Мамлакат Башар Асад рафиқасини қабул қилишга тайёр эмас – Буюк Британия ТИВ
Буюк Британия Башар Асаднинг рафиқаси мамлакатга қайтишни истаса, уни қабул қилишга тайёр эмас. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Айрим турк ва араб ОАВлари Асма Асад 24 йиллик турмушидан кейин ажрашиш учун ариза бергани ва ўзи туғилиб ўсган Буюк Британияда – Лондонда янги ҳаёт бошлашни хоҳлаётганини ёзган эди.
Асма, ўз навбатида, Сурия ва Британия фуқаролигига эга. Бироқ, шунга қарамай, Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми Дамашқ қулаганидан кейин Асма Асад ҳақида «Буюк Британияда севилмаган одам» дея таърифлаган.
«Мен сўнгги кунларда Британия фуқароси бўлган Асма Асаднинг мамлакатимизга киришга ҳаракат қилиши мумкинлиги ҳақида эшитяпман. Лекин, таъкидлаб айтмоқчиманки, у санкциялар остида ва қиролликда ёқимли одам эмас», – деган Дэвид Ламми.
Бир муддат икки фуқаролиги бўлган Асмани Британия фуқаролигидан маҳрум қилиш масаласи ҳам ўртага чиқди. Бироқ Британия Бош вазири Кей Стармер Асад режими қулаганидан кўп ўтмай, Асманинг Британия фуқаролигидан маҳрум этилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, икки ҳафта муқаддам мухолифат кучлари пойтахт Дамашққа кириб, Башар Асад режимини қулатган эди. Шундан сўнг Асад оиласи Россияга қочиб ўтганди.
Айрим манбаларга кўра, ҳозирда Башар Асадга Москвадан чиқиб кетиш тақиқланган. Бироқ Асаднинг рафиқаси ажрашиш учун Москва судига ариза берган ва мамлакатдан чиқиб кетиш учун «махсус рухсат» сўраган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича эса Асаднинг ҳаракатларига чекловлар ва унинг рафиқаси ундан ажралиш режалари ҳақидаги маълумотлар «ҳақиқатга тўғри келмайди».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter