Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурия янги ҳукумати БМТга илк талабнома йўллади – ҳужжат Исроил хусусида...

Сурия янги ҳукумати БМТга илк талабнома йўллади – ҳужжат Исроил хусусида...

Суриянинг БМТдаги доимий вакили Қусай ад-Даҳак.

Сурия муваққат ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашини Исроилнинг Сурияга қарши ҳужумларини тўхтатиш борасида амалий ҳаракатга ундади.

Суриянинг БМТдаги доимий вакили Қусай ад-Даҳак томонидан бош котиб Антониу Гутерришга йўлланган шикоятда Исроил армияси 1974 йилги битимни бузган ҳолда Сурия ҳудудига бостириб киргани қораланган.

«Сурия Араб Республикаси ўз тарихининг янги даврига қадам қўяётган, халқ эркинлик, тенглик ва қонун устуворлиги ҳукм сурадиган давлат қуришга интилаётган, фаровонлик ва тинчлик орзусини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилаётган пайтда Исроилнинг босқинчи армияси Суриянинг Ҳермон тоғи ва Қунейтра муҳофазасидаги ҳудудларига кирди», – дейилади шикоятномада.   

Дамашқ ҳукумати Исроил армиясидан зудлик билан Сурия ҳудудидан чиқиб кетишни талаб қилган.

Суриянинг муваққат бош вазири Муҳаммад ал-Башир.

«Ассошиэйтед пресс» агентлиги бу Сурия муваққат ҳукуматининг БМТга илк мурожаати эканига эътибор қаратган.

Асад режимини йиқитишда асосий ўрин тутган «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи етакчиси Аҳмад Ҳусайн ал-Шаръа (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) ҳам Исроилнинг Сурияга ҳужумларини танқид қилган.

«Исроил (Сурияга ҳужумларини оқлаш учун) келтираётган далиллар эндиликда асоссиздир ва унинг қонунбузарликларини оқламайди. Исроил Сурияда ҳаддидан ошмоқда ва бу минтақада тарангликни кучайтирмоқда», – деган Аҳмад Ҳусайн ал-Шаръа. 

У Сурия кўп йиллик урушдан зада бўлгани, ҳозирги паллада асосий вазифа турли зиддиятларга аралашмай мамлакатни оёққа турғазиш эканини айтган. 

Сурия суверенитети ҳурмат қилинишини эслатган «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» етакчиси халқаро ҳамжамиятдан вазиятга аралашишни сўраган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти қулаб, ўзи Москвага қочганидан кейин Исроил қўшини Жўлон тепалигидаги қуролсизлантирилган зонани кесиб ўтиб Сурия ҳудудига бостириб кирди. Стратегик аҳамиятга эга Аш-Шайх тоғини эгаллади ва Қунейтра музофотидаги қишлоқларда коммендантлик соати жорий қилди.

Исроил Сурияга қарашли Жўлон тепалигини 1967 йили Олти кунлик уруш якунида босиб олган. 1974 йили Сурия ва Исроил ўртасида ҳарбий кучларни ажратишга доир битим имзоланиб, 400 квадрат км ҳудудда буфер зона ташкил этилган.

Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилган ва ўз ҳарбийларига Сурия билан чегара ҳудуди ва уни назорат қилувчи позицияларни эгаллашни буюрган.

Исроил аскарлари Жўлон тепалигининг ажратувчи чизиғини кесиб ўтмоқда.

BBC’га кўра, Исроил сўнгги бир ҳафта давомида Сурия ҳудуди бўйлаб ҳаво, денгиз ва қуруқлик орқали 500 га яқин ҳужум уюштирган. Тель-Авив Суриянинг 80 фоиз ҳарбий салоҳиятини йўқ қилганини билдирган.

Ҳужумлар оқибатида Суриянинг турли музофотларидаги аэродромлар, тадқиқот марказлари, разведка, божхона ва радиоэлектроника бошқарув идоралари вайрон қилинган, қурол-яроғ омборлари, радар ва алоқа воситалари йўқ қилинган.

Исроил ҳаво ҳужумлари орқали Сурия флотини ҳам яксон қилди.

Тель-Авив иддаосича, ҳарбий объектлар ва қуроллар «мухолиф кучлар қўлига тушиши ва Исроилга таҳдид уйғотиши мумкин».

Таҳлилчилар эса Исроил вазиятдан фойдаланиб Сурияни янада заифлаштиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.

Исроил Сурия жанубидаги қишлоқларни эгаллашда давом этмоқда. Айни пайтда яҳудий давлати армияси Дамашқдан 25 км масофада экани айтилмоқда.

Аввалроқ Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Исроилнинг Сурияга қарашли ҳудудларни ишғол қилгани ва инфратузилма объектларига зарбалар берганини кескин қоралаган эди.

ИҲТга кўра, Исроил бу ҳаракатлари билан БМТ резолюциялари ва халқаро ҳуқуқни жиддий равишда бузмоқда.

Сурияда янги ҳукумат ички муаммолар билан андармон бўлиб турган пайтда Исроил маъмурияти Жўлон тепалиги ҳудудида яҳудий манзилгоҳларини икки баравар кўпайтириш режасини тасдиқлади.

Ҳозирда бу ҳудудда 30 мингга яқин яҳудий келгиндилари истиқомат қилади. 

Исроил бош вазири Нетаняҳу ўтган ҳафта берган баёнотида Жўлон тепаликлари абадиян Исроилники эканини иддао қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг