Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Эрдўған ва Путин нималарни келишиб олди?

Эрдўған ва Путин нималарни келишиб олди?

Узоқ давом этган тортушувлардан сўнг, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан учрашгани Сочига келди.

Икки лидер бундан салкам бир йил олдин, аниқроғи, 2022 йилнинг октябр ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида учрашган эди.

Ғарб оммавий ахборот воситаларидан тортиб, рус ва турк медиаси ушбу учрашувга эътибор қаратди. Йирик геосиёсий ўйинчилар ҳам музокаралар кечаётган хона деворларига қулоқ тутишган бўлишса, ажаб эмас!

Хўш, Эрдўғон нима учун Путиннинг ҳузурига келди? Улар нималарни муҳокама қилган мумкин?

Эрдўғандан аразлаган Путин

Июль ойигача расмий Москва ва Анқара муносабатлари анча илиқ эди. Икки мамлакат раҳбарлари учрашуви ҳақида илк маълумотлар сиздирилганида, Путин Эрдўғон билан кўришиш учун Истанбулга бориши айтилди. Бироқ Туркиянинг кутилмаган сиёсий қарорлари Кремлни яхшигина ранжитди.

11-12 июль кунлари Литвада бўлиб ўтган NATO’га аъзо давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашувида, Туркия Швеция ва Украинанинг Альянс таркибига қўшилишига хайрхоҳлик билдирди.

«Сиздан угина, биздан бугина» деганларидек, бунинг учун Ғарб Туркияга яхшигина ҳадялар туҳфа этди. Бир сўз билан айтганда, Европа эшиклари Туркия учун ланг очилди.

NATO’ни ўзига душман деб ҳисобловчи Путин, Туркияга боришдан бош тортди. Бундан ташқари, Россия июль ойида дон келишувидан чиққанини эълон қилди.

Эрдўғон нега Сочига борди?

Россия Туркиядан аразлаган бўлса-да, турк дипломатияси Кремль билан муносабатларни ўзгартирмади, аксинча, руслар билан салом-аликни қуюқ қилди. Сабаби, Туркия Ғарб минтақаси билан Шарқни боғловчи кўприк. Бундан ташқари, яқинда Туркия ва Европа ўртасидаги божхона чекловлари олиб ташланди. Бу ҳар икки давлат учун савдо-сотиқда кўплаб имкониятлар тақдим этиши мумкин.

Туркия Украина портларида бўлиб турган дон маҳсулотларини ўртада воситачилик қилиб, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ давлатларига етказиб беришни кўзлаган. Бундан ташқари, Россия газини Туркия ҳудуди орқали Европага ташиш масаласи ҳам бор.

Учрашувда яна бир муҳокама этиладиган масала – Жанубий Кавказ. Чунки сўнги вақтлардаги минтақада рўй бераётган воқеликлар шундан дарак бермоқда. Мисол учун, куни кеча Арманистон бош вазири Никол Пашинян Туркия раҳбари билан ўзаро кўришиб олди.

«Россиянинг кетаётгани»ни айтган Пашинян Туркия билан алоқани яхшиламоқчи

Айрим сиёсатчилар ушбу учрашувга эътибор қаратиб, буни Эрдўғоннинг Сочига ташриф билан боғлади. Уларнинг фикрича, Россия ўз маҳсулотларини Арманистон орқали Туркияга сотмоқчи. Чунки Европа санкциялари туфайли Туркия Россия билан тўғридан-тўғри савдо қила олмайди. Туркия эса Россиядан олган маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқмоқчи. Кўришимиз мумкин-ки, бу ерда Россиянинг ҳам, Туркиянинг ҳам иқтисодий манфаатлари муштарак.

Хулоса қилиб айтганда, геосиёсий вазият анча таранглашиб қолган бир паллада Эрдўғон Россияга бекорга келмади. Бугун Украинадаги уруш сабабли Ғарб давлатлари Россиянинг табиий газидан мосуво бўлган. Айрим Ғарб мамлакатлари Россия билан алоқаларни бутунлай узиб ташлашдан манфаатдор эмас. Чунки қиш яқин ва Европада рўй бераётган табиий офатлар иқтисодиётга яхшигина зарба бермоқда. Буни билган Туркия отни ўз вақтида қамчилаб қолиш пайида.       

Сардор Али

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг