Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркистон шаҳрига алоҳида мақом берилди

Туркистон шаҳрига алоҳида мақом берилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Туркистон шаҳрининг алоҳида мақоми тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати маълум қилди.

Қонунда Туркистон шаҳрининг мамлакатнинг маънавий, тарихий, маданий, сайёҳлик маркази ва меъморий мероси сифатида алоҳида мақоми белгиланган.

Ҳужжатда Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ва бошқа ёдгорликларни муҳофаза қилиш, археология ва реставрация ишларини тартибга солиш, тарихий-маданий мерос ва миллий ҳунармандчиликни тиклаш, муҳофаза зонасида биноларнинг баландлиги ва услубига чекловлар жорий этиш,  археологик қўриқхона ташкил этиш, шаҳарнинг тарихий ўзига хослигини сақлаб қолиш билан бирга туризмни ривожлантириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш каби чоралар кўзда тутилган.

Сирдарёнинг ўрта оқимида жойлашган Туркистон шаҳри минтақанинг қадимий маданият марказларидан бири саналади. Шаҳар Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг маъмурий марказидир.

Туркистон 2021 йилда Туркий давлатлар ташкилоти томонидан «Турк дунёсининг маънавий пойтахти» деб эълон қилинган.

Шаҳарнинг энг кўзга кўринган тарихий-маданий бойлиги Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг