Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Йўқотиш... ҳадя қилмоқ дегани

Йўқотиш... ҳадя қилмоқ дегани

Уй таъмиридан сўнг чиқиндига қўшиб янги қандил солинган қутини ҳам ташлаб юборибман. Уйга келгач, хатоимни тушундим ва дарҳол орқага қайтдим. Ахлатхонада бир кампир қутини топиб олганди, унинг ичидаги ажойиб қандилни кўриб қўлларини кўксида бирлаштирди ва юзида шодлик акс этди. У топилмасидан мамнун эди. Мен ортга қайтдим. «Бу меники, беринг!» дегани уялдим..

Қандил қимматбаҳо эмасди. Аммо ғаройиб эди. Сўнгра мен бошқасини сотиб олдим...

Яна бошқа куни – қишлоққа борганимда – дўконга киришда эллик минг сўмлик пулни тушириб қўйдим. Шу заҳоти ортга қайтдим. Дўкон олдида бир кекса киши қўлида эллик минг сўмлик қоғоз пулни ушлаганча, осмонга боқиб бир нималарни пичирлаб турарди. Шукур айтмоқда эди.

Ва мен секин ўз йўлимда давом этдим.

У пул менга керак эди...  Аммо у энди меники эмас эди...

Мен, менга юборилган башоратни тушундим. Агар бирор нарсангизни йўқотиб қўйган бўлсангиз ва тополмасангиз, балки бу кимнидир қутқаргандир. Умидланишига нажот бергандир. Ёки биздан кўра топиб олганни  хурсанд қилгандир.

Эҳтиёжманд одамларнинг  мушкули осонлашса биз кейин ундан яхшироғига эга бўламиз. Сотиб оламиз, ишлаб топамиз ёки бўлмаса бизга шунчаки беришади.

Йўқотиш бу – бериш ҳам демак. Қурбон этиш!

Албатта, ташвишга ҳам тушасиз. Бу рост.

Балки ҳаётимизда йўқотган инсонларимиз ҳам биздан сўнг бахтли бўлгандир? Ҳозир? Худо ёрлақагандир ёки севганлари даврасидадир, эҳтимол?..

Унгача эса, бизга оид бўлганларнинг қадрига етмоқ – муҳимларнинг муҳими шу!

Сабоҳат Раҳмоннинг facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг