Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Каратэ устасининг ўлдирилиши

Каратэ устасининг ўлдирилиши

У экранга янги қиёфа олиб кирган, шу боис иштирокидаги фильмларни томошабинлар кўришга ошиқишарди. Чапдаст, абжир бу йигитнинг қоплондек чаққон ҳаракатлари ҳеч қайси мухлисни бефарқ қолдирмасди. Афсуски, актёрнинг умри қисқа бўлди. У ўзи ишонган ваҳший одамлар томонидан шафқатсизларча ўлдирилди. «ХХ аср қароқчилари», «Том Сойер ва Гекльберри Финн саргузаштлари» ва «Бўри ўраси» ва бошқа машҳур фильмларда суратга бу актёр Талъат Нигматуллин эди...

 Болаликдаги кўз ёшлар

Талъат Қодирович Нигматуллин 1949 йилнинг 5 мартида Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Қизил Қия шаҳрида ўзбек-татар оиласида туғилган. Айрим манбаларга кўра, унинг Ўзбекистонда таваллуд топгани ва бир ёшга етар-етмас оиланинг Қизил Қияга кўчиб ўтгани қайд этилган. Ўзининг кўплаб интервьюларида ҳам Талъат Тошкентда туғилганини айтган.

Бўлажак актёрнинг болалиги оғир кечди. Шахтёр отаси Талъат икки ёшга тўлмай туриб фожиали тарзда ҳалок бўлди. Оила мушкул аҳволда қолди. Кейинчалик Талъат ўсмирлик давридан пул ишлаб топишга киришди: шакар заводи, пойабзал устахонасида хизмат қилди. Унинг онаси мактаб директори бўлса-да, оила ниҳоятда муҳтож яшарди. Икки болани ўстиришга қийналган она Талъатни болалар уйига топширишга мажбур бўлди.

Талъат одамови бўлиб вояга етди. Унинг соғлиғи яхши эмас, болалигида ширзада (рахит) билан оғриган эди. Тенгдошлари билан ўйинлар кўпинча Талъатнинг кўз ёшлари оқиши, кўзининг кўкариши, гоҳида эса жиддий жароҳатлар олиши билан якун топарди. Бир куни кашшофлар оромгоҳида ҳамқур қиз оёғи қийшиқ бу ўсмир билан рақс тушишдан бош тортди. Бундан қаттиқ ранжиган Талъат кўз ёшларини ҳеч ким кўрсатмаслик учун олис чўлга қараб югурди. Ана ўшанда у танасини чиниқтиришга қасам ичди.

Талъатнинг бал рақслари, енгил атлетика, кейинчалик каратэ машғулотлари бошланди. Одамови ўсмир фақат китоблар мутолаасидан таскин топарди. Орадан маълум вақт ўтгач, у шу қадар бийрон ва адабий тилда гаплашадиган бўлдики, яқинлари ёқа ушлаб қолдилар. Тилни пухта ўрганишга аҳд қилган Талъат «Уруш ва тинчлик» романининг икки томини қўлда кўчириб чиққан эди!

Энг катта орзуси кинорежиссёр бўлган Талъат мактабни тугатгач, ВГИКга кириш учун Москвага йўл олди, аммо ўқишдан йиқилди. Биринчи омадсизликдан сўнг Москвадан кетишни истамади, цирк ва эстрада санъати билим юртига ҳужжатларини топширди. Қабул қилинди. Бу даргоҳда таҳсил олиш чоғида Талъат спортнинг кураш тури билан жиддий шуғулланди. У ўша пайтдаёқ кўркам қиёфа ва ноёб истеъдодга эга эди. «Мосфильм»дагилар ёш йигитчага эътибор қаратишди. Талъат Нигматуллин «Комиссар ҳақида баллада» фильмига таклиф қилинди.

«Бу биринчи роль унинг кейинги фаолият йўналишини белгилаб берди. Талъат ялтироқ қўлқопли ёш аблаҳ образини шу қадар маҳорат билан ижро этдики, келгусида разил қаҳрамонлар тимсоли унга ёпишди-қолди. Ваҳоланки, Нигматуллин бутун умр бошқа ролларни орзу қилган эди» (Алишер Ҳамдамов интервьюсидан).

ВГИКда Нигматуллин бўлажак юлдузлар Николай Ерёменко (кичиги), Вадим Спиридонов, тўрт нафар Наталья — Белохвостикова, Гвоздикова, Ўринбосарова ва Бондарчук билан бирга ўқиди.

 Оилали, аммо... тайёр эмас!

1971 йили олий ўқув юртини тугатган Талъат Тошкентга келди ва «Ўзбекфильм»да актёр бўлиб ишлай бошлади. Унинг иштирокида «Еттинчи ўқ» (1972), «Учрашув ва видолашувлар» (1973), «Сиёвуш ҳақида достон» (1976) фильмлари суратга олинди.

Нигматуллин ижодининг бошқа қирраси оммага унча маълум эмас — у ҳикоялар ва шеърлар ёзган. Бўш вақтини ҳамиша уйда ўтказар ва ёзарди. Тошкентда Нигматуллиннинг бир нечта ҳикоялари босиб чиқарилган, ҳатто насрдаги илк китоби чоп этишга тайёрланаётган эди. Кинодраматург Одилшоҳ Агишев унинг ёзганларини ўқиб, сценарийнавис ва режиссёрлар олий курсига ўқишга киришини маслаҳат берди. 1978 йили Нигматуллин мазкур курсларни муваффақиятли тугатди.

Агар Талъатнинг дастлабки роллари кичик ва кўзга ташланмаган бўлса, истеъдоди ва Николай Ерёменко билан дўстлиги туфайли эсда қоларли қаҳрамонлар ҳам ишониб топширилди. Улардан бири «ХХ аср қароқчилари»даги разил Солиҳ образи ҳисобланади. Талъат ва Николай Ерёменкони режиссёр Борис Дуров фильмга таклиф қилди. Актёрлар ролга шунчалик киришиб кетдиларки, дублёр ва каскадёрларнинг ёрдамини рад этишди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси ўзини оқлади. Фильмни кўриш учун томошабинлар турнақатор бўлиб навбатда туришарди.

Таҳсил чоғида Талъат ёш талаба қиз Ирина Шевчук билан танишди. «Бизнинг муҳаббатимиз икки йил давом этди, — дейди Ирина Шевчук. — Кейин гоҳ учрашиб, гоҳ аразлашиб юрдик. У мендан тажрибали, мен эса анча кичик эдим. Менда ҳаммаси орзуларимда, китобларда эди. Институтни битиргунча муносабатларимизга узил-кесил нуқта қўйдик. Бу мен учун оғир бўлди».

ВГИКни тамомлаб Тошкентга қайтган Талъат бир вақтлар «Ялла» гуруҳи таркибида бўлган хонанда Лариса Кандаловага уйланди. Ўшанда Талъат «Еттинчи ўқ» фильмида суратга тушаётганди. Қизни йигитнинг жонкуярлиги ўзига тортди: Ларисанинг москвалик дугонаси оғир вазиятга тушган, сабаби Тошкентда онаси бетобланиб, икки итини қолдириш учун одам йўқ эди. Талъат аёлни шифохонадан чиқаришга ёрдам берди, Лариса имтиҳонларни топшираётганида эса кучуклардан бирини олиб боқиб турди.

Кўп ўтмай уларнинг оиласида қизалоқ Урсула туғилди. «Мени Талъатнинг жонкуярлиги, дўст бўлиш қобилияти ўзига жалб қилган эди. Биз биргаликда бир йил яшадик, холос. Талъат оилапарвар бўла олмади. Мен унинг бошқа аёлларга хушторлигини хиёнат деб қабул қилдим. Охир оқибат болам билан уйдан чиқиб кетдим. Ўша пайтда Талъат оилавий ҳаётга мутлақо тайёр эмас эди» (Лариса Кандалова сўзлари).

 Муҳаббат ва... Брюс Ли

Ўн саккиз яшар рақибаси Ҳалима Ҳасанова ҳақида Лариса ҳали ҳомиладорлик пайтида билган. Талъатнинг ўлимидан сўнг интервьюларидан бирида Лариса Кандалова Ҳалима ҳақида шундай деди:

«Бу қиз эримга хиппа ёпишиб олганди. У уйимизга келиб турар, Талъатнинг онаси эшикни очар, Ҳалиманинг почтачи ёки қўшни аёл эканлигини айтиб мени алдарди. Ўша йиллари менга етказган азиятлари эвазига Ҳалима бу сўзларим учун кечирсин. У Талъатни жудаям севар, фақат Талъат учун яшар, назаримда, моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлар – қурилишда ишлар эди. Ҳалима мулойим ва донишманд аёл, бироқ унинг ҳам йўли Талъат билан айро тушди».

Ҳалима Нигматуллиннинг иккинчи хотинига айланди. У эрининг мураккаб феълига чидаши мумкин эди. Биргаликда давом етти йиллик турмуш Нигматуллин ҳаётидаги энг узоқ муносабат ҳисобланади. 1980 йилнинг 21 октябрида оилада Саид дунёга келди.

«Мен Талъатни жудаям севардим, — деган Ҳалима Ҳасанова. — Саид туғилганида у хотини ярим йилдан сўнг туғадиган эркакдан кажава сотиб олди. Талъат нафақат пул билан ёрдам берди, балки харидни нишонлаш учун бу тасодифий одамни ресторанга таклиф ҳам қилди. Унинг ўзига хослиги ҳам ана шунда эди — очиқ, хайрихоҳ ва яхши улфат. Талъатнинг ҳеч қандай душмани йўқ эди».

Режиссёр Мелис Убукеевнинг фильмида бош ролни ўйнаган Нигматуллиннинг кино майдонидаги шериги Венера Иброҳимова бўлди. Айнан у Талъатнинг сўнгги муҳаббати ҳисобланади. Венера навбатдаги фильмда суратга тушаётганида Нигматуллин гул тўлдирилган эски «Москвич»да келди ва севгилисини ФҲДЁга олиб кетди. Ўшанда Венера 19, Талъат 33 ёшда бўлган.

Бу ҳар томонлама актёрлар оиласи эди. Эр-хотин суратга олишдан бўш вақтларда кўришишар, камтарона, аммо бахтли яшардилар.

Талъат рафиқасининг исми Линда бўлган Брюс Ли ижоди олдида таъзим қилган. Венера эса юлдузли жуфтлик — Пол ва Линда Маккартниларнинг фанати эди (Брюс Ли рафиқасининг исми ҳам Линда). 1983 йилнинг 14 майида қизалоқ туғилганида Талъат ва Венера ўзаро келишиб, исмини Линда деб қўйишди.

Венера Талъатдан ҳар жиҳатдан ортда қолмасликка ҳаракат қиларди. У ҳам каратэ билан шуғулланди. Қора белбоғ олди ва спорт усталигига сазовор бўлди.

Секта балоси – фожиа сари!

1980 йил бошида Талъат Нигматуллин бир сектага аъзо бўлди. Ушбу мазҳабнинг раҳнамолари асли келиб чиқиши Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридан ҳисобланган Абай Бўрибоев ва нукуслик «халқ табиби», экстрасенс Мирза Қимматбоев эдилар. Секта таркиби журналистлар, ёзувчилар, рассомлардан иборат эди. Мазкур мазҳабдагилар дзен-буддизм ва эзотерика уйғунлашувидан таркиб топган «Тўртинчи йўл»га эътиқод қилишарди. Ўзига тўқ секта аъзолари «руҳий акалари»дан нима излашгани уларнинг яқинлари учун жумбоқ бўлиб қолган. Афтидан Талъатнинг «ўрганилмаган дунё»га интилиши уни Бўрибоев сектасига етаклаб келган.

1981 йили Талъат илк режиссёрлик иши — «Акс-садо» номли ўн дақиқалик ҳужжатли фильми учун пул топди ҳамда Мирза ва Абайни суратга олди. Аммо фильмга дўстлари ва раҳбарият томонидан яхши фикр билдирилмади.

Лариса Кандалованинг ҳисоблашича, агар у Талъатнинг ёнида бўлганида бу «исқиртлар»га актёрни асло йўлатмасди: «Сектага гиёвандлик аралашган деб ўйлайман, чунки улар ичкиликбозлик қилиш билан чекланмаган. Бирга яшаганимизда Талъатда ҳеч қачон наркотикларни кўрмаганман. Тўғри, у ичарди, аммо бошқа артистлар ҳам бу гуноҳни қилишган».

Ҳалима Ҳасанова қайдлари: «Биз ажрашгач, мен айрилиқдан узоқ вақт азият чекдим. Уни ишончсиз қўлларга топширганим ҳақидаги ҳиссиёт шууримни сира тарк этмади. Талъат нима учун бу мазҳабга ўралашиб қолганини сира тушунмайман. Билганим: ўша фирибгарлар фотосуратимни кўришгач, мен билан ажрашиши кераклигини айтиб Талъатни кўндиришга уринишган. Мен ҳаётини издан чиқармаслиги учун яхшилаб ўйлаб кўришини унга айтдим, бироқ ҳаракатларим зое кетди. Сектадагиларни эса бир марта кўрдим, холос. Улар ўта қашшоқ, заифлиги билан мени ҳайрон қолдиришди. Талъат эса худди офтоб мисоли ажралиб турарди».

1985 йил февраль ойи бошларида Мирза ва Абай «мактаби»да ихтилоф юзага келди: вильнюслик бир нечта ўқувчи секта билан алоқасини узишга қарор қилишган эди. Вазиятни ўрганиш учун ўша жойга Абайнинг ўзи йўл олди. Кейин эса итоат этмаганларнинг «ақлини киритиб қўйиш» мақсадида Нигматуллинни чақирди. Суратга тушиш учун Кишинёвга бориши керак бўлган Нигматуллин Вилньюсга қўниб ўтишга қарор қилди. Абай билан учрашганида у актёрга савол берди: «Менга қарши чиқаётган одамлар бор. Ёрдам беришни хоҳлайсанми?» Талъат рози бўлди. Устозининг ҳақлигига мутлақо ишонган Нигматуллин сектанинг норози аъзолари билан муносабатларга ойдинлик киритиш учун тегишли манзилга йўл олишди.

 Машъум кеча

Абай шогирдларининг садоқатига ишонч ҳосил қилиш учун камситадиган синов усулларини қўллаган. Масалан, бир зиёфатда Абай барчанинг кўз ўнгида стаканга тупурди ва Талъатга уни ичишни буюрди. Нигматуллин буйруқни бажарди. Шарқ бозорида эса Абай актёрга тиланчилик қилишни амр этди. Нигматуллин бу буйруққа ҳам итоат этди. Абай умумий иш учун пул кераклигини айтганида уч боланинг отаси бўлган ва яхши пул топадиган Талъат ўзидаги бор сармоясини қўшқўллаб топширди.

Суд ҳужжатларига кўра, танишганларидан буён Нигматуллин Бўрибоевга икки минг рублдан кўп пул берган, ваҳоланки, ўшанда мамлакат миқёсида ўртача иш ҳақи 120 рубль эди. Яъни Талъат Абай билан нафақат фахрланган, балки унга тўла-тўкис итоат этган. Бироқ Абай ўзига бўйсунмаган шогирдларни кўрсатиб, «Мана бу муртадни ур!» деганида Нигматуллин кутилмаганда «Урмайман!» деди. Илк бор буйруқни бажармагани устозни ғазаблантириб юборди. «База»га қайтишгач, Талъатнинг Абайдан эшитгани шу бўлди: «Сен – сотқинсан!». «Сотқин эмасман», – деди актёр. Шунда устоз амр қилди: «Уни дўппосланглар!». Бу ердагиларнинг барчаси Талъатга ташланди.

1985 йилнинг 10 дан 11 февралга ўтар кечаси Вильнюс марказидаги рассом А.Калинаускаснинг уйида беш нафар «табиб» актёрни шафқатсизларча калтаклади. Бу ҳолат токи Талъатнинг ички аъзолари тамоман ишдан чиққунча давом этди. Фёдор Раззоқовнинг китобида ёзилишича, ур-калтакда бевосита москвалик каратэ устаси В.Пестрецов ҳам қатнашган.

Маълум вақтдан сўнг секта раҳбари калтаклашни тўхтатишни буюрди ва сўзларини такрорлади: «Сен – сотқинсан!». Талъат жавоб берди: «Йўқ!». Жазо давом эттирилди. Актёр зиғирча қаршилик кўрсатмади, ўзини ҳимоя қилишга ҳам уринмади. Ваҳоланки, каратэ усулларини пухта билган, қора белбоғ соҳиби бўлган Нигматуллин қурол-аслаҳасиз одамларни ҳар томонга учириб юбориши мумкин эди. Бироқ у бундай қилмади, устозининг кўзларига жимгина тикилди. Синчков нигоҳга дош беролмаган Абай шундоқ ҳам дабдаласи чиққан Талъатга сўнгги бешта зарбани берди ва ўлим юз берди.

Нигматуллин устози ноҳақлигига амин бўла туриб, нега ўзига берилган зарбаларга қаршилик кўрсатмаган? Бунинг сабаби воқеалар жуда тез рўй берганида бўлса керак. Бир соат ичида ўзи салкам сиғинган устозининг аблаҳ одамга айлангани Талъат учун оғир фожиа эди. Кўзлари кеч очилган шогирднинг барчасини англаб етиши учун вақт етишмасди. Агар унинг мулоҳаза учун икки соат фурсати бўлганида ҳам ўлмай қолиши мумкин эди.

Дарҳақиқат, бундай руҳий зарбадан сўнг одам дарҳол ўзини ўнглай олмайди. Баъзида йиллар керак бўлади. Суд ҳужжатларида ёзилишича, калтаклаш саккиз соат давом этган. Нималар рўй бераётганини англаганида Талъатнинг қаршилик кўрсатишга кучи ҳам қолмаган эди.

Нигматуллиннинг мурдаси ювиниш хонасидан топилди. Марҳум танасида 119 та жароҳат бўлиб, 22 таси бош қисмида эди. Мурда шу қадар абгор аҳволда бўлганки, Венера уни кремация қилишга қарор қилди ва бу жараён Каунасда ўтказилди. Талъатнинг хоки Тошкентдаги «Чилонзор ота» қабристонида дафн этилди...

Абай Бўрибоев ва Мирза Қимматбоев суд томонидан 14 ва 10 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинди. Бошқа жиноятчиларга нисбатан қисқа муддатли жазолар тайинланди. Архивдаги расмий маълумотларга кўра, Абай Бўрибоев жазони ўтиш чоғида сил касаллигидан вафот этган, аммо «Талъат Нигматуллин: суперюлдузнинг ҳалокати» фильмида айтилишича, Бўрибоев қамоқда ўлдирилган. Мирза Қимматбоев эса жазони тўлиқ ўтади, озодликка чиқди, яна «табиблик» билан шуғулланиб, 2006 йили жигар циррози билан ҳаётдан кўз юмди...

Машҳур актёр Талъат Нигматуллин ўлганида 36 ёшга тўлишига уч ой қолган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг