Энди автобус рейсдан чиқиб тўйда хизмат қилолмайди – Самарқандда автоматлаштирилган диспетчер хизмати йўлга қўйилди
Самарқандда автоматлаштирилган диспетчер хизмати йўлга қўйилди. Ҳозирча синов тариқасида. Янги шаклдаги хизматнинг фарқи нимада? У йўловчиларга нималарни ваъда қилади?
Илк қадам
Янгидан жиҳозланган диспетчерлик хизмати хонасига кирганда, энг биринчи кўзга ташланадигани – катта элекрон харита. Унда махсус тизим орқали шаҳардаги 120 та, сўнгги бир неча ойда йўналишларга қўйилган янги автобуслар ҳаракатини кўришингиз мумкин. Ҳа, қатновда бўлиши керак бўлган 250 атрофидаги автобуснинг ҳаммаси бугунча тизимга уланмаган. Бу ҳақда кейинроқ...
Диспетчерлик хонаси, шунингдек, махсус дастурлаштирилган, йўлдошли навигация тизими ва геоахборот технологияси, бошқача айтганда, харитага мувофиқ мониторларлар билан ҳам жиҳозланган. Буларнинг бари GPS навигатори ўрнатилган жамоат транспорти қаерда экани, графикка қанчалик амал қилаётганини бевосита харитада кузатиш имконини беради. Бу ерда бир неча диспетчер ўзларига биркитилган автобуслар ҳаракатини назорат қилади ва бошқаради.
– Самарқанд шаҳрида ҳозирча 6 та электробус қатнаяпти. Йил давомида улар сони 100 та бўлиши режалаштирилган. Бугунда Темирйўл вокзали – Самарқанд халқаро аэропорти йўналишидаги М1 рақамли электробуслардаги йўловчилар, уларга кўрсатилаётган хизмат, транспорт ҳаракатидаги йўл, барчаси камераларда яққол кўринади. Масалан, мана бу тасвирда кўриб турганимиз – йигит айни вақтда ана шу электробусда кетаяпти. Тизим, босқичлар асосида шаҳардаги барча жамоат транспортларини қамраб олиши кўзда тутилган, – дейди вилоят транспорт бошқармаси матбуот котиби Шерзод Халилов.
Хайр, «Isuzu»!
Матбуот котибининг айтишича, тизим орқали ҳозирча GPS ёрдамида фақат ҳаракат траекторияси кузатилаётган 100 дан ортиқ янги автобусларда ҳам босқичма-босқич тарзда камералар ўрнатилиб борилади.
Лекин, Самарқанд шаҳридаги автобуслар ҳаракати юкламаси бир кунда 250 автобусга тўғри келаяпти. Ҳозир аҳолига хизмат кўрсатаётган 160 та «Isuzu» русумли кичик автобуслар замонавий талабларига жавоб бермайди, деб ҳисобланаяпти ва улар тизимга уланиши кўзда тутилмаган. Аниқроғи, улар ўрнига олинадиган янги автоуловларга GPS ускунаси ўрнатилиши режалаштирилган.
– Бугунги талабларга кўра, автобусда иситиш, совутиш тизими бўлиши шарт, картадан тўлов қилиш учун валидаторлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар бўлиши керак. Йўловчи ҳисобини оладиган қурилманинг бўлиши ҳам муҳим. «Isuzu» русумли кичкина, зинаси баланд автобуслар бу талабларга жавоб беролмайди. Биз зинаси паст ҳолатдаги, ўрта сиғимдаги ёки катта сиғимдаги автобусларни кутаяпмиз. Мутахассислар ҳисоб-китоби, Самарқанд шаҳрининг янгиланган, кенгайтирилган чегараси ҳисобида аҳоли жамоат транспортига эҳтиёжи талаби қондирилиши учун 500 та замонавий автобус (электробус) кераклигини кўрсатди. 120 таси (115 та автобус + 6 та электробус) келди деб ҳисобласак, яна 380 та жамоат транспорти керак, – фикрларини рақамларда изоҳлайди Шерзод Халилов.
Ҳозирча, Самарқанд шаҳрида йўловчи ташиётган «Isuzu» автобуслари босқичма-босқич янги, замонавийларига алмаштирилиб борилар экан, эски автобуслар шаҳарни туман билан боғловчи ва туманлар ичидаги йўналишларга қўйилади.
Транспорт ҳаракати жозибадорлиги...
Демак, бугун Самарқандда фаолиятдаги электробуслар, янги автобуслар ва талабга нолойиқ деб айтилган эски автобусларни, бунинг устига трамвайларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда ва улар рисоладаги тарзда йўналишда бўлганда, аҳоли эҳтиёжи фақат 50 фоизга қондирилаяпти. Бошқача айтганда, бир кунда ўртача ҳисобда 100-120 минг йўловчига хизмат қилинмоқда. Бу эса аҳолининг 19 фоизидир.
– Аҳолининг 80 фоизидан ортиғи бошқа транспорт воситасини афзал билаяпти экан, шаҳар сиз айтгандек, барча қулайликка эга, комфорт автобус ва электробуслар билан таъминласа, эҳтимол, шахсий машиналар камаяр ва тирбандлик чекинар, – савол бераман Шерзодга.
– Транспорт ҳаракати жозибадорлигини ошириш учун жамоат транспортида қулайликлар яратиш қаторида устуворликлар ҳам берилиши керак. Тошкентда бу нарса амалга оширилияпти. Бизда ҳам ҳозирча иккита кўчада, Бўстонсарой билан, Ибн Сино кўчаларида автобуслар учун алоҳида йўлаклар яратилган, қўпол қилиб айтганда алоҳида полосамиз бор. Бошқа йўналишлар учун ҳам ана шундай алоҳида йўлаклар тайёрланса, у ердан фақат жамоат транспорти ва махсус машиналар юриши таъминланса, ана шунда жамоат транспортининг жозибадорлиги ошади. Дейлик, сиз шахсий машинангизда ишга 25 дақиқада етиб борасиз. Лекин, автобусда шу манзилга 15 дақиқада етасиз. Шунда сиз, табиийки, автобусда юрадиган бўласиз.
Сифатли транспорт хизмати фақат бошқармага боғлиқми?
Тасаввур қила бошлайман. Тирбандликдан холи кўчалар, чеҳраси очилган йўловчилар, сўкинмаётган ҳайдовчилар... Шундай кунларнинг бирида мен электробусга чиқиб репортаж тайёрлаяпман. Тасаввур қилишнинг ўзи қанчалик ёқимли.
Хаёлларимни, электрон харитада қайдланган автобуслар орасида ишламаётганлари кам эмаслиги ишоралари тўзғитиб юборади. Харитада 15-йўналишдаги қайддаги 7 та автобусдан 5 таси кўк рангда ва 2 таси қора рангда турибди. Бу иккита автобус умуман йўлга чиқмади, дегани. Эътибор бериб қарасам, бошқа йўналишларда ҳам аҳвол шу, бундан ёмонроғи ҳам бор. Сабаби билан қизиқаман. Кеча, 13 мартда (бошқармада бўлган кунимиз – 14 март) қор ёққани ва ҳаво совуқ бўлгани муносабати билан жамоат транспортлари ва махсус автоуловларга хизмат қиладиган ёқилғи қўйиш шохобчасида газ белгиланганидан кам берилган. «Сифатли транспорт хизмати фақат бошқармага боғлиқ эмас!» деди диспетчер хонасига кириб келган ходимлардан бири...
Ҳайдовчига режа қўйилмайди
Бугунда жамоат транспорти хизмати ҳақида фикрлари сўралганда, самарқандликлар айрим ҳайдовчилар қўполлиги, йўловчиларни «ўтиндек ташиши», каттароқ бекатларда одам лиқ тўлмагунча жилмаслигини асосий камчилик сифатида айтишади. Кўпчилик, жамоат транспортида кондиционер ишлаши ёки зиналарни паст бўлиши муҳимлигини ҳали илғамаётгандек. Дарвоқе, айни рейсда бўлиши керак бўлган вақтда, пешанасидаги рақами билан автобуслар тўй-маъракаларга хизмат қилиб юрганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз.
– Энди ҳар бир жамоат транспорти давлат рақами тизимда қайдда турар экан, у тўйга хизмат қилиши тугул, 5 дақиқалик фарқда иш бошлаши ҳам қоидабузарлик ҳисобланади. GPS қурилма транспортнинг ҳар бир метр ҳаракатини айтиб турса, ҳайдовчи рулни бошқа ёққа буриб ўзича иш юритишига имкон қолмайди, – дейди Шерзод Халилов.
Суҳбатдошим «Янги тизим орқали сифат мезонига ўтамиз» дейди. Унинг тушунтиришича, ҳайдовчи ўзини қандай тутаяпти, аҳолига қандай хизмат кўрсатаяпти, оралиқ бекатларда қолиб кетмаяптими, эрта келиб қўйяптими ёки бирорта йўловчи билан жанжаллашдими, ҳаммаси диспетчерлик марказида белгилаб борилади.
Шерзод Халилов иш сифати ҳайдовчининг маошига тўғридан тўғри таъсир қилишини шундай тушунтиради: «Ҳайдовчиларимизга энди режа қўйилмайди. Махсус жамғарма тузилади ва уларга шу орқали маош берилади. Ташувчига йўловчи сони ҳисобидан эмас, балки босиб ўтилган масофа бўйича пул тўланади. Масалан, йўналиш давомийлиги 8 км. бўлган ҳайдовчи, ана шу 8 км. йўл босгани учун, олдиндан белгиланган миқдордаги пулни олади. Лекин, агар у тоза ишласа ва жаримаси бўлмасагина, ўша пулни тўлиқ олади. Диспетчерлик марказидаги қайдлар туфайли жаримага тортилиб бораверар, умумий даромадидан жарималари чегириб олинаверар экан, ташувчи талабларнинг ҳаммасини бажаришга ҳаракат қилади».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралидаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ана шундай эврилишларга асос бўлган.
Кўзда тутилмаган экспримент
Белгиланган суҳбатга кечикмаслик учун бошқармага таксида келган эдим. Қайтишда автобусда кетгим келди. Бошқармага яқин бекатда манзилимга борадиган автобуслар кўринавермади. Бироз пиёда юриб жамоат транспортлари билан боғлиқ хотираларимни «титкилайман». 80-йиллар бошида академик Воҳид Абдуллаев «Чорраҳа» бекатидан чиқиб 1-автобусда СамДУга ишга қатнарди. Гарчи, у, ягона академик, хизмат машинасидан фойдаланиши мумкин эди...
«Фаровон» супермаркети олдидаги бекатдаги манзара олдида туриб қолдим. Бекатнинг шундоқ олд қисми узунасига 70-80 см.ча жарлик қилиб, афтидан экскватор билан ўйиб ташланган. Анчадан буён шу аҳвол, дейишди атрофдагилар. Автобус бекатнинг қаерида тўхтайди? Дейлик, бекатда ўтирган ёш болали ёки ҳомиладор аёл ёхуд ҳассали ногирон отахон мана шу «жарлик»дан ўтиши осонми? Бекатлар учун масъул – Самарқанд шаҳар ҳокимлиги.
Шу жойида бекатлар билан боғлиқ яна бир гап ёдга тушади. Шоҳи Зинда, Ибн Сино каби кўчаларда пластик деворли бекатлар қурилганига ҳали кўп бўлмади. Ўтирғичлар орқасидаги пластик деворлар негадир косачанинг оғзидек келадиган ўнлаб тешиклар билан безатилган. Ёғинли кунларда ана шу тешиклардан тушадиган ёғмир суви скамейкаларни шалоббо қиладики, қуёшли кунгача уларда ўтириб бўлмайди. «Транспорт хизмати фақат бошқармага боғлиқ эмас» деган гап яна қулоғим остидан ўтгандек бўлади.
Амир Темур кўчасидан Мирзо Улуғбек кўчасига ўтаман. «Зебо» мажмуаси рўпарасидаги катта бекатда Сиёб бозори томон борадиган автобусларни кута бошлайман. Ҳартугул, 66-автобус келди. Янги автобус. Кичкина эмас. Бу жой марказ бўлганиданми, «гурра» йўловчи тушди ва ундан ҳам кўпроғи чиқди, шекилли, бир неча киши сиғмай ташқарида қолдик. Қалампирнусха дўппи кийган чиптачининг ўзи орқа эшикдан зўрға кирди.
14 март кунида Самарқанд шаҳрида автобус одатдагидан кам чиққани кўчаларга бир қарашда сезиларди. Муаммо газ таъминоти билан боғлиқ!
Манзилигимга етказиши мумкин бўлган кейинги транспорт 64-автобус эди. «Isuzu» русумидаги кичик автобус. Тирбанд бўлса ҳам бирпасда Даҳбед – Рудакий кўчалари кесишмасига етиб келдик. Кейинги бекатда тушишим керак. Пластик картамни тайёрлаб, олдинги эшик томон ўтаман. Бекатга яқинлашаётганда ҳайдовчи «Ҳаваси»га тушадиган борми?» дейди. «Бор» дейман. Яна сўрайди «Тушадиган борми?». «Бор дедим-ку, ўзи сўрамасдан ҳам тўхтатишингиз керакмасми?» «Э-э-э, мен жинниманми, тушадиган одам бўлмаса тўхтатавериб». «Кўрсатмасину, агар мен кар-соқов бўлганимда-чи?». Ҳайдовчи жавоб беролмай қолди...
Сўнгсўз ўрнида
Ҳайдовчиларга ҳам қийиндек. Ҳали онлайн кузатилмаётганлари орасида ҳамон санжоб бекатларни мумкин қадар четлаб ўтиб, бунинг эвазига гавжум жойлардан кўпроқ йўловчи олишни ўйлайдиганлар бор. Чунки, даромадини ҳозирча йўловчи сони билан белгилайди. Шу топда Мирзо Улуғбек кўчасида, 2002 йил кузида, аслида йўловчи тўплаш билан бошланган жанжалда ҳайдовчилардан бири, иккинчиси ҳайдаб кетган автобус остига қолиб ҳалок бўлганини эсладим.
Мен буларни нима учун ёзаяпман? Агар автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати тўлиқ йўлга қўйилса, эзгу режаларнинг ҳаммаси амалга ошса, бундай нохушликлар тамоман рўй бермайди. Асаббузарликлар ҳам, уруш-жанжаллар ҳам. Ҳа, юқорида айтилган, 59-қарор ижроси тезроқ амалга ошсин!
Лекин, шунда ҳам ҳамма биргаликда ишлаши муҳим. Аввало, хориждан фалон пулга харид қилинган замонавий автобуслар гаражда туриб қолмаслиги керак, рисоладаги тартибда газ билан таъминланиши лозим.
Соҳага оид бошқа жиҳатлар ҳам кам эмас. Юқорида мисол келтирдик, бекатлар – йўловчига ҳурматнинг бошланғич нуқтаси. Уларни чиройли номлаш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Ҳар гал Даҳбед кўчаси Регистон кўчасига туташган жойда чиптачилар «Арақзавод! Арақзавод!» деганда, бу бекат Амир Темур бош саройи ўрнида эканини билган йўловчи афсус чекиб қўяди. (Бир вақтлар фаолият юритган корхона эса бузилиб кетганига неча ўн йиллар бўлди)
Жамоат транспортида қўйиладиган қўшиқлар билан ҳеч қизиққанмисиз? Бир куни, ўша куни ҳайдовчининг отасими, онасими вафот этган кун эканми, кўнгилни эзадиган, ўтган ота-оналар йўқланган ўндан ортиқ қўшиқ кетма-кет қўйиб борилар экан, атрофдагилар мунғайиб қолган, бир нечалар кўз ёшларини артиб бораётган манзарани тасаввур қиласизми? Эрталабдан! Уззууун йўналишда! Бошқа ҳолатларда ўта енгил-елпи, «доля воровская»га ўхшашларини эшитиб боришга мажбур бўлганимиз бор. Аслида булар майда гап эмас!
Транспорт ҳаракати жозибадорлиги бир томондан йўловчиларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Электробуслар, автобуслар, трамвайлар кечгача тоза-озода бўлиши, салонда чиройли муҳит сақланишини аввало улар таъминлайдилар.
Ҳа, айтганча, тўйлар бўлаверсин! Фақат уларга махсус, шу вазифага йўналтирилган автобуслар хизмат қилсин.
Қўшни давлатлар эскпертларининг «Сизларда яхши қарорлар чиқади» деган эътирофларини кўп эшитамиз. Қарорлар ижросига ҳам ҳавас қилгулик амаллардан умидвормиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter