Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

Суриялик болани асраб олмоқчи бўлдим. Онаси эса...

Суриялик болани асраб олмоқчи бўлдим. Онаси эса...

Фото: t.me/nurbekalimov

Истанбул. Тун. Тақсим майдони. Ушбу не не воқеаларнинг гувоҳи бўлган қадимий кўчалар аро сайр қилар эканман, жуда кўп нарсалар гувоҳи бўлдим. Бу ерда контраст дунё жамолини кўришинг мумкин, бир чеккада суриялик қочқин она қўлида боласи билан йиғлаб тиланчилик қилиб ўтирган бўлса, бир томонда «олтин авлод ёшлари» пулни кўкка совуриб ўйин кулгу қилишади...

Бошқа бир томонда эса яна бир аёл ўзининг 4 нафар фарзанди билан сув сотиб ўтирибди. Бориб, қизиқиб гаплашиб ўтирдим. Улар ҳам Суриядан келган қочқинлар экан. Уруш — номинг ўчсин... Инсонларни дарбадар қилган, ватангадо қилган уруш — сенинг номинг ўчсин дунёдан...

Болаларда мунгли нигоҳ. Ҳа, улар араб боласи, ўзбек эмас, аммо болаларнинг кўзида миллат акс этмайди, уларда ё қайғу ёки хурсандчиликни кўриш мумкин. Ҳаттоки уларнинг кўзларидаги қайғу ҳам соф, тоза нигоҳлар ичра яққол акс этади. Опа билан гаплашдим, эри касал экан, бир қарашда тиланчилик қилиб ўтирганга ўхшаб кўринса-да, у тиланчилик қилмаётган эди, ярим литрли бир блок сувни сотиб ўтиришибди.

Ёнларига ўтирдим. Болалардан энг кичиги — Робия коляскада ширин ухлаяпти. Ўзимнинг қизим тенги 4 ёшли Муҳаммад исмли ўғил бола билан гаплашдим, уни бағримга босдим. Руҳлантирувчи гаплар айтдим, аммо у мени тушундими-йўқми билмайман. Шунда, умуман ўйламасдан, опадан фарзандларидан бирини менга беришини сўрадим. Ўша пайтда мен қанчалик прагматик бўлишимга қарамай, оқибати, келажаги, Ўзбекистонга олиб кетиш қийинчиликлари, уйимда онам мени бу бола билан қандай кутиб олиши, хуллас абсолют ҳеч нарса ҳақида ўйламасдан, шу таклифни айтдим. Она эса буюк зот эди...

Шунча саргардонлик, шунча хорлик ва очлик остида ҳам у боласини дерди. «Кўзимни сўра, юлиб берай, аммо боламни бера олмайман» деди... Кўзларимда ёш эди, болани бағримдан қўйиб юборгим келмасди. Ҳатто, тинч ва осойишта ватанимда, боласини сариқ чақа учун сотиб юбораётган, тириклайин ариққа оқизвораётганлар ҳам одамлар эдику, деб ўйлаб қолдим...

Уларга эҳсонимизни бериб, узоқлашар эканман, юрагимнинг ярими улар билан қолиб кетганини ҳис қилдим, бугун тушимга ўша бола кирди... Ҳозир қаердасан Муҳаммад... Қорнинг тўқми болам...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг