Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европадаги ишончли ҳамкор: Ўзбекистон ва Франция муносабатлари янги босқичда

Европадаги ишончли ҳамкор: Ўзбекистон ва Франция муносабатлари янги босқичда

Фото: Xabar.uz

Бир томонда — асрлар давомида Шарқ цивилизациясининг бешиги бўлган Ўзбекистон, иккинчи томонда — санъат, сиёсат ва иқтисодий тараққиёт маркази бўлган Франция. Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлса-да, бу алоқалар кейинги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга икки бор расмий ташрифи давомида ўтган музокаралар ва Эммануэль Макроннинг 2023 йилда Самарқандга келиши мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни тубдан бошқа даражага олиб чиқди.

Фото: Xabar.uz

2018 йилги расмий ташриф давомида ҳукуматлараро ва идоралараро 10 та ҳужжат, 2022 йилги музокараларда эса стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид 14 та ҳужжат ва 59 та шартнома имзоланди.

Франция ва Ўзбекистон нафақат икки томонлама муносабатларни ривожлантириб келмоқда, балки халқаро миқёсда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Ўзбекистон ташаббусларини юқори баҳолаб, мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан яқинлашувида муҳим роль ўйнамоқда. Шунингдек, Франция Марказий Осиёда ўз нуфузини оширишда Ўзбекистонни асосий шерикларидан бири сифатида кўради.

Стратегик ҳамкор

2021 йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 280 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилга келиб 1,1 млрд. АҚШ долларига етди ёки ўтган тўрт йил ичида 5 баробарга ошди.

Франциянинг Veolia, Suez, Total Energies, Lactalis каби йирик компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиб, коммунал хизматлар, энергетика ва озиқ-овқат соҳаларида муҳим лойиҳаларни амалга оширишмоқда. Жумладан, Total Energies компанияси Навоийда қуёш электр станциясини қуришда иштирок этяпти. Шунингдек, Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.

Санъат ва илм-фан ривожи йўлида

Франция ва Ўзбекистон тарихий, маданий жиҳатдан узоқ йиллик алоқаларга эга.

Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани сабаб француз сайёҳлари, савдогарлари ва дипломатлари Шарқ билан савдо ва маданий алоқалар ўрнатиш мақсадида қадимий шаҳарларимизга ташриф буюришган.

1253-1255 йилларда француз сайёҳи ва дипломати Гильом де Рубрук Франция қироли Людовик IX топшириғи билан Марказий Осиё ва Мўғулистонга элчи сифатида борган. У Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, маҳаллий ва маданият ҳаёт ҳақида ёзиб қолдирган. Унинг ушбу саёҳатига Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг бошланиши сифатида қаралади.

2022-2023 йилларда Париждаги Лувр музейи ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг бой маданий меросига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди. Бу каби лойиҳалар нафақат маданий алмашинув, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурматни янада мустаҳкамлайди.

Фото: Xabar.uz

Француз тили Ўзбекистонда оммалашган хорижий тиллардан бири бўлиб, 141 мингдан ортиқ ўқувчи ва 15 минг талаба уни ўрганмоқда. Vatel меҳмонхона менежменти мактаби, Париж мода академияси факультети ва 3D-моделлаш маркази сингари лойиҳалар бу ҳамкорликнинг амалий самарасини кўрсатмоқда.

Спортчиларимизга муваффақият келтирган замин

Ўтган йили ўзбекистонлик спортчилар учун Франция майдонлари жуда муваффақиятли келди. Париж Олимпиадасида 13 та медаль (8 олтин, 2 кумуш, 3 бронза) билан тарихий натижа — 206 мамлакат орасида 13-ўрин қайд этилди. Паралимпиадада 26 та медаль (10 олтин, 9 кумуш, 7 бронза) билан 13-ўрин қўлга киритилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг “Манчестер Сити” клубига ўтишдан олдин айнан Франция заминида — “Ланс” клуби таркибида жаҳонга танилди.

Франция сайёҳлари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига катта қизиқиш билдириб келишган. 2024 йилда 23,5 минг француз сайёҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Франция ва Ўзбекистон маданий дипломатия воситасида икки давлат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни кучайтиришга интилмоқда. Самарқанд ва Лион, Бухоро ва Рюэй-Мальмезон шаҳарлари ўртасида шериклик алоқалари ўрнатилган.

Парижда Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек ҳайкаллари ўрнатилган, шунингдек, Тулуза шаҳрида "Ўзбек боғи" ташкил этилган.

Ўзбекистон ва Франция муносабатлари фақат икки давлат манфаатлари учун эмас, балки Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг минтақавий интеграция ҳамда иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлашда ҳам муҳимдир.

Л.Турсунов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг