Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

Ёшларнинг овозини ўчира олмайсиз!

Ёшларнинг овозини ўчира олмайсиз!

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Сўнгги пайтларда Ёшлар иттифоқида бир қатор ижобий ўзгаришларни кузатган эдим. Чунки бу ташкилотга «Freshblood» инсонлар кириб келди. Хусусан, Алишер Саъдуллаев ташкилотга келгач, дунёга машҳур ғоялар ва фикрлар тарқатиш платформаси бўлмиш TEDни ташкиллаштирди. Яқин ўтмишда қатағонга учраган жадидларимиз хотирасига ажойиб қисқа метражли фильмлар чиқарилди. Булар, албатта, яхши ютуқлар. Лекин ташкилотда эскича фикрловчи консерваторлар, замон билан ҳамнафас бўлишдан қўрқувчи инсонлар бор экан, у ҳеч қачон оммавий муҳаббат қозона олмайди. Масалан, инсон Европада ё АҚШда ўқиган бўлса ҳам, онгида консерватив қарашлар шаклланган ва бу қарашлар бутун умрга қотиб қолган бўлиши мумкин.

Кеча «Маҳалла» телеканалида узатилган «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатуви эфир тугамасидан узиб қўйилди. Бу кўрсатув — ҳозирги пайтнинг илғор фикрловчи ёшлари, давлат ва жамиятда юз бераётган муаммо ва ўзгаришларни, соҳалардаги ютуқ ва камчиликларни танқидий таҳлил қилиши, уларга альтернатив ечимлар бериши билан ажралиб турар ва айниқса, ёшлар орасида рейтинги баланд эди.

Кўрсатувнинг айни кеча узиб қўйилган сони, Ёшлар иттифоқининг ўтган икки йил давомидаги фаолиятига доир танқидий ёндошилган қисми эди. Эфирни эса ўртасидан узиб, қанақадур спектакль улаб юборишибди. (Кулгили-а? Спектакль... Рамзий...) Ушбу кўрсатувнинг тайёрланишида бевосита иштирок этувчи инсоннинг айтишича, МТРКга «юқори»дан, айнан Ёшлар Иттифоқининг тепароқ, совуқроқ чўққиларидан қўнғироқ бўлган экан. Ўша қўнғироқдан кейин кўрсатув эфирдан узилган, ҳаттоки эртаси куни қайта берилиши керак бўлган эфир сеткасидан ҳам олиб ташланган дейилмоқда. Қизиқ томони, кўрсатув ёзиб олинган форматда кетган, тўғридан-тўғри эмас эди. Демак, телевидение раҳбариятининг камида кўрсатув мазмуни ҳақида хабари бўлган. Аммо қандайдур «қудратли» одамнинг қўнғироғидан кейин унинг умрига якун ясалган.

Мана шу ерига келганда ўйланиб қоламан, Ёшлар Иттифоқида ҳозир асосан кимлар ишлаяпти? Асосан ўша-ўша эски таркиб, янгиликлардан, ўзгача фикрлардан худди қуёш нуридан қочган «вампир» каби ҳуркувчи, эркин ташаббусга эга бўлмаган инсонлар. Юраклари юмшаб кетган, оловсиз, фақат шеър ва қўшиқ айтиб юрагини тутатиб туришдан ёшларга фойда бўлади деб ўйлайдиган, «юксак маънавият» йилларида, ура-ура остида инсон сифатида шаклланган аксар йўқотилган авлод вакиллари... Умрининг энг ширин лаҳзаларини ўтказаётган икки ёшни, тўйи куни таксига чиқариб юборган ва буни «қаҳрамонлик» деб ҳисоблаган бошлиқ...

Биласизми, бу воқеада энг ачинарлиси нима? Ўша кечаги кўрсатувда қатнашиб, фикр билдираётган инсонлар ҳам — ёшлар эди... Улар ҳам ўз дардларини, ўзлари ва атрофдаги ёшларни қийнаётган реал муаммоларни гапириб чиққан ҳозирги куннинг илғор йигитлари эди. Ёшлар иттифоқи бу кенг фикрли, аммо ташкилот сиёсатидан норози ёшларни қийнаётган масалаларни сабр билан эшитиши, талаб ва таклифларини мониторинг қилиб, шунга қараб ишларида ўзгаришлар қилишлари керакмасмиди?

Нима учун бизда ёшларни фақатгина бир қолипга солишга уринаверишади? Умрида мақом ёки миллий эстрада эшитмаган, оғир рок ёки рэп қўшиқлар тинглаб юрса ва шунга мос кийинса-да, IQ даражаси жуда юқори бўлган, дунёнинг манаман деган университетларида илмий ишлар қилаётган ўзбек ёшларини биламан. Сизлар учун эса улар шунчаки «Уюшмаган ёшлар» ёки «Оммавий маданият қурбонлари» деган ёрлиқларда намоён бўлишади. Нима учун сизлар каби фикрламайдиганларнинг қўлидан микрофонни юлиб олдингиз? Овозини қўлингиз билан бўғиб тўсиб қўймоқчи бўласиз? Бир нарсани тушунинг, ғоялар ва фикрлар учун овоз, тил шарт эмас. Буларни ҳаммаси онгда ва сиз ҳеч қачон, ҳеч қандай техника билан уни тўса олмайсиз!

Назаримда ташкилотни тубдан ислоҳ қилиш даври аллақачон келган. Мисол учун, Алишер Саъдуллаев ёш бўлса-да, Таълим вазирлигида ҳам, Ёшлар иттифоқида ҳам ўзини кўрсата олди. Бир инсоннинг тиришишлари билан ҳеч нарса глобал ўзгармаслигини мен ўз тарихимдан яхши биламан. Ўйлайманки, мана шу йигит танқидни ҳам чин дилидан самимий қабул қила оладиган, замонавий фикрловчи инсон сифатида раҳбарликка тайёр бўлди. Унинг имиджи ҳам халқ олдида жуда яхши. Бу ташкилотга асосий негативни олиб келаётган раҳбарлар алмашмас экан, ҳеч қачон халқ меҳри қайтмайди. Бўшатинг даврани ёшларга! Ҳа, биз камроқ куйлак йиртганмиз, ҳа биз шошқалоқмиз, лекин замон ҳам шиддат билан кетяпти. Замон илғор фикрли, ёшларни ичидан бевосита тушунадиган ва улар орасида юрган ёшларники. Сизни эса биз фақат такси воқеаси, журналист Азиз Қаршиевга қарши уюштирилгин сунъий интернет буллинг, шоира қизга соябон ушлаб турганингиз ва бир қизга товуқ берганингиз билангина биламиз, бошқасини эслай олмадик, узр... 

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг