Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Тожикистон ва Афғонистонда бўлаётган зилзилалар Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

Бир неча кун олдин Покистон, Афғонистон ва Тожикистон чегарасида 6,6 балли зилзила кузатилди. Орадан бир кун ўтиб эса Тожикистонда 6 балли ер силкиниши содир бўлди. Қўшни мамлакатларда рўй берган зилзилалар Ўзбекистонга ҳам яхшигина сезилди. Хўш, қўшни давлатларда бўлаётган ер қимирлашлари Ўзбекистонга қандай таъсир қилади? Зилзила эпицентри Ўзбекистонга кўчиши ҳам мумкинми? «Xabar.uz» шу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти лаборатория мудири, физика математика фанлари номзоди, катта илмий ходими Улфат Нурматов билан суҳбатлашди.

 – Яқинда Покистон, Афғонистон ва Тожикистон чегарасида 6,6 магнитудали зилзила кузатилди. Кейин Тожикистонда 6 балли зилзила қайд этилди. Ер силкинишлари Ўзбекистонда ҳам яхшигина сезилди. Биз ушбу сейсмик фаол ҳудудларга қанчалик боғлиқмиз?

– Марказий Осиё ягона географик ҳудуд ҳисобланади. Бу минтақада рўй бераётган географик жараён минтақанинг бошқа ҳудудларига ҳам таъсир кўрсатади. Лекин ҳар бир ҳудудда зилзила содир бўлиб турадиган фаол ерлар мавжуд. Афғонистон ва Тожикистон чегара ҳудудидан Тянь Шань тоғ тизмаси билан Помир тоғ тизмасининг ўзаро тўқнашган ҳудуди ўтган. Шу жой Марказий Осиёдаги энг кучли сейсмик ҳудуд ҳисобланади. Асосан 7 баллдан юқори бўлган зилзилалар шу ерда содир бўлади. 1902 йилда 8,2 магнитудали Қашғар зилзиласи бўлган. Шундан бери Марказий Осиёда бундай кучли зилзила кузатилмаган. Энди шу ҳудуддан шимолроқда ҳам бир нечта зилзила ўчоқлари бор. Уларнинг ҳам ўзига яраша сейсмик потенциалли мавжуд бўлиб, борган сари сейсмик потенциал пасайиб боради. Ўзбекистон ҳудудида асосан пастроқ магнитудали ер силкинишлари содир бўлади.

Минтақада бўлаётган сейсмологик жараёнлар бизни ҳудудимизга ҳам таъсирини ўтказади. Қандай ўтказиши мумкин? Мисол учун, қаердадир кетаётган жараён тезлашади ёки секинлашади. Агар икки ҳудуддаги ҳаракат йўналишлари бир-бирига тескари келса, ҳаракатни секинлаштиради ёки ҳаракатни кучайтиради. Лекин ҳар бир ҳудудда зилзила табиий равишда пишиб етилади. Ер силкиниши пишиб етилиши учун узоқ вақт керак бўлади. Қанча кучли зилзила бўлса, унинг пишиб етилиш шунчалик узоқ вақт талаб этади. Кучсиз ер силкинишлари жуда тез тайёр бўлади. Статистик маълумотларга қарасак, Марказий Осиёда 6 баллдан юқори бўлган зилзилаларни бармоқ билан санаш мумкин. Аммо 6 баллдан пастроқ бўлган зилзилалар эса жуда кўп. Зилзиланинг қанча кучи кам бўлса, уни сони ҳам кўп бўлади.

– Сўнгги кунларда қўшни давлатларда сейсмик фаоллик жуда ошиб кетди. Зилзила эпицентри Ўзбекистонга кўчиши ҳам мумкинми?

– Йўқ, бундай миграция жараёни бўлмайди. Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон ҳудудида кетаётган жараёнларга қўшни давлатларда содир бўлган ер силкиниши маълум маънода таъсири қилиши мумкин. Тасаввур қилинг, бир нечта ўчоқда зилзила табиий равишда пишиб етилмоқда. Ён атрофда содир бўлган ер силкиниши пишиб етилиб турган зилзилани юзага келишига туртки беради.

– Эҳтимолий зилзилалар қандай прогноз қилинади?

Прогнозни икки хил тушуниш керак. Биринчи йўналишда жараён прогноз қилинади. Сейсмологик жараён узоқ вақт талаб этади. Буни юзага чиқарадиган бир нечта параметрлар бор. Сейсмологик жараёнларнинг фаоллашадиган даври мавжуд. Маълум бир ҳудуднинг сейсмологик имкониятлари бўлиб, бу 20, 25, 50 йилни ўз ичига олади. Мисол учун, Марказий Осиё ҳудуди фаоллик даврига кирди, дейиш мумкин. XX асрнинг бошланиш даврида бутун Марказий Осиё ҳудуди фаол бўлган. Ўша вақтда 7 баллдан юқори бўлган зилзилалар ҳатто, 8,2 балли ер силкиниши содир бўлган. Ундан кейин аста-секин сокинлик даври бошланди. 1940-1950 йилларда ва 1970-1980 йилларда яна бир фаоллик даври юзага келди.

Прогноз бу – баъзи даракчилар орқали бир зилзилани аниқ жойи ва вақтини айтиб бериш. Бу муаммонинг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади. Бир нечта даракчилар бор. Улар доим мониторинг қилиб борилади. Агар улар юзага чиқса, параметрларга қараб, қайси ҳудудда ва қайси вақтда зилзила содир бўлишини айтиш мумкин.

– Олимларнинг фикрича, дунё янги сейсмик тебранишлар даврига кириб келмоқда ва бу сейсмик актив ҳудудларда кучли зилзилаларни келтириб чиқарар экан...

– Осиё сейсмик камари доирасида қарасак, маълум бир даражада фаоллашиш даври бошланди. Лекин ер шари доирасида қарасак, аксинча, фаоллашиш давридан аста-секин сусайиш даври бошланди.

– Умуман зилзилаларнинг бу даражада кўп содир бўлишига нима сабаб бўлмоқда? Уларнинг вужудга келишида инсон омили ҳам рол ўйнаши мумкинми?

– Космик жараёнлар бутун ер шарига таъсир қилади. Мисол учун, қуёш фаоллиги ёки ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигининг ўзгариши. Бу омиллари маълум даражада сейсмологик жараёнга таъсир қилади. Бу инсонга боғлиқ эмас. Сув омборларининг қурилиши, газ ва нефть қудуқларини бўшаб қолиши кучли зилзилани келтириб чиқармайди.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг