Ноқонуний тамаки савдоси: давлат миллиардларни бой бермоқда
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Илмий тадқиқотлар ва инновациялар департаментининг янгиланган маълумотларига кўра, 2024 йил 1 сентябр ҳолатига Ўзбекистонда ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмасининг улуши 12,5% га етди. Бу яширин савдо муаммосининг кенг кўламига далолат қилади. Жорий йилнинг биринчи 8 ойи давомида давлат ноқонуний сигарет сотилиши туфайли 353.2 млрд сўм солиқ тушумини бой берди.
Фарғона водийси тамаки маҳсулоти яширин бозорининг маркази саналади. Бу ҳудудда ноқонуний айланма улуши мамлакат бўйлаб ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада ошиб, 25,6%га етди.
Фарғона водийсининг айрим шаҳарларида вазият яна ҳам ёмон: Марғилонда ноқонуний айланма 27,2% ни, Қўқонда – 25,6% ни, Фарғона шаҳрида эса – 19,7 фоизни ташкил қилади.
Наманган вилояти ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмасининг юқори даражаси билан ажралиб туради, у вилоят бўйича 43,6 фоизни ташкил этади. Наманган шаҳрида ушбу рақамлар 49,3 фоизга етади, бу Ўзбекистон ҳудудлари ичидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, ушбу муаммога қарши шошилинч чоралар кўришни талаб этади.
Навоий вилояти (11,2%), Тошкент вилояти (9,1%) ва Тошкент шаҳри (8,8%) каби айрим ҳудудларда ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмаси даражаси умумреспублика кўрсаткичидан пастроқ.
Ноқонуний сигаретлар орасида қуйидагилар энг машҳур: Milano (7,3%), Oris (1,7%) ва Esse (1,4%).
Ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмаси Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий таҳдид солади, чунки у солиқ тушумлари камайишига олиб келади.
Ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмасига қарши курашиш учун қуйидагиларни ўз ичига олган комплекс чоралар талаб этилади:
• Тамаки маҳсулоти импорти ва экспорти устидан назоратни кучайтириш;
• Сигарет контрабандаси ва ноқонуний ишлаб чиқарилишига қарши курашиш;
• Аҳолининг чекиш зарари ва ноқонуний маҳсулот тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;
• ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва солиқ хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter