Тошкент ИИББ тиланчи аёлнинг идорага мажбуран келтирилгани юзасидан расмий маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда фуқаронинг мажбуран ИИБ биносига олиб кириб кетилаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 март куни тахминан соат 21:30 ларда Миробод тумани ҳудудида 1989 йилда туғилган (муқаддам бир неча маротаба Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47, 161, 183, 188-3-моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилган) Х.А. ўзининг уч нафар вояга етмаган фарзандларидан (2015 й.т., 2020 й.т., 2022 й.т.) фойдаланиб, уларнинг соғлом ҳаёт кечириши, таълимга жалб қилинишини таъминламасдан, тиланчилик билан шуғулланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва қонуний чора кўриш мақсадида ППХ ходимлари ушбу аёлни яқин орадаги ИИБга таклиф қилишган. Бироқ фуқаро ички ишлар органлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жамоат тартибини бузишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро Х.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси («Майда безорилик»), 188-3-моддаси («Тиланчилик қилиш») ва 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Уч нафар вояга етмаган болаларни эса уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шунигдек, видеотасвирда акс этган ҳолатда ходимларнинг ҳаракатига баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter