Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Динара Мўминова: Болалар адабиёти бозори шу қадар ўлик ҳолатдаки… (1-қисм)

Динара Мўминова: Болалар адабиёти бозори шу қадар ўлик ҳолатдаки… (1-қисм)

Facebook ижтимоий тармоғида бир контент бор. Рангли суратлар ва қувноқ видеолар билан доимо эътиборни тортади. Бу контент фарзандлари ёш бўлган ота-оналар учун жуда фойдали экани билан ажраб туради.

(Суратлар Динара Мўминованинг facebook саҳифасидан олинди)

Болалар адабиёти ёзувчиси Динара Мўминованинг саҳифасидаги постлар билан танишганимда ҳойнаҳой бу юртдошим хорижда яшаса керагов деб тахмин қилгандим, кейин яна кузатиш асносида бунга амин бўлдим. Чунки одатда хорижда яшайдиганлар кўпроқ ўз ишига, ўз соҳасига креатив, ижодий ёндашади. Бугунги суҳбатдошим билан суҳбат долзарб мавзу – болалар адабиёти ҳақида бўлди.

– Динара ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.

– Мактабгача ёшдаги болаларда китобхонлик маданиятини шакллантириш бўйича мутахассисман. Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). Илмий ишим эрта саводхонликда китобхонликнинг ўрнига бағишланган. Бугунги кунда эрта китобхонликка оид методик қўлланмалар ишлаб чиққанман ва расмли китоб (picturbooks)га оид илмий изланишлар олиб бораяпман ва мақолалар ёзиб тураман. Жанубий Кореяда истиқомат қиламан. Халқаро Нордик университетида «Болалар адабиёти» фанидан дарс бераман. Болалар адабиёти ёзувчисиман. Китобларим Amazon.com платрофмасида ва «Akademnashr» нашриётида чиққан.

  

– Китобга меҳр қандай уйғонган, болалар адабиёти мутахассиси бўлишингизга-чи?

– Уйда энг кичик фарзанд бўлганимгами, ўқишни тез ўрганиб олганман. Зиёли оилада ўсганман. Уйимиз доим китоб ва журналларга тўла бўларди. Китоб маълум бир вақт ҳаётимга кириб келмаган, китоб ҳаётимнинг ажралмас қисми эди доим. Китобларнинг ичидагини билишга шошганим учун беш ёшга етар-етмас ўқишни ўрганганман ва уйдаги барча болалар китобларини бирин-кетин ўқишни бошлаганман. Мактабга 5 ёшдан чиққанман. Она бўлганимда эса болалар адабиётига бошқа назар билан қарашни бошладим. Бола учун бу бирон адабий материал эмас, балки мияни ривожлантирувчи кучли бир инструмент эканлигини тушунганман. Боланинг мияси 12 ёшига қадар кескин ривожланади. Айнан шу давр инсоннинг келажакдаги ривожланиш даражаси учун критик ҳисобланади. 12 ёшгача бола қанчалик кўп ташқи стимуляцияга дуч келса унинг мияси шунчалик яхши ривожланган бўлади. Ташқи стимуляция деганда ўйнаш, суҳбатлашиш, ота-онанинг меҳри, китоб эшитиш, бармоқлари билан турли хилдаги буюмларни ушлаб кўриш, табиатга яқин бўлиш кабиларни назарда тутяпман. Болага чақалоқлигидан бошлаб ота-она китоб ўқиб берса тафаккур ва тасаввури кескин ривожланади, танқидий фикрлашга асос солинади, ментал саломатлигига ижобий таъсир бўлади, нутқи ва мулоқот кўникмалари ривожланади. Болалар адабиётини кучини тушунганимда Ўзбекистонда кичик ёшдаги болажонларга мўлжалланган болалар адабиёти соҳаси ривожланмаганлигини англадим ва айнан шу болажонлар учун китоб яратиб болалар адабиёти ривожланиши учун ҳиссамни қўшгим келди. Бу борада илмий изланишлар қилдим, илмий иш ёқладим, бугун ҳам доимий равишда бу соҳадаги билимларимни халқаро даражадаги тренинг ва курсларда ошириб юраман.

– Ўзбекистонда болалар адабиёти қай аҳволда, масалан Корея билан солиштирганда…

– Бу икки мамлакат болалар адабиёти аҳволини мутлақо солиштириб бўлмайди. Чунки Жанубий Корея бугунги кунда жаҳон миқёсида болалар адабиёти кескин ривожланган мамлакат ҳисобланади. Корея болалар адабиёти муаллифлари дунёнинг нуфузли Андерсон, Астрид Лингрен каби мукофотларни қўлга киритган.

Китобларнинг сони ва сифатидан ташқари Жанубий Кореяда болалар кутубхоналари жуда кўп. Ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар, вилоятда мавжуд.

Яъни ҳар қандай хонадонда яшайдиган бола 5-10 дақиқа яёв юриб болалар кутубхонасига бора олади ва у ерда истаган китобини олиб ўқий олади. Мабода кутубхона яқин ўртада бўлмаса, китобга буюртма берилса 2-3 кунда етказиб берилади. Барчаси текин, давлат ҳисобидан. Ундан ташқари, кўплаб пуллик болалар кутубхоналари ҳам мавжуд. Ўзбекистондаги кичик ёшдаги болалар учун китобларни қўл бармоқлари билан санай оламиз. Бу ҳолатни ҳеч бир ривожланган мамлакат ҳолати билан солиштириб бўлмайди.

– Болалар кутубхонаси қандай бўлиши  ва нималарга эътибор берилиши керак?

– Болалар кутубхоналари болалар учун бўлиши керак. Бу дегани хавфсиз ва қизиқарли. Биринчисини таъминлаш учун кутубхона дизайнерлари ва кутубхоначи жавобгар, қизиқарли бўлиши учун китоблар сони, хилма-хиллиги, барча жанрларда бўлиши, 0 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг психологиясига эътиборга олиниши, сифатли ва долзарб мавзуларда ва жуда хилма-хил бўлиши керак.

Бундан ташқари, кутубхоналарда доимий равишда болалар учун қизиқарли тадбирлар уюштирилиши лозим. Болалар кутубхоналари жуда кўп, боланинг юрган йўлида учраши муҳим. Бола кутубхонага китоб ўқиш учун эмас, балки шунчаки ўйин ўйнаш, ухлаб олиш, дўстлари билан дам олиш учун у ерга киришни исташи ва бунга имкони бўлиши керак.

– Бугун ўзбек болаларининг қандай адабиётларга эҳтиёжи бор, деб ўйлайсиз?

– Бугун шундай аҳволдамизки, қандай бўлиши у ёқда турсин ҳар қандай болалар адабиёти кўпайиши керак. Болалар адабиёти бозори шу қадар ўлик ҳолатдаки, бугун қандай китоб етишмаяпти деб бўлмайди, балки ҳар қандай болалар китобига бугун болаларимиз зор. Миллий ёзувчилар албатта биринчи ўринда, сўнг дунё дурдоналари етишмаяпти. Энг муҳими, биз ўрганиб қолгандек болалар адабиёти фақат ўқишни биладиган болалар учун эмас, балки расмни кўра оладиган ёшдаги болажонлар учун бўлиши шарт. Мактабгача ёшдаги болаларга мўлжалланган китоблар боланинг китобга меҳри шаклланишида энг муҳим ҳисобланади. Мактабгача ёшдаги китоблар фақат фольклор эмас, балки худди катталарники сингари ҳар қандай жанр ва мавзудаги хилма-хил китоблар бўлиши керак. Масалан, менинг китобларимнинг мавзуларини оладиган болсак, «Ажойиб кактус» боғдаги кактуснинг устидан бошқа кактуслар кулиши ва у бундан ютиб чиқиши ҳақида, «Нега юлдуз тушмайди?» китобида юлдуз ва коинот ҳақидаги ота ва бола суҳбати ёритилган, «Томчи қаерга кетди?» дўстлик ҳақидадир, «Қуёшнинг сирли ботиши» қуёш билан фаслларнинг муносабати ҳақида. Ушбу китоб 2022 йили Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказилган «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб» танловида совриндор бўлган.

«Сумалакнинг сеҳрли тоши» китоби сумалак, анъаналаримиз ва қандай қилиб болажонлар ўз муаммоларини ҳал қилиш йўллари ҳақида. Бу китобим X-Open Eurasia (Буюк Британия) халқаро танлови финалига чиққан. Барча китобларимни иллюстрациялашда жаҳон стандартларига, расмли илмий китоб тамойилларига асосланган ҳолда ёндашаман.

Китобларимдаги муаммолар ҳам, қаҳрамон кечинмалари ҳам айнан кичик ёшдаги болаларга таниш бўлади. Болалар ўзи аслида ўта қизиқувчан, билимга иштиёқи баланд. Уларнинг бу эҳтиёжларини китоблар билан тўлдира олмасак, билим ва қизиқишлари эҳтиёжини телефон орқали қондирадилар, телефондаги контентлар орқали саволларига жавоб топадилар. Интернетдаги контент эса баъзида нафақат фойдасиз, балки зарарли бўлишини ҳаммамиз биламиз.

– Болалар китобларни нимага асосланиб танлашади?

– Болалар китобларини танлашда танловлар муҳим ўрин эгаллайди. Мактаб, кутубхона, ҳокимият, давлат, вазирлик, уюшма танловлари ота-она ва педагогларга китоб танлашда маёқ вазифасини ўтайди. Ундан ташқари, болаларнинг ўзи баъзи китобларга меҳр қўйиб, уларни қайта-қайта ўқийдилар. Шунда бундай китобларнинг донғи таралади.

Танлаш учун яна бир омил бу боланинг қизиқишлари. Мисол учун кичик ёшдаги болалар динозавр, ота-она ва бола, ҳайвонлар муносабатлари, роботларга қизиқишса, ўсмирлар ҳаёт ҳақидаги саволлар, ўғил бола ва қиз бола муносабатлари, дўстлик, буллинг, ижтимоий муаммолар ҳақидаги мавзуларга қизиқадилар. Китобга меҳр айнан қизиқишдан бошланади. Боланинг қўлига уни безота қилаётган мавзуга оид китоб тушса, билинг у китобни меҳр билан ўқийди. Фақат бой китоб бозоригина аста-секин дидни шакллантиради.

– Болани китобга қандай қизиқтириш мумкин, болага китобга меҳрни ким уйғотади?

– Бу комплекс масала, унга бир томонлама ёндашиб бўлмайди. Биринчидан, китоб кўп ва ота-онанинг ҳоли етарли даражада бўлиши керак. Яъни, ҳам қиммат эмас (кутубхона бўлса текин), ҳам уйига яқин жойда.

Иккинчидан, ота-онанинг ўзи китоб ўқиши ва боласига китоб муҳим эканлигини тушуниши керак. Бу борада телевидние яхши тарғиботчи бўлиши мумкин. Боғчада мутолаа соатларини кўп ажратиш ва ҳар бир гуруҳда китобга бой бурчаклар бўлиши лозим.

Мактабда ҳар бир синфда китоб бурчаклари ва мактаб кутубхонасида нафақат дарсликлар балки миллий ва дунё асарлари бўлиши керак. Мактаб кутубхоналари шинам ва болаларни ўзига жалб эта олувчи ҳолатда ва жуда ақлли, замонавий кутубхоначига эга бўлиши шарт. Кутубхоначи болаларга керакли китобни танлашда ёрдамчи сеҳргар сифатида фаолият юргазиши керак, насиҳатчи сифатида эмас. 

Китобхонлар учун тадбирлар мунтазам ва энг кичик ёшдаги болалар учун ҳам ташкил этилиши лозим, деб ўйлайман…

– Фойдали суҳбат учун сизга рахмат.

P/S: Болалар адабиёти ҳақидаги бундай долзарб мавзу бир мақолага сиғмади. Суҳбатнинг иккинчи қисмини ўтказиб юборманг, тез кунларда баҳраманд бўласиз.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг