Қозоғистон суди ўзбекистонликни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди

Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон вилоятида тўрт нафар ватандошини ўлдирган 48 ёшли ўзбекистонлик умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Хабар қилинишича, 48 ёшли айбланувчи 2024 йил май ойида Байтерек туманида даҳшатли жиноятга қўл уради.
У 9 май куни шерикларидан бирининг туғилган кунида спиртли ичимлик таъсирида бошқа бир ўзбекистонлик фуқаро билан низолашиб, жанжал кўтаради. Уни бир неча марта ташқарига олиб чиқиб, тинчлантиришга уринишади. Лекин у яна қайтиб кириб, болта кўтариб шерикларига таҳдид қилади ва «ҳозир ҳаммангизни ўлдираман», дея бинодан чиқиб кетади. Бир муддатдан сўнг бензин солинган идишни кўтариб киради ва уни ёниб турган газ плитаси устига ташлайди. Бино ёнувчи материаллар билан жиҳозлангани сабаб аланга тез тарқайди ва бирдан ёниб кетади.
Оқибатда эса тўрт нафар эркак олган куйиш жароҳатлари натижасида воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бир киши термик куйиш жароҳати олган. Марҳумлар икки ака-ука Худайбердиевлар ва яна икки ака-ука Намозовлар экани аниқланган.
Суд терговида айтилишича, уларнинг барчаси мавсумий ишлар учун Қозоғистонга келган ва вақтинчалик тураржойларда яшаган.
Судда жабрланувчилар ва гувоҳлар айбланувчига энг оғир жазони сўрашган.
Айбланувчи эса ўз айбини қисман тан олиб, идишда бензин эмас, сув бор деб ўйлаганини ва одам ўлдиришни қасд қилмаганини айтган. Бироқ, суд унинг сўзларига шубҳа билан қаради ва уни икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter