Ўзбекхонга атаб олтин вараққа кўчирилган Қуръон: 700 йиллик тарихга эга қўлёзма топилди
Туркиянинг Сулаймония кутубхонасидан топилган қуръон қўлёзмасини айни пайтда реставрация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақида Тошкентда ўтаётган Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги доирасида маълум қилинди.
Ушбу Қуръон 1318 йилда Олтин Ўрда хони — Ўзбекхонга атаб, олтин вараққа кўчирилган ва бу Мўғуллар давридан кейин сақлаб қолинган асосий Қуръон мусъҳафи ҳисобланади. Туркиялик профессор Эмек Ушенмезнинг таъкидлашича, қўлёзма усмонийлар ҳукмдори Фотиҳ Султон Меҳмет томонидан 1475 йилги Қрим юришидан ўлжа сифатида Истанбулга олиб келинган.
«Бу мўғуллар даврида ёзилган ва бағишлов қисмида ўзбек номи келтирилган биринчи тўлиқ кўчирилган Қуръондир. Ўзбекхон Қуръонининг барча жилдлари олтин билан ишлов берилган бўлиб, Олтин Ўрдада зарҳал қоғозга муҳаққақ услубида кўчирилган ва унинг деярли барча саҳифалари бизгача тўлиқ етиб келган. Бу давр хаттотлари юқори малакали ҳунармандлар бўлиб, уларнинг ишлари кўпинча нафислик ва аниқлик билан ажралиб турган. Ўзбекхон Қуръонида мураккаб безак элементлари, геометрик ва гул нақшлар акс эттирилган. Булар қўлёзманинг визуал жозибасини оширади ва ўша даврда кенг тарқалган бадиий услубларни намоён этади. Айнан мураккаб технология ва ўз даврининг илғор усуллари бугунги кунда ушбу мусҳафнинг ўта ноёблигини таъминлайди» - деди профессор Эмек Ушенмез.
Маълум қилинишича, ушбу қўлёзма Ислом маданияти ва таълимида алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, у диний матнларни сақлаш ва мусулмон давралар ўртасида саводхонликни оширишда хизмат қилган. Ҳозирда Ўзбекистондаги ислом цвилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда ушбу ноёб қўлёзмани реставрация қилиш ва факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.
Умуман олганда Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги кўплаб шов-шувли янгиликларга бой ўтмоқда. Улар сирасига темурий малика ўз қўли билан ёзган, Амир Темур даврига оид ноёб қуръон қўлёзмалари ҳамда Бобурийларга оид муҳташам албомнинг топилгани киради. Ушбу ва бошқа 114та қўлёзмаларнинг барча факсимиле нусхалари Ўзбекистонга қайтарилиб, Ислом цивилазиция маркази биносидаги гумбаз остида кўргазмага қўйилиши маълум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter