Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда 132 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Тошкентда 132 минг қутидан зиёд тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

6 март, пайшанба куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 132 минг 180 қути тамаки маҳсулотлари кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирокида йўқ қилинди.

Тадбир Божхона қўмитаси ва Мажбурий ижро бюроси томонидан ташкил қилинди.

«Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» муносабати билан бу галги йўқ қилиш тадбирида атроф-муҳитга ва инсонлар саломатлигига зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланиш мақсадида ўзи хос янгиликка қўл урилди.

Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд қарори асосида йўқ қилиниши белгиланган тамаки маҳсулотлари ёқиб юборишдан аввал қоғоз ўровларидан ажратилди.

Дастлаб сигарет қоғоз қутилари ва асосий ўрамларидан ажратилди, махсус печларда эса фақат сигарет доналари ҳамда ўрамда фойдаланилган полиэтиленнинг ўзи ёқиб юборилди.

Сигаретлардан ҳоли қилинган қоғоз қути ва ўрамларнинг барчаси қайта ишлаш учун шу ҳудуддаги тадбиркорлик субъекти вакилларига беғараз топширилди.

Тадбирдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилишича, божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2024 йилда аниқланган 512 та ҳолатда қиймати
61,6 млрд сўмлик 2,9 млн қути тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса 137 та ҳолатда қиймати 9,3 млрд сўмлик 305 минг қути тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг