёсати, спорт соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш юзасидан келишувга эришдилар.

Президентларнинг фармонлари билан таниқли маданият арбоблари Фаррух Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлига мамлакатларимиз «Халқ артистлари» унвони берилгани мамнуният билан қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат етакчи университетлари ректорларининг мунтазам учрашувлари механизмини йўлга қўйиш, қўшма медиа форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Ўзаро сайёҳлар оқимини, гуманитар ва бизнес алмашинувларни кўпайтириш мақсадида пойтахтларимизда туризм ва ишбилармонлик мажмуаларини қуриш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Икки томонлама муносабатларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик салоҳиятини чуқур таҳлил қилиш ва юзага чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Йиғилиш якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга қарор қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг