Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украина: Озарбайжон самолёти ҳалокатида Россиянинг «қўли бор»

Украина: Озарбайжон самолёти ҳалокатида Россиянинг «қўли бор»

Озарбайжоннинг Embraer 190 самолёти Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан ўққа тутилгани ортидан ҳалокатга учради. Anadolu ахборот агентлиги хабарига кўра, бу тахмин Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко томонидан илгари сурилди.

«Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга парвоз қилаётган Embraer 190 учоғи Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилган. Россия Грозний ҳаво маконини ёпиши керак эди, аммо бундай қилмади. Руслар томонидан шикаст етказилган самолётни Грознийга фавқулодда қўндириш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ўрнига у Қозоғистонга йўналтирилган», – деган Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши вакили.

Аввал хабар берганимиздек, Azerbaijan Airlines компаниясига қарашли самолёт 25 декабрь тонгида Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушган.

Маълумотларга кўра, самолётда 62 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Улардан 38 нафари ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Ҳалокат ортидан Грознийда туман қалинлиги боис Махачқалъага йўналтирилган самолёт қушлар галасига тўқнашгани ҳақида хабар берилган. Аммо россиялик ҳарбий блогерлар ҳам Украина томони илгари сурган версияга яқин тахминни ёзмоқда.

Гап шундаки, қулаб тушган самолётнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларида учоқ корпусида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан ўққа тутилганига ишора этувчи тешикларни кўриш мумкин.

DW ёзишича, самолёт ҳалокати арафасида Украина томони Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрига дронлар орқали ҳужум уюштирган. Шунга кўра, россиялик ҳарбий блогерлар Озарбайжон йўловчи самолёти Украина учирган дрон деб қабул қилинган ва  Россия зенит-ракета мажмуаси орқали ўққа тутилган, деган нуқтаи назарни илгари сурмоқда.

BBC нашрига кўра, ҳалокатда омон қолган йўловчилардан Субҳонқул Раҳимов самолёт Грознийга уч марта қўнишга урингани, учинчи уринишда ташқаридан портлаш овозини эшитгани ҳақида сўзлаб берган.

Қозоғистон матбуоти учоқ салонида кислород баллони портлаганига ҳам эътибор қаратган.

Россия фавқулодда вазиятлар хизматларига кўра, ҳалокатга самолётнинг асосий тизимлари ишдан чиққани сабаб бўлиши мумкин.

Embraer ERJ-190-100LR русумли самолётлар янги авлод учоқлари бўлиб, уларнинг хавфсизлик тизими юқори даражада деб баҳоланади. Бу турдаги учоқлар билан боғлиқ икки йирик авиаҳалокат рўй берган, аммо уларнинг ҳар иккиси техник носозлик эмас, балки экипаж аъзоларининг хатти-ҳаракати сабаб содир бўлган.

Azerbaijan Airlines ҳалокатга учраган самолёт 2013 йилдан буён фойдаланилаётгани, сўнгги тўлиқ техник кўрик жорий йил октябрь ойида ўтказилганини маълум қилган.

«Известия» нашри Россияда хизмат кўрсатган учувчи Юрий Ситникка таяниб, ёнилғи тугаб қолганини ҳалокатнинг эҳтимолий сабаби сифатида кўрсатган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 25 декабрь куни авиаҳалокат юзасидан ўтказилган йиғилишда фожиа сабаби ҳақида гапиришга эрта эканини таъкидлаган.

«ОАВ ва ижтимоий тармоқларда авиаҳалокат акс этган ҳолатлар тарқалмоқда. Буни кўпчилик кўрган бўлса керак. Аммо ҳалокатнинг аниқ сабаби бизга маълум эмас. Турли тахминлар бор. Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Ҳолат тўлиқ тафтиш қилиниши керак», – деган И.Алиев. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг