Нетаняҳу суд қора курсисида

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 4 март куни сўроқ бериш учун Тель-Авив округ судига келди. Ўн бешинчи эшитув давомида порахўрлик, фирибгарлик ва ваколатни суиистеъмол қилишга оид жиноят ишининг навбатдаги эпизодлари муҳокама қилинди.
Нетаняҳу жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб этилган илк амалдаги ҳукумат раҳбари саналади.
Аслида, унга қарши жиноят иши 2020 йилда қўзғатилган. Аммо яҳудий давлати ҳамда ҲАМАС ўртасидаги уруш сабаб маҳкама жараёни ортга сурилганди. 2024 йил декабрь ойида суд қайта бошланган.
Беш йилдан буён чўзилиб келаётган жиноят иши доирасида яна камида 9 та суд мажлиси бўлиши кутилмоқда.
Нетаняҳу ноқонуний равишда совға олиш ва икки йирик ОАВни сотиб олишга уринишда айбланмоқда.
Тергов идорасига кўра, Нетаняҳу миллиардер ва кинопродюсер Арнон Мильчандан унинг тижорий ишларига кўмак бериш эвазига бир неча ўн минг долларлик совғалар олган.
Бундан ташқари, у Walla янгиликлар сайтига эгалик қилувчи Bezeq телекоммуникация ширкатига 475 минг евролик тартибга солиш хизматини тақдим этган. Прокурорлар қайдича, бунинг эвазига ширкатга қарашли ОАВ Нетаняҳу ва унинг хотини ҳақида мақтов руҳидаги материаллар эълон қилган.
Бош вазир «Едиот Ахронот» нашри билан ҳам шундай муносабатга киришишда айбланмоқда.
Нетаняҳунинг ўзи айбловларни рад этмоқда.
Исроил қонунчилигида порахўрлик учун ўн йилга қадар, фирибгарлик ва ваколатни суиистеъмол қилиш учун эса уч йилга қадар қамоқ жазоси белгиланган.
Нетаняҳуни Халқаро жиноят суди ҳам оғир жиноятлар учун таъқиб қилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган.
Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter