Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қуролли кучлар ва бошқа кучишлатар тизим ходимларига иш вақтида ибодат қилиш тақиқланяпти

Қуролли кучлар ва бошқа кучишлатар тизим ходимларига иш вақтида ибодат қилиш тақиқланяпти

Ўзбекистон Қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлари ходимларига иш жойларида диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш тақиқланди.

Бу борда чекловлар жорий йил 29 ноябрь куни қабул қилинган ЎРҚ-1008-сон қонунда белгилаб қўйилди.

Мазкур ҳужжат билан «Прокуратура тўғрисида»ги, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги ҳамда «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунларига юқоридаги чекловни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Юқорида санаб ўтилган вазирлик ва идораларда хизмат ўташ билан боғлиқ чекловлар сарасига, жумладан, қуйидагилар киритилган:

  • хизматни ўташ вақтида диний расм-русумлар ва маросимларни бажаришга, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган алоҳида ҳоллар бундан мустасно;
  • прокуратура органларининг биноларида ва ҳудудида диний расм-русумлар ва маросимларни ташкил этишга, диний мазмундаги материаллар ва буюмларни сақлашга, хизмат мажбуриятларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Ўз навбатида, ушбу чекловларга риоя этмаганлик Ўзбекистон Қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлари ходимларини қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши белгилаб қўйилган.

Ушбу қонун матнида тушунтирилишича, айни вақтда жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вазифаларнинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизматни ўтаётган шахслар учун белгиланадиган чекловларнинг қонун билан тартибга солинишини тақозо этмоқда.

Мазкур Қонун эса «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жанговар шайлигини ва хизмат фаолияти самарадорлигини янада оширишга, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида тарбиявий ишлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади».

Маълумот учун, ушбу тартиб расмий эълон қилинганидан кейин бир ой муддат ўтиб кучга киради.

Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Парламент Қуйи палатаси томонидан жорий йил 15 октябрда қабул қилинган, 23 октябрда эса Сенат томонидан маъқулланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг