Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғиждувон савдо дўконларида яна ёнғин

Ғиждувон савдо дўконларида яна ёнғин

Видеодан скриншот

Ўтган 2023 йилда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги йирик савдо мажмуасида содир бўлган ёнғин сабаблари бухоролик тадбиркорлар томонидан  «қасддан уюштирилган» дея талқин этилган эди.  Афсуски, ушбу кўп талафотли ёнғиннинг асоратлари тугамаган: савдо мажмуасининг куйган йирик блоги ҳалигача тўлиқ таъмирланмаган эди.

Муаммоларни тўлиқ бартараф этиш масалалари ечим излаб «ётган» бир паллада яна шу манзилда кучли ёнғиннинг келиб чиққани аҳоли ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Миржон Файзуллоевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, бугун соат 16:40 да Ғиждувон туман ФВБ диспетчерлик хизматига тумандаги «Дегрезон» МФЙ йўли ёқасидаги савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Аввалига 4 та ўт ўчирув экипажи соат 16:42 да етиб борган. Бир неча дақиқалардан кейин яна 5 та экипаж жалб қилинган. Жами 9 ўт ўчирув экипажи томонидан кўрилган чора ва тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин 17:48 да тўлиқ бартараф этилган. Воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ, прокуратура ва барча ФВДТ хизматлари раҳбарлари етиб келишган.

«Энг аламлиси, бугун ёнғин содир бўлган дўконлардан ўтган йилги ёнғиндан талафот кўрган тадбиркорлар ҳам фойдаланиб келишаётган эди. Ўтган йилги ёнғин келиб чиқиши сабаблари ва кўрилган талафотлар муаммолари ҳалигача тўлиқ ечимини топмаган. Буниси энди ортиқча бўлди», — деди тадбиркорлардан бири.

«Савдо дўконлари қурилишини сифатсиз, дея олмайман. Ҳали ёнғин келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда, дейилмоқда. Аммо Ғиждувондаги юзлаб дўконларда электр ўтказувчи симлар яроқсиз ва сифатсиз эканини, иссиқлик тизими «нол»га тенг эканини унутиб қўйишган, шекилли. Куйиб қолаётган тадбиркорлар бўляпти. Бу гал тегишли органлар томонидан муаммолар жиддий ўрганилиши керак. 1 соату 6 дақиқада бартараф этилган ёнғин кичик ёнғин эмаслигини унутмайлик», — деди яна бир тадбиркор.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарари бўйича ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ёнғин оқибатида фуқаролар ўртасида куйиш ва тан жароҳати қайд этилмаган.  Айни дамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси экспертиза вакиллари ҳам ҳудудда ёнғин оқибатларини ўрганмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг