Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кўп хотинлик рекламаси ва юзни тўсиб юришни тақиқловчи қонун маъқулланди

Кўп хотинлик рекламаси ва юзни тўсиб юришни тақиқловчи қонун маъқулланди

Олий Мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда мамлакатимизда фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Шунингдек, реклама, кўнгилочар ва таҳлилий материаллар орқали кўп хотинлик ва унинг «афзалликлари»ни тарғиб қилиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган.

Республика бўйича 2020 йилда 16 564 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 18 955 тани ташкил этган.

Конституциямизга асосан унда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлар фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий аҳлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги назарда тутилган.

Шу боис мутасадди идоралар томонидан Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Қонун билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда. Бунда, жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлар ҳам инобатга олинмоқда, дейилади Олий Мажлис Сенати хабарида.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг