Блогер Фарҳод Манноповнинг ўлимида айбланган шифокорларга ҳукм ўқилди
Блогер Фарҳод Маннопов ўлимида гумонланган икки шифокорга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида А. Х. (эркак, 1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, «Omad Plyus» МЧЖга қарашли «Star Med Centr» хусусий клиникаси отоларинголог, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган) ва Ж. Қ. (эркак, 1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, «Omad Plyus» МЧЖга қарашли «Star Med Centr» хусусий клиникасида анестезиолог-реаниматолог вазифасида ишлаган, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг раиси Д. Комилов раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ А. Х. ва Ж. Қ. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди, дейилади Олий суд тарқатган маълумотда.
А. Х. ва Ж. Қ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ж. Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter