Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Шароф Рашидов яшаган вагон, Зулфияхонимнинг атлас кўйлаги, ўзбеклар йиғаётган «Kia» — Халқаро медиа-тур таассуротлари (биринчи мақола)

Шароф Рашидов яшаган вагон, Зулфияхонимнинг атлас кўйлаги, ўзбеклар йиғаётган «Kia» — Халқаро медиа-тур таассуротлари (биринчи мақола)

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда ўтказган медиа-турда хорижий ҳамда ўзбек журналистлари ўнга яқин объектда бўлишди. Тадбирлар кетма-кетлиги, ахборотнинг кўплигидан икки кун жуда тез ўтди. Дастурда белгиланмаган воқеалардан бири — вилоят ҳокими Эргаш Салиев билан кутилмаган учрашув бўлди. Буни, айниқса, хорижий журналистлар эътироф этишди.

Бугун таассуротларнинг бир қисмини ҳавола қиламиз.

Манзил борасида икки оғиз сўз

Жиззах нисбатан ёш вилоят, маъмурий жиҳатдан 1973 йилда ташкил этилган. Лекин, Жиззах шаҳар сифатида Х асрдаёқ маълум ва машҳур бўлган. Ушбу маконда милоддан аввалги асрларга тегишли қалъа ва бошқа меъморий иншоотлар бўлган. «Жиззах» деган ном Кичик қалъа маъносини берувчи суғдийча «Дизак» сўзидан келиб чиққанлиги айтилади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида ҳам шаҳар номини айнан шу шаклда тилга олади:

«Семиз этлар ва майда этмаклар арзон, чучук қовунлар ва яхши узумлар фаровон. Андоқусраттин мундоқарзонлиқ ва андоқбалияттин мундоқамонлиққа келдук

       Ваҳму усраттин амоне топтуқ,

       Янги жон тоза жаҳоне топтуқ.

Ўлум дағдағаси хотирдин раф бўлиб, очлиғ шиддати элдин даф бўлди. Умрумизда мунча фароғат қилмайдур эдук. Муддатул-умр амонлиғ ва арзонлиғ қадрини мунча билмайдур эдук... Уч-тўрт кун Дизакда истироҳат қилдук. Андин сўнг Ўратепа сари азимат қилдук».

Вилоятнинг бугунги «янгиланаётган» деб айтилаётган манзараси қанақа? Медиа-турга таклиф этилган ўттиздан ортиқ журналистга қандай маълумотлар тақдим этилади? Гарчи дастур олдиндан маълум бўлса-да, тадбир кайфиятини аввалдан башорат қилиш доимо қийин бўлган.

Хотира: Шароф Рашидов вагони, Зулфияхоним атлас кўйлаги ва Ҳамид Олимжон қўлёзмалари

Медиа-турнинг илк қадами Жиззах марказидаги Шароф Рашидов номидаги хотира хиёбонида давлат арбоби ва ижодкор ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди. Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги муносабати билан (2017 йилда) ушбу хотира хиёбони барпо этилганда, чоғроқ бюст ўрнида ҳайкал қад кўратган экан. 

Шу жойда Шароф Рашидовни яқиндан билганлар, унинг фаолияти билан таниш бўлганлар хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Олимжон Ўсаров Шароф Рашидовнинг журналистдан чиққан раҳбар бўлганини таъкидлади: «Республикани бошқарган даврда ҳам мухбирларни яхши тушунган, уларни ҳамма вақт қўллаб қувватлаган. Таҳририятлардаги муаммолар, ижодкорларнинг қувонч-ташвишларидан мудом хабардор бўлган».

Давлат арбоби ва ижодкорга аталган мажмуа таркибидаги музей томон юриб борар эканмиз, йўл-йўлакай «Ишонч» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов Шароф Рашидов Тошкентда яшаган уйда икки йилча яшаганини гапириб берди: «Совет Ўзбекистони» газетасида ишлаган вақтимда, яшашга бошқа жойим бўлмаганидан, ўша уйнинг кичик бир хонасида яшаганман. Оддий, жудаям оддий коттежда яшаган эканлар. Пастқамгина уй. Бугунги кунда оддий бир ўқитувчи ҳам ўша уйдан яхшироқ шароитда яшайди. Ҳашаматга умуман қизиқмаган одам бўлганлар. Ҳатто канализацияси ҳам бўлмаган...»

Шароф Рашидовнинг уй музейидаги қатор экспонатлар унинг камтарлигини тасдиқлар эди. «Шароф Рашидов ижодкорлар даврасида» деган улкан полотно олдида эса узоқроқ қолишди. Музей яқинида Ўзбекистон Республикаси раҳбари республика бўйлаб қатнаган ва сафар давомида яшаган вагон, ундаги китоблардан тортиб, кийим-кечаккача, одми идишлару ва пардаларгача нималарнидир ҳикоя қилаётгандек эди...

Шаров Рашидов сафар давомида яшаган вагон.

Медиа-тур иштирокчилари шу юрт фарзандларига эҳтироми сифатида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним хотирасига бағишланган мажмуада ҳам бўлишди. Майдонда, энг аввало, эътиборни тортадиган бу ижодкор жуфтликнинг ҳайкали – ягона композиция, қиёфаларнинг икки рангда гавдалантирилиши. Зулфияхоним умрининг сўнгги йилларидаги кўринишда, хаёлчан ўтирибди ва навқирон Ҳамид Олимжон бошдан оёқ оппоқ рангда юриб келаяпти. «Оқ ранг ҳаётдан эрта кўз юмган шоирнинг руҳи тимсоли» дейди йўлбошловчи.

Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжон ижод мактаби ўқувчилари мушоираси эса ўзига хос бўлди. Уларнинг номи билан боғлиқ музейда эса қўлёзмалар, Зулфияхоним кийган атлас кўйлак ва бир замонлар Ҳамид Олимжоннинг эгнида бўлган костюмни кўриш мумкин.

Зулфияхоним кийган атлас кўйлак
Ҳамид Олимжоннинг костюми

Пахта бойкоти бекор қилинди, Европа бозорига йўл осонми?

Ер юзининг ҳамма бурчагида пандемия таъсир қилмаган жабҳа қолмади ҳисоб. Жумладан, ишлаб чиқариш соҳаси бундан катта зарба кўрди. Лойиҳаси тайёр ва иш бошлаши керак бўлган корхоналар аҳволини эса тасаввур қилиш қийин. Жиззахдаги «NEWLAND» МЧЖ тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси асосидаги «Farali» фабрикасининг илк иш куни 2020 йил 1 мартига тўғри келган. Озроқ ишлаб фаолиятни тўхтатди. Сентябрдан қайтадан фаолияти тикланган.

Аввалига корхонанинг кўргазма залидаги маҳсулотларни кўриш имкони берилганда, илгакдаги спорт кийимлари тайёрланишида турк иш услуби, сифатини дарров илғадим.

Директор ўринбосари Ихтиёр Пўлатов корхонанинг илк қадамлари ҳақида гапиради. Аввалига корхона раҳбари Фаррух Алиқуловнинг кичкина цехи бўлган экан. Кенгайгач, Хитойдан ускуналар олиб келинган. Турк ҳамкорлар жалб қилинган. «Бугунда 250 та ишчи ишлаяпти», дейди Ихтиёр. Маошлари, шогирдлар учун 900 минг сўмдан бошланар экан. Буёғига иши миқдори ва сифатига қаралади. Корхонада «темир дафтар»га киритилган аёллар кам эмас. Бу ерда ўртача 2 млн. дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш мўлжалланган. 2021 йилнинг 6 ойида 817 минг долларлик товар Россияга эскпорт қилинган. Молдовага ҳам маҳсулот жўнатила бошланган. 

Корхона бош технологи Назим Кучук (таржимаси – Кичик) экспортда фақат Россия билан чекланмасдан Европага ҳам чиқиш учун ҳозирлик кўрилаётганини айтади. Унинг ўзи Туркиядан қарийб 40 йил давомида Европа бозорига маҳсулот етказган.

«Ишимиз равнақи учун Европага чиқишимизни давр тақозо қилмоқда. Лекин ҳозирча Европага чиқолмаяпмиз. Россиядан фарқли равишда Европанинг ўз стандартлари бор», дейди мутахассис.

«Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилиниши билан Европага йўлимиз очилаяпти», давом этади Ихтиёр.

Унга кўра, ҳам болалар меҳнати, ҳам мажбурий меҳнат бекор қилингани энди ўз ҳосилини беради.

«Бойкот бекор қилингани билан шундоқ Европага чиқиб бўлмайди. Уларнинг ўз сертификатлари бор. Бу экологик тоза маҳсулот. Инсон кийганда, айниқса болалар кийганда унинг терисига таъсир қилмаслиги керак бўлган химикатлар, тоза химикатлар дейилади. Буёқ жараёнида ишлатиш учун ана шу химикатларни сотиб олишимиз керак бўлади. Иккинчидан, корхонада ишчи-ходимлар меҳнат шароити, манфаатлари нормаси талабларига жавоб бериши керак. Бунда, корхона дейлик, ёруғлик етарлими, иссиқлик таъминланаяптими, вақтида овқатланаяптими, иш соатлари ошмаганми, фавқулотда ҳолатлар учун чиқиш йўлаклари тайёрми каби ўнлаб талабларга жавоб бериши керак», дейди у.

Маълум қилишларича, экосертификат ва ишчилар ижтимоий ҳимояси борасидаги сертификат учун ариза топширилган. Шунингдек, Италия, Германия ва Франция бозори учун маҳсулот намуналари ҳам жўнатилган. 

Расмий маълумотларда айтилишича, бошланишида лойиҳа қиймати 11 091 млн сўм, шундан банк кредити 7 000 минг доллар ва ўз маблағи 2 075 млн сўм бўлган.

Россияга қўлланган санкция Ўзбекистонни қайиролмайди

Жиззах вилояти иқтисодиётида автомобил саноатининг пайдо бўлиши анчайин йирик қадам. Пресс-релизда ёзилишича, 2021 йилда айнан шу йўналишда умумий қиймати 3,4 трлн. сўм бўлган учта йирик инвестиция амалга оширилган. Бунинг ортидан 1960 та иш ўрни яратилибди. 

Журналистларнинг навбатдаги манзили «ADM Jizzakh» МЧЖ  бўлди. Иш вақти тугагани боис бевосита ишлаб чиқариш жараёнини кўрмадик. Аммо цех бошлиғи Ҳошимжон Ғаффоров  корхона билан яқиндан таништирди, жараённи батафсил тушунтирди. Унинг айтишича, «Kia», «Renault», «Lada» русумли автомобиллар ишлаб чиқариш лойиҳасининг 2-босқичи амалга оширилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 2020 йилнинг беш ойи давомида завод қуриб битказилган ва ишга туширилган. Бугунги кунда заводда янги яратилган иш ўринларида 250 нафар жиззахлик меҳнат қилмоқда.

Россиянинг «ҳарбий амалиёти» ортидан топган санкциялари Жиззах автомбилсозлигига қанчалик таъсир кўрсатди? 

— «Renault»ни Россия орқали олардик. Лекин таъминотчи Россия бозоридан чиқиб кетди. Бу билан ишимиз тўхтаб қолгани йўқ. Унинг ўрнини  Жанубий Корея етказиб бераётган «Kia» автомобили билан тўлдираяпмиз, — дейди цех бошлиғи.

Иш соатларида иккита линия тўлиқ ишларкан ва соатига бешта машина йиғиб берилаяпти. Дарвоқе, корхонанинг ҳозирча вазифаси — капот ва унга комплект қилиб жўнатилган оддий болтларидан тортиб, ғилдирагигача ўрнатиб тайёр ҳолга келтириш экан. Суҳбатдошимиз ойига мингта автомобиль йиғилаётганини фахр билан айтди. 

«Завод ёнбошидан қурилаётган навбатдаги цех битганда, автомобиллар шу ерда бўялади», дейди мамнуният билан Ҳошимжон.

Журналист йигитлар  қатор тизиб қўйилган чиройли автомобилларга яхши ният билан ўтириб кўрадилар. Бу автомобиллар кўпаяверса, йўлларимиздаги зерикарли бир хилликдан воз кечсак керак. 

(давоми бор)

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг