Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўгай болаларга «ўз» бўлган она...

Ўгай болаларга «ўз» бўлган она...

«Дамас»да ўқувчи бор, тўхтатинг»
мақоласидан сўнг...

Шу куни уйга хомуш қайтдим. Ишдан чарчамаганману, аммо, бўлиб ўтган воқеа бутун танамни эзарди. Ҳарчанд уриниб, хотирамнинг энг кичик «сим»ларигача титкиламай, ўқитувчимнинг исми шарифини эслолмадим. Хотирам 70 ёшдан ошган ўқитувчимдек ҳам эмаслигидан бироз асабийлашдим ҳам... 

– Ассалому алайкум, муаллимжон! (одатда бизга синф раҳбарлик қилган холамни ҳалигача шундай атайман)

– Ваалайкум ассалом, «муаллимжон» деган тилларингдан айланай, яхшимисан, жиян! - муаллимжон холам ишга берилиб, кўринмаётганимдан, қишлоққаям тез-тез бормаётганимдан нолиб қўйди. Мен  у кишига бир неча кун олдин биология фани ўқитувчиси билан бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердим. Лекин ҳали-ҳануз исми шарифини эслолмай ҳалак эканимни айдим.

– Эҳҳ, демак, Очиловани кўрибсан-да, Мубошира... - деди муаллимжон холам.

Шу топ хотирам «сим»чалари «чарсиллаб» очилди.

– Ҳа, ҳа, ҳа, шу киши, шу киши, эсладим, муаллимжон, эсладим, - дедим ҳаяжонланиб.

– Э-э, сени қара-ю, бор, кундалигингни олиб кел, «2» баҳо қўйиб бераман, - деди муаллимжон холам ҳазиллашиб.

Менга муаллимжон холам исмини эслолмаган ўқитувчимиз Мубошира Очилованинг мактабни битириб кетганимиздан кейинги тақдири ҳақида сўзлаб берди. Беихтиёр кўзларим ёшланди, ич-этим титради.

– Биз ҳам шундан кейин кўрганимиз йўқ. Аммо, нари-беридан ҳамкасбимиз ҳақида гоҳ-гоҳда қулоғимизга чалиниб туради. Йўқлаб бораман, деяпсан, яша! Бизнинг ҳам саломимизни етказиб қўй! - деди муаллимжон холам телефон орқали узоқ суҳбатдан сўнг хайрлашар экан.

***

Ўқитувчилар байрами куни қўлимга биология фани ўқитувчимизнинг телефон рақами ёзилган қоғозни олдим. Телефон қилишга чоғландим. Йўқ, тўхтадим. Қайси туманнинг қайси маҳалласи, қайси қишлоғида яшашини биламан-ку, қўнғироқ қилишга ҳожат йўқ. «Сизникига боряпман» деб анча ташвишга қўйишим мумкин, дея ўйладим. Энг чиройли гулдаста ва энг хушбўй атир, ширинликлар олиб, ўқитувчим манзили сари ошиқдим.

Чанг, шағал ташланган бўлса-да, ўнқир-чўнқир қишлоқ йўллари оша ўқитувимнинг уйига етиб келдим.

... Унинг хонадони қаршисидаман. Шифтсиз том. Деворлари тўкилган. Эски ёғоч дарвоза. Бир устуни қийшайган. Юрагим алланечук бўлиб кетди. Дарвозанинг очиқ табақасини тақиллатдим. Ҳеч ким чиқавермади. Секин ичкарига одимладим.

– Устоз! - дедим илдамлаб.

– Кел, кел, қизим, - қумтупроқли супадан ногиронлик аравачасини зўрға судраган кўйи менга томон бир киши келарди.

Муаллимжон холамнинг: «Бир неча йил олдин Мубоширанинг турмуш ўртоғи автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолган, дейишганини эшитгандим», - деган гапини эсладим.

– Ассалому алайкум, Носир тоға сизмисиз? - сўрашдим кулиб.

– Ҳа, менман, болам, журналист қиз сен бўлсанг керак-а?

...

Ҳовли оддийгина бўлса ҳам шинам, тоза. Кафтдеккина ерга райҳону чинни, сапсаргуллар файз бағишлаб турибди. Шу боғ ичида чоғроққина сўрида кўрпачалар тўшалган. Ҳу-ув, нарироқда ўчоқ ва тандир. Янгигина ўт ёқилган, шекилли, тандирдан билинар-билинмас тутун чиқяпти. Боғдаги гуллар ва тандир тутуни иси қўшилишиб беихтиёр болаликни ёдга солади.

– Бай-бай-бай, мазаку-а, юракка яқин ифор... - дейман Носир тоғага.

– Вуйй, сени кўргандан буён ҳар кун сўрайди. Бир хурсанд бўлар экан-да. Онаси, ҳоо-о-ов, онаси, чиқ буёққа, ўқувчинг келди!

Эгнида бармоқларининг учигача ёпиб турган енгли кўйлак, бошига дурра қилиб ташланган оппоқ рўмолини силкитганча, ичкари уйдан чиққан бувижон-устоз оёғига ковушини илиб-илмай, мен томонга отилди. Бағирлашдик. Кўришдик.

– Байрамингиз муборак бўлсин, устоз!

Ўқитувчим раҳмат айтиб, худди ботиб кетгудек бир даста гулни маҳкам бағирлаб олган кўйи мени ичкарига таклиф қилди.

– Шу ерда ўтирайлик, устоз, қаранг, ҳавоси қандай ажойиб...

Ўқитувчим мени қўярга жой тополмас, хурсандчиликдан ўзини тўхтата олмасди. Гулдастани сўри устига қўйди-да, тандир четида турган банкага сув тўлдириб келди. Гулдастани банкага солди. Сўнг пилдираб бориб, бир пасда кўча ариқдан челакда сув тўлдириб келди. Қўлидан челакни олиб, боғдаги чинни, райҳонлар устига сув сепдим. Қўшнига келин бўлиб тушган қизини чақирди. Кўз очиб юмгунча вақтда дастурхон неъматларга тўлди. Невараларию куёвлари келишди. Қуда-андалари келишди. Қишлоқнинг шуниси ажойиб-да. Кимнинг хонадонига бир меҳмон келса, мезбон қариндош-уруғларию, қўни-қўшниларниям тўплаб, дастурхон тузашади. Суҳбатлар қизийди.

– Эрталаб қизим нон ёпиб бериб кетганди. Тандир чўғига картошка ва шолғом ташлагандим. Ҳализамон пишиб қолади, - деди ўқитувчим.

Дастурхон устида тортилган неъмат борки, ҳаммаси хонадонда тайёрланган. Гилос шарбати, олмали мураббо, мева-чева, қаймоқ, чакка, сариёғ, нон, патир, исмалоқ сомса, қовоқ бичак, эҳ-ҳе-е... Худди ўзимни болаликдаги қишлоқ ҳовлиси, оила даврасидагидек ҳис қилдим. Бир гапириб, ўн куладиган қишлоқ одамлари, меҳмон келса, даврага яқинлашмай, эшикдан ийманиб пойлайдиган болалари, «келинг, ўтиринг, бўлди» дейишингизга қарамай, ўчоқбошида куймаланиб, хил-хил овқатлар пишириб келадиган келину янгалари...

Ҳамма-ҳаммаси гўзал ва бетакрор...

Кун пешиндан оғди. Ҳамма уй-уйига тарқалди. Носир тоға аравачасини ҳайдаб, ариқбўйига кетди. Устоз ва мен қолдик.

– Мени кўп излаганингизни айтгандингиз, устоз?! - сўз очдим секин.

– Ҳа, болам, кўп изладим. Сени топдим ҳам, аммо жинургур касалим яна қўзиб, олдингга боришга хижолат чекдим, - устоз шундай дея бармоқларини учигача енги билан беркитилган қўлларини яширишга уринарди.

Бу қўлларингиз тилло қадар... - устознинг қўлларидан секин ушладим, сийладим-сийпадим. – Нега хижолат чекасиз, Аллоҳ берган хасталик, ўзи шифосини беради...

***

1987 йилда биз таҳсил олган Ромитан туманидаги мактабга янги ўқитувчининг келгани ҳаммамизни хурсанд қилганди. Айниқса, унинг жуда чиройли, хушчақчақ экани бизни қувонтирарди. Фанни оддий ва қизиқарли тушунтирарди. Мен унинг ортидан қолмас: дарс соатларида журнал ва дафтарларини кўтариб юрардим. Ҳатто, сумкачасини ҳам елкамга осиб олардим. Қайси синфдошим шу ўқитувчининг фанидан ўзлаштириб келмаса, устоздан олдин ўзим унинг таъзирини берардим. Онам тушлигим учун берган қанд-қурс, туршак ва майизлардан устозгаям илинардим. Устоз «ўзинг е»ласаям, қўярда-қўймай берардим. Ўқувчилик қизиқ экан-да, шу орқали устозни яхши кўришимизни билдирардик, гўё.

Бир куни дарсга киришга қўнғироқ чалингач, эшик секин чертилди. Биринчи партада ўтирганим учун югуриб чиқдим. Эшик ортида ўқитувчим. Устознинг кўзлари кўкарган. Чап қўли елкасига боғланган. Хомуш ва тушкун.

– Синфга дарсга кириш ноқулай. Юқори синф ўқувчисисизлар, ахир, - хўрсинган кўйи сўзлади ўқитувчим.

– Тушундим, устоз, дарс соатини ўрнингизга ўзим ўтиб, вазифалар бераман. Сизни бошингиз оғриганини айтаман, - дедим.

Билинар-билинмас кулимсираган кўйи қўлидаги кўргазмали қуролларни менга топшириб, ўзи ортга қайтди.

Мени синфдошлар «ўўўўўў...устоз» деб қаршилашди кулиб.

– Ҳа, - дедим хомуш.

Дарсга оид кўргазмани доскага илар эканман, синфошларимиздан бири:

– Яна урибдими? Жонга тегди шу ўқитувчимизнинг эри. Нима, ахир, шунчаки қараб турамизми, яхши кўрган устозимизнинг эрини калтаклашини кўра била туриб. Ёш бола эмасмиз! - деди жаҳлланиб.

Синфда муҳокама бошланиб кетди.

– Жи-им! Бўлди..! - сўзладим овозимни баландлатиб, кўрсаткич таёқни доскага «тўқ-тўқ» уриб. – Катталар ўзлари ҳал қилишади. Бизга эса ўқитувчимиздан талаб: фанни яхши ўзлаштириш ва яхши ўқиш, йўқликларини сездирмаслик.

Синфга сукунат чўкди. Бироздан сўнг ҳамма ўзини қўлга олди. Бугунги дарс соатини китобдан ўқиб бердим. Савол-жавоблар қилдик. Синфдошларнинг бири қўйиб, бири қўл кўтарар, ҳаммаси яхши жавоб беришга ҳаракат қиларди. Хуллас, биология фанидан «ўқитувчисиз» дарс соатлари кўпаядиган бўлганди...

Орадан ойлар ўтди. Баҳор тугаб, ёз келди. Ёз тугаб, куз – янги ўқув йили бошланди. Яна анча катта бўлганмиз, улғайганмиз. Аммо, ҳамонки, биология фани ўқитувчимиз ҳали кўкарган, ҳали синган кўйи мактабга қатнарди. Кунларнинг бирида хунук хабар эшитиб қолдик.

– Устоз Очилованинг эри уйланибди. Уйига бошқа хотин ҳам олиб келибди. Ҳозир ўқитувчимиз ҳам кундошига, ҳам унинг ортидан эргаштириб келган ўғлига қараётган экан. Етмаганига эридан доим калтак еб, оилада қулдек бўлиб қолган экан, - деди синфдошимиз Ҳотамбек асабийлашиб.

– Мен сенларга ўтган йил айтгандим, бориб, устознинг эрини таъзирини бериб келайлик, деб. Ҳамманг томошабин бўлиб ўтирдиларинг! - сўзлади Барот.

– Устоз менинг қўшним бўладилар. Бечора ўқитувчимизнинг ота-онасиям йўқ-да, тарафини оладиган. Ака-укалариям неча марта аралашишди, бефойда. 5 йилдан бери фарзанд кўришмаётгани учун оилада шунақа азоб беришяпти экан. Устознинг ўзиям ота-онам йўқ ҳовлига қайтиб кетсам, ака-укаю янга-келинлар ёнига сиғинди бўлиб қоламанми, деб калтакларга чидаб келаётган экан, - йиғламсираб сўзлади синфдошимиз Бахтигул.

Ҳамма синфдошлар ўқитувчимиз қанчалар оғир дамларни бошидан ўтказаётганини ҳис қилгандек жимиб қолдик. Нечоғли қайғурмайлик, устознинг оилавий ҳаётига ҳеч қандай аралаша олмаслигимизни англаб етгандик...

Кунлар шу зайл ўтарди. Биз ҳам, бошқалар ҳам, мактаб маъмурияти ҳам устоз Очилованинг «кўкариб» келишларига кўндик. Ҳатто, ўзиям шу кўйи дарс соатларини ўтишдан тортинмай қолди.

– Эрта-индин мактабниям тугатасизлар, Лайло қиз, юр, «совхоз» марказига бориб, сомсахўрлик қиламиз, - деди бир куни устоз мен у билан бирга сумкачасини елкамга илиб мактаб залидан ташқарига чиқар эканмиз.

– Хў-ўп! - дедим.

Ўқитувчим йўлбўйи бир нечта дўконларга кириб, болалар кийимларини харид қилди. «Кимга?» деб сўрамадим, чунки билардим: кундошининг ўзи билан олиб келган ўғлию, унинг янги туққан қизига атаб кийим-кечаклар олаётганини.

– Гуллола қизимга ярашса кераг-а, қара, қанақа чиройли кўйлакча экан,-деди устоз яна бир болалар кийимини олар экан.

– Ҳа, - дедим кўзлари ёниб турган устозга қараб.

Икки сумка болалар кийим-кечаклари ва ўйинчоқларини харид қилган устоз билан сомсахонага кирдик. Бугун негадир ўқитувчим хурсанд ва кайфияти яхши эди.

– Аминбекнинг туғилган куни (ўқитувчим кундошининг ўзи билан олиб келган ўғли ҳақида сўзларди) у бугун беш ёшга тўлади. Шу сомсалардан уйга ҳам кўпроқ олиб кетаман. Кейин  торт ва ширинликлар ҳам олишим керак, - чеҳраси очилиб сўзлади.

Бир тишлам сомсани тишлар-тишламас, кўзларида ёш кўринди.

– Йиғламанг, устоз!

– Ҳовлига киришга юрагим безиллаб қолган. Эримнигина эмас, кундошимнинг ҳам турткиларидан чарчаб кетдим. У ҳовлида хотинманми, чўриманми, билмайман. Ота-онамнинг уйига қайтиб кетолмайман. «Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида» бўлса. Мени фақатгина кундошимнинг болалари ўзига ипдек боғлаб олган. Шундаям доим қизини мендан қизғонади. Эркалаб суйсам, ёмон кўриб, қўлларимдан тортиб олади. Ўз ўғлини эса эрига бегоналигини тушуниб етгани учун ҳам менинг тарбиямга берган. Шунисигаям шукур, - деб кўнглидагиларни тўкди ўқитувчим.

– Кетинг, устоз, шу оиладан, ўз умрингизни хазон қиляпсиз, жуда чиройли ва ёшсиз, бошқа турмуш қуринг, - дедим катталарга хос сўзлаб азбаройи ўқитувчимга ачиниб.

Шу топда, кутилмаганда устозим ҳолсизланиб, ҳушини йўқотди. Оғзидан кўпик чиқиб, кўзлари олайиб бошлади. Қўрқиб кетдим. Юрагим чиқиб кетаёзди қаерданам шу гапни айтдим, деб. Тезда атрофдагилар ёрдамга келишди. Қўшни қишлоқдаги Фатҳулла амаки Мубошира устозимизни «пат-пат» мотоцикли – «Урали»нинг аравасига ўтқазди. Бошига «каска» кийдирди. Мотоцикл шамолида баттар бўлмасин учун ўқитувчимнинг боши узра брезент мато тортди. «Менам кетаман»лаб, Фатҳулла амаки мотоциклининг орқа ўриндиғига ўтириб олдим. Район марказидаги касалхонага кетдик. Ўша пайтларда «Тез ёрдам»нинг етиб келиши амримаҳол эди.

– Жуда кўп толиққан, асаб толалари чарчаган. Қўл ва баданларида зарб доғлари бор. Кўряпсизми, томоғи остида янги из пайдо бўлган. Милицияга хабар берамиз! Кимингиз бўлади?  - сўради шифокор Фатҳулла амакига қараб, беморга биринчи ёрдам кўрсатиб, ташхис қўяр экан.

– Ҳеч кимим, дўхтир, қишлоқдошимиз, қўшни келин... ўзи яхши хотин, эри баджаҳл-да, дўхтир, милицияга айтмай қўяқолинг, мен шунчаки одамгарчилик учун олиб келдим, эридан балога қоламан, дўхтир, - деди Фатҳулла амаки саросима билан ҳар икки сўзининг бирида «дўхтирлаб».

Шифокор эса Фатҳулла амакининг гапига кўнмади. Милицияга хабар берди. Устоз ҳушига келиб, кўзини очгунча вақтда милиция акалар Рўзи баттолнинг (биз ўқитувчимизнинг эрини шундай атардик) оёғини ерга теккизмай олиб келишди...

...Уч-тўрт кундан кейин қишлоқда «Рўзи баттолни қамашармиш», деган гап-сўз тарқалди. Негадир, биз синфдошлар бундан хурсанд бўлдик. Йўқ, устоз эрининг хотини ва болаларига раҳми келибди. Милицияхонага бориб, эрига иш очмасликларини ёзиб берибди. Бироқ, қўшхотинликка айблашиб, жавобгар қилишибди. Шундан сўнг устоз ота уйига қайтибди. Кундоши эса «эрим менинг  ўғлимни ўзига бегона кўриб, ҳар кун чўқияпти. Аминбекниям олиб кетинг, мендан ўтганлари учун кечиринг, қиёматли опа-сингил бўлиб қолайлик», - деб ўғлиниям устозга қўшиб берибди...

Устоз ота уйига қайтгач, асраб олган арзандаси Аминбекни ўзидан бир қадам ҳам узоқлаштирмаган. Бора-бора ўзи айтганидек, ака-укаю, янга-келинлар олдида «сиғинди»га айланган.

Бу устозимизнинг кейинги «турмуш - мушт»лари саҳифаларини янгилаганди...

– Сизлар мактабни тугатиб кетдингизлар. Ҳатто, ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. Аммо, Аминбекнинг тақдири учун ташвишлардан осонгина қутилиш йўлини танлаш хаёлидан кечдим. Нима бўлгандаям, кундошимнинг менга ишониб берган омонати. Бу ҳаётда бошқа суянчиғим бўлмаса. Аввалига кундошим кунора, кейинчалик ҳафтада бир, ойда бир ўғлидан хабар олгани келиб турадиган бўлди. Бироқ, эримнинг тазйиқлари унга ҳам тинчлик бермасди. Бу орада у яна икки ўғил фарзандли бўлди.  Аминбек учун бир қизу икки ўғлидан ҳам воз кечолмасди. Аминбек анча улғайиб, ақлини яхшигина танигани учун ҳам онасини тушунди. Катта бўлса, ўзи топиб олишини айтди. «Мениям онам бор, ойи, синглим ва укаларимга яхши қаранг», - деганида ёшидан илгари улғайган ўғлининг гапидан кундошим уни қучоқлаб йиғлади.

Эҳ-ҳее, ўзим туғилиб ўсиб, қайтган ҳовлимда эримнинг уйидан кўра кўпроқ азобларни кўрдим. Ҳатто, янгалар Аминбекимга қасд қилиб, уни ҳовузга итариб юборишди. Аллоҳимга шукр, болагинам тирик қолди, омон қолди. Ўғлим анча ўзига келгач, қўлимда битта бўхча билан ўғлимни етаклаб, бошим оққан томонга, деб йўлга чиқдим. Кимга ва қаерга боришни билмайман. Катта «Зил» машинасига ўғлим қўл кўтарди. «Зил» тўхтади. Биз машинага чиқдик. Кекса ҳайдовчининг «Қаёққа кетяпсизлар» деган саволига жавоб бера олмадик.

– Ўзимиз ҳам билмаймиз, амаки. Мени янгам ўлдирмоқчи бўлиб, ҳовузга итарди, - деди ўғлим иккиланмай.

Ҳайдовчи ўғлимнинг сўзиданоқ кўп нарсани тушуниб етгандек бўлди. Қошлари чимирилди. Аммо, босиқлик билан.

– Ия, шундайми, полвон. Унда омон қолганингни уйга бориб нишонлаймиз. Холабувинг сенга ва ойингга зўр овқат пишириб қўйган, хўпми? - деди.

Мен унамадим. Нотаниш одамнинг томдан тараша тушгандек уйига олиб «кетаман»лаши ўзимга ғалати туюлди. Эшитган қулоққа яхши эмас. Йўқ жойдан ғалва орттирмай, дедим ўзимча ўйланиб.

– Хотиржам бўл, қизим, аёлим ажойиб хотин. Кўнглингга ҳар қандай ёмон ўйларни келтирма. Ўғлинг ҳам невараларим билан чиқишиб кетади, - деди бамайлихотир.

Жондор туманидаги чекка қишлоқлардан бирига келдик. Бегона хотинни бир ўғли билан ўзига эргаштириб келган ёши кекса ҳайдовчини хотини қарши олар экан:

– Меҳмонлар билан келдингизми, хуш келибсиз, болам, - деди холабуви мени ҳам, Аминбекни ҳам илиқ қаршилаб.

– Носиржон ишдан қайтмадими, неваралар қани, кўринишмайди, чақир, уларни соғиндим. Кейин тезда овқатингни суз, - деди ҳайдовчи амаки ва менга қараб, яна сўзида давом этди, - қани, қизим, холабувингга қараш. Жуда чарчаганман.

Бир пасда холабуви билан чиқишиб кетдик. Ошхонада қовоқ манти пишаётган экан. Дастурхон тузадик. Негадир, улар мендан «кимсан, нимасан?» деб сўрашмасди. Мен ҳам бирор нима сўрай олмасдим. Ҳозирча мен ва ўғлим учун муҳими бошпана эди. Уларнинг икки қиз невараси бор экан. Қизалоқлар ҳам Аминбеким билан чуғурлашиб, тил топишиб кетишди.

Оқшомда холабуви ичкари уйининг бирида кўрпа-тўшак тўшади. «Аминжон, сен бу ўринга, Малика билан Марҳабо, сенлар бу ўринга ётинглар. Биз эса буёққа», дея жой кўрсатди холабуви ва ўзига тегишли ўринда ёнбошлаб олди.

– Одам кексайганда, пишир-тушир, мол-ҳолга, болаларга қарашга қийналаркан-да, қизим. Ҳаммаёғим зирқиррайди-я! - деди.

– Уқалайми, холабуви? - сўровимга «эп кўрсанг, йўқ демасдим», деди.

Эримнинг калтаклаганларидан орттирганим чап қўл тирсагим ўрнидан чиққан ва ўз жойида шундай қотиб қолганди.

– Тирсагингга нима қилган, қизим?

–...

– Эринг тушмагурми?

– Ҳа-а...

– Билагингдаги бу кўкаришлар ҳамми?

– Йўқ, бу кўкаришлар янги, холабувижон... Акамдан ҳам кўп жабр кўрдим...

– Ўзим ўргилай, болам, ярангни яраламай, ҳаммаси яхши бўлади... Менинг раҳматли келингинам жуда беозор эди-да. Икки йил аввал ваофт этди. Қадри билиняпти...

Холабуви билан тонггача чақ-чақлашиб чиқдик. Мен ўз ҳаётимни сўзлаб бердим. Аминбекка оналик қилиб келаётганимни, унинг ҳаётини таҳликага қўймаслик учун ота уйимдан ҳам чиқиб кетганимни яширмадим – ўз тақдирини ҳикоя қилиб берарди ўқитувчим.

Устознинг сўзига кўра, тақдир тақозоси уларни шу хонадонга етаклаб келган. Аёли вафот этиб, икки қизи билан қолган Носиржонга уни никоҳлаб беришган.

– Бир ўғлим ёнига икки қизалоқлиям бўлдим. Аллоҳимга шукур. Носир тоғанг ҳам Аминбекимга бегоналик қилмади. Қизлари қатори бошини силади, - деди устоз.

Бир ўғил, икки қизга оналик қилган устоз ўзи фарзанд туғмаса-да, уларни аяб, асраб келган. Йиллар ўтиб, ўғлини олийгоҳда ўқитишган, қизларни мактабга қўйишган. Ўзи ҳам тумандаги мактаблардан бирига ишга кирган. 2004 йилда қаердан ҳам Аминбекнинг ўз отаси пайдо бўлган. Уларнинг оиласига таҳдид ўтказиб, ўғлини қайтариб олиш талаби билан чиққан.

– Ўз туққан онамнинг турмушдаги адашувлари сабаб уч отани кўрдим. Ўз отам бўла туриб, мендан, болалигимда воз кечдингиз. Онамнинг иккинчи эри қўлида хўрланганимда қаерда эдингиз?! Онам мени кундошига фарзандликка берди. Энди менинг онамдан яхши эъзозлайдиган онам бор. Менга ҳеч қачон ўгайлик қилмади. Носир отамдан ҳам миннатдорман ва улар олдида қарздорман. Сиз эса менга ҳеч ким эмассиз, - деб Аминбеким отасини тан олмади», - сўзларди ўқитувчим.

Орадан 2 йил ўтгач, Аминбекнинг ўз отаси яна келган. Бу гал «мени боқасан!» деган талаб қўйган. Уни айни уйлантириш маъракалари билан банд бўлишган бир пайтда бу талаб устознинг оиласини бесаранжом қила бошлаган. Ачинарлиси, бўлажак қуда уйидан қайтаётган устозни айни уйига яқин манзилда ёлғиз учратган эркак унга жисмоний куч ишлатган: урган, тепган ва йўлбўйидаги пахтазор ерга итариб юбориб, хўрлаган. Ҳайвоний ҳирсга берилиб, тажовуз қилишга ҳам уринган. Шундоқ томорқаси томондан келаётган бақир-чақир ва қичқириқдан Аминбек хавотирда отилиб чиққан ва ўз отасининг бетавфиқларча хатти-ҳаракатини кўриб, ғазабга минган. Қўлига болта кўтариб чиққан.

– Ўғлимнинг болта кўтариб чиққанидан бехабар эдим. Фақат унинг бақириб келаётган овозини эшитиб, «қутқар, ўғлим, қутқар!» деб бақирардим. Кутилмаганда, менга тажовуз қилаётган кундошимнинг биринчи эри «ваҳ» деб юборди. Бир пасда ҳаммаёқ қонга тўлди. Ўғлим ўзини ушлолмай, устма-уст ўз отасини болта билан аямай урарди... «Тўхта, болам, тўхта!» дея чирмовиқдай қўлларига ёпишдим. Ўғлим ҳансирар, йиғлар ва уввос соларди. «Мен, мен бўйнимга оламан, қоч, қоч», - деб кўп ялиндим. Ўғлим қочмади, кетмади. Ёлворишларим зое кетди. «Мен учун сизнинг номусингиз муҳим, онажон...» дея ўғлим қонталаш қўллари билан титраганча мени маҳкам қучоқларди. Она бола анча пайтгача жим ва сукутда бағирлашиб қолдик. Болам айбни мен бўйнимга олишимга йўл қўймади. Милицияхонадаям, терговдаям бу ғофилнинг қотили мен эканимни айтиб, оёқ тираб олдим. Бўлмади... Ўғилгинамни 14 йилга «кесишди»...

Бу ўй, бу дард мени емирди. Азбаройи асаб ва оғриқлардан бир йилда қўлларимдан бошлаб, баданларимда оқ доғлар пайдо бўла бошлади. Бир дардим ўн дард бўлганди. Бу ҳолатда мактабдан ҳам ишдан чиқдим. Рўзғор юки Носир тоғангга қолганди. Шундай кунларнинг бирида қайнотам билан эримнинг автоҳалокатга учрашгани ҳақидаги хабар ҳушимиздан айираёзди. Қайнотам воқеа жойида ўлган, эрим оғир тан жароҳати олган экан. Бу оғир дард оиламизни тамоман синдирди. Ўғлини ногиронлик аравачасида кўрган қайнонам бу дардни узоқ кўтара олмади. «Менга бир нарса бўлса, икки невараму ўғлим сенга омонат, болам», деди ва кетди: қайнотамнинг йилошини бермай туриб, қайнонамниям охирги манзилга кузатдик...

Яхшиямки, шу икки қизгинамиз бор экан, дарду жонгинамизга малҳам бўлишди. Мен «колхоз»га ишга кирдим. Ҳарна дори-дармон, қозон-товоққа етар-етмас бўлсаям... Бизга фақат бўлмай қолган қудаларимиз қарашиб туришди. Ҳа, айтмоқчи, ўғлим қамалгач, орадан 2 йил ўтиб, шунда ҳам биздан розилик олиб,  кейин қизларини турмушга узатишди. На илож, бировнинг бахтини ушлаб туришга ҳақимиз қолмаган бўлса.

Шундан сўнг айни балоғат ёшидаги қизларимга кўрпа қавиш, тикиш-бичиш, пишир-туширни ўргатдим. Қўни-қўшниларга ул-бул тикиб, рўзғор ишларига ўзлари анча бош-қош бўла бошлашди. Эрим ҳам пойафзалчиликни ўзлаштирди. Биласан, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ҳар қадамда «қотилнинг онаси», «қотилнинг синглиси», «қотилнинг отаси» деган дашномлар бизнинг кўча-кўйга чиқиб-киришимизни ҳам анча тўсиб қўйганди. Устига-устак,  «песнинг қизи тиккан кийимларни киймаймиз» дея қизларимга айтилган «отишмалар» кўксимни ханжардек тиларди. Қизларим бу гапни менга айтишмаса ҳам эшитардим. «Ҳафамасмисизлар, қизларим. Менга ёпишган хасталик шу экан,  кўнгилларингизга келса, майли, ош-овқатимни бошқа қиламан, рози бўлсангизлар» дедим. Бу гапимни эшитган қизларим бақира кетишди, бу мавзуга бошқа қайтмаслигимни қаттиқ тайинлашди. Бири қўйиб, бири қўл-баданларимга малҳам суришар, шифо истаб, Аллоҳга илтижолар қилишарди. Борларига шукур уларнинг. Ўша йилларда қишлоқ оқсоқолига кўп бор ёрдам сўраб чиқдик, эвазига камситилиш олдик. Туман марказидан кўмак сўрадик, ижирғанишди, эрта-индин, деб жим кетишди. Охири, ҳеч қаерга бормай қўйдик. Пахта далаларида сочим ҳам оқарди. Гоҳида ўқитувчилик чоғларимни соғинар, ўқувчиларга дарс бергим келар, аммо, қисматимнинг аччиқ зарбалари жон-жонимни чўқирди. Ҳеч кимга айтолмаган дардларимни далаларга тўкиб, бўшатаман. Шугина икки қаро кўз қизим тақдирида бахтлар битишини сўраб-сўраб йиғлардим. Соғ-саломат улғайишди. Кўзга яқин қиз бўлишди. Мактабни тугатмай туриб, остонамизга совчилар кела бошлади.  Шу орада сени кўп изладим. Ўғлимнинг қамоқдан чиқишини тезлатиш имкони борми-йўқлигига кўмак сўраш учун. Бироқ, хасталик устун келди. Турли органларга югурганларимиз ҳам зое кетди. Суд қарори чиққан. Айбдор жазо муддатини ўташга мажбур, дейишди. На илож, онасининг номуси учун навқиронлигини қурбон қилди болагинам. Йилларнинг синоатини қаранг, Аминбекимнинг аччиқ тақдирини эшитган туққан онаизори – кундошим ҳам бу дардни кўтара олмади, 7-8 йил бурун бандаликни бажо келтирганди. Ўғлим қамоқдалигида бу хабарни етказмадик. Ҳар йили зўрға бир хабар олардик турмадаги боламиздан. Тутинган отаси – Носир тоғанг ҳам анча куйинди Аминбек учун. Катта қизим тушмагур ҳам токи Қаршидаги турмада «ётган» акасидан фотиҳа олиб қайтмади – совчиларга розилик бермади, - бир йиғлаб, бир куларди устоз.

Устознинг ҳикоясига кўра, 2020 йил охирларида Аминбек жазо муддатини ўтаб қайтган.

– Сочлари оқарган, ғамдан анча қартайган салкам 36 ёшли қамалиб чиққан йигитга ким ҳам қиз берарди?! Кўп эшиклардан бўш қўл билан қайтдик. Ўғлим иш сўраб борган ташкилотлар ҳам юзига эшик ёпди. Унга ҳар кўзим тушганда, юрагим илма-тешик бўлиб кетарди. Аммо, енгилмади, курашди. Носир отасининг ҳунарини олди. Этикдўзлик билан шуғулланди. Бўш вақтларида одамларнинг томорқа ишларига қарашди. Тин олмай, меҳнат этагидан тутди болагинам. Наридан-бери уй-жойларни сувоқлади. Қамоқдаям китоб ўқиб, илму ҳунар ҳам ўрганган экан. Ўзини синаш учун сиртдан ўқишгаям топширди. Омади чопди. Ўзидан бир ёш катта, ўқиб-ишлаб турмушга чиқмаган қиз билан тақдири боғланди. Ҳозир бир нафар боласиям бор. Қучоғимни неварага тўлдиришяпти. Ҳа, айтмоқчи, ўғлим яқинда келиним билан Ромитандаги синглисию икки укасини излаб борганди. Биринчи турмуш ўртоғим ҳали ҳануз ўша қўполлигини йўқотмаган экан. Ўғлимга жигарларини кўрсатмай, қовоқ-тушмуқ қилибди. Ўғлим «синглим ва укаларимни кўраман» деб ўдағайлаганда, «сан қотилсан-ку, маниям ўлдирмоқчимисан» деб иззат-нафсига тегибди. Бир неча бор қайта-қайта боришгандан кейин синглиси ҳам икки укаси ҳам акаси билан яна қадрдон бўлишибди. Улар ҳам турмуш қуриб, ўз йўлларини топишган экан. Ҳозир ака-ука-сингиллар  тез-тез бизнинг ҳовлимизда кўришиб, тўпланишиб туришади. Ҳеч бири бир-бирига ўгайлик қилишмайди. Аллоҳ мениям бағримни тўлдириб, шунча фарзандга оналик қилишимни тақдир қилган экан, бу ман учун неъмат. Буларсиз ҳеч кимман. Борига шукур, йўғига сабр қилиб, умрим косасини тўлдирдим. Қизларим ўз-ўзидан тинчишди. Куёвларим тайинли чиқишди. Аминбекимизнинг ҳали кам-кўсти кўп. Ромитанлик укалари Россияга қатнашар экан, олиб кетамиз, дейишганда қаршилик қилдим. Кўз олдимда юрсин-да,  сенларни онанг - кундошгинамнинг омонати, дедим. Шундай-да ҳам 14 йил унингсиз бағиргинам тилиниб яшаган бўлсам... Йўқ, укалари тушунишди. «Акамнинг иморатини созлаб берамиз» дейишди. Жонлари соғ бўлиб, иймонлари бутун бўлса, қон-қариндошликни унутишмаса, бўлди. Ортимиздан чироқ ёқиб туришса, бас...

***

Ўз туққан фарзанди учун бу қадар жонсарак бўлмайдиган айрим оналар ўрнида устозни қўйиб кўрдим. Бир умр «туғмас хотин», «қотил она», «пес кампир» дашномларини сабр-бардош билан енгиб, ўзга оналар туққан фарзандларга меҳру жонини берган, турмуш муштларию зарбалари йўлида касбу-коридан кечган, 70 ёшдаям ўз хоҳиши билан пахта далаларига ошиқиб, дарду-ҳол, заҳрини ерларга сочиб, уйига яна мушфиқа бўлиб қайтадиган аёл ҳали ҳануз чинакам устоз, деган мақомга муносиб...

Суҳбатга шу қадар сингиб кетган эдикки, тун атрофга тўнини ёйганиниям сезмай қолибмиз. Қайтишга ошиқдим. Қўярда-қўймай, «ҳали суҳбатларим кўп» дея бир кеча тунаб қолишимни сўради.

Яна дастурхон атрофи бир-бирига узоқ, аммо, оқибат ришталари боғлаб турган қон-қариндошларга тўлди. Ой ғира-ширасида юлдузлар милтиллагунча суҳбат қизиди. Мактаб даврларида устознинг сумкачасини елкамда илиб юрганимдан тортиб, унинг ўрнида «ўқитувчи» бўлганларимгача болаларига сўзлаб берди ўқитувчим. Оғриқли, ташвиш синовли онлардан тортиб, мутойибали онларини бири қўйиб, бири гапириб бераётган, худди бир ота-онанинг болаларидек чуғурлашаётган ака-сингиллар чинакам меҳр ва оқибат сиймоларидек кўз олдимда гавдаланишарди...

***

Офтоб кўрпасидан эндигина бош кўтариб, хўрозлар қичқираётган паллада йўлга отландим. Ўқитувчим сут, қатиқ, сарёғу мева-чевалардан ҳозирлаб қўйган экан. «Болалар уйғонишмасин, устоз» деб дарвозадан мени кузатишга чиқаётган устоз билан пичирлашиб гапираётганимда «Бизлар аллақачон уйғоқмиз, сизни туришингизни кўриб, бештош ўйнамоқчи бўлиб тургандик»-дея қийқириб, қиқирлаб болалар пайдо бўлишди.  «Ланка»ю «учар тўп» ҳам ўйнашдик болалар билан...

– Устоз, «Дамас» келяпти. Ўзингизни асранг! - дедим кулимсираб атрофимдаги болажонлар билан ҳам хайр-хушлашар эканман.

Яна кўришишлик насиб этишини сўраб, бағирлашдик. Ортдан қўл силтаб қолди устозим бир этак болалар билан.

Йўл-йўлакай, шу маҳалла раисининг телефон рақамини излаб топдим. Ўзимни таништириб, маҳалласидаги Мубошира бувининг собиқ ўқувчиси эканимни айтдим. Бундан 10-15 йиллар илгари оилада содир бўлган оғриқли ҳолатлар, камситилиш ва турткилашлар сабаб  ҳеч қаердан ёрдам сўрашмай қўйишгани, бугун уй-жойи, яшаш шароити эътиборга муҳтожлиги, оилани қўллаб-қувватлаш лозимлиги хусусида инсонийлик тушунчаларини ўртага қўйиб сўзлаган бўлдим.

– Ҳа, хабарим бор, опа. Мен бу ҳудудга яқинда маҳалла раиси бўлдим. Бир неча кун ичида масала ҳал этилади. Доимий эътибор ва назоратимга оламан, - деди маҳалла раиси.

***

Бугун тонг саҳарда ўқитувчимдан келган телефон қўнғироғини ҳали чалинмай туриб олгандек кўтарибман.

– Нима қилдинг сен-а, болагинам. Уч-тўрт кун бурун маҳалла раиси келганди. Ҳашар уюштиришиб, деворларимни созлашди. Кечагина янги темир дарвозаям ўрнатишиб кетишди. Қишгача томларимизни шефир ҳам қилиб беришаркан. Кеча кечқурун ҳайрон бўлиб сўраганимизда, улар сен телефон қилганингни айтишди... -  ҳаяжон билан сўзларди устоз.

– Йўғ-е, мен эмас, устоз, ҳеч кимга телефон қилмабман!

– Яна ёлғон гапиряпсанми, худди ўтган гал сени «Дамас»дан ушлаб, тўхтатганимда «Сизни танидим, эсладим, устоз...» деганингдек, - дея ҳам кулиб, ҳам йиғлаб сўзларди устоз.

Бўғзимга нимадир тиқилди.

– Ҳа. Ўшанда сизни танимаганим ва эсламаганим рост, устоз.

– Сезгандим-да...

– Аммо, сиз мени ўзимга ўзимни танитдингиз! Ортда қолган ва чорак асрдан ортиқ вақт сизни бир марта ҳам йўқламаган ўқувчингизни кечиринг... 

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг