Алдаркўсалари йўқ мамлакатдан мактуб
Сиз ҳам сезяпсизми, бизда ёлғончилар роса урчияпти. Жуда кўп улар. Ваъда беради, керак бўлса, қасам ичади. Аммо кейин сурбетларча алдайди. Бир ишга қўл ташлаб келишадию, маълум вақтдан сўнг телефон қўнғироғингизга ҳам жавоб бермайди. Индамайди, вассалом! Бундан уялиш, хижолат чекиш йўқ, аксинча ўзини ҳақ ҳисоблайди. Алдамчилик билан бирга фисқ-фасод тарқатиш, нолиш, зорланиш ҳам авжида. Чин кўнгилдан, самимий гапириш, гўзал муносабатлар кам, билъакс қўполлик-қўрслик бор. Одамларимиз мақтанчоқ, ўзини-ўзи кўз қилади. Мол-дунёси билан ғурурланади, бошқаларни ерга ургиси келади. Уларга қараб, беихтиёр ўзинг билган-эшитган хориж одамлари билан таққослай бошлайсан...
Раҳматли дадам Германияга бориб келганларида таассуротларини санаб, шундай деган эдилар: «Одамлари жуда самимий. Ҳеч қачон алдамайди. Нимадир сўрасанг, шунчалик эътибор билан тинглашадики, ўзингдан хижолат бўлиб кетасан. Кулиб туришади, ниҳоятда беғараз. Шунинг учунми, у ерда ўзингни қадри бебаҳо ҳисоблайсан, чинакам эркинликни ҳис қиласан».
Яқинда шоира Хосият Рустамованинг Америка ҳақида ёзганларини ўқиб қолдим. У океан ортига боргач, шунча йил яшаб қўйганидан хижолат бўлганини биринчи марта тан олди. «Шаҳар осойишта, одамлар шу қадар хотиржамки, кузатиб туриб ҳам дам оласан. Бўлмаса бирорта бекорчи одамни учратганим йўқ... Бу ўлкада «мумкин эмас» деган сўз йўқ, шекилли, на университетда, на кўчада эшитдим бу сўзни», – дейди у.
Бундан беш йил муқаддам бир укамиз маслаҳат сўраб келди. Японияга кетиш имконияти туғилган экан. Борайми-йўқми, иккиланяпман, деди. Мен оқ йўл тиладим. Дунё кўришини, у ерда бири икки бўлишини тушунтирдим.
Ҳозир Японияда у. Хабарлашиб туради. Менга ёзганларини ўқиб, ҳайратга тушаман, хўрсиниб қўяман. Кунчиқар мамлакатнинг ажабтовур одамлари ҳаётини ўқиб, сиз ҳам бир лол қолинг.
«Мен аэропортдан кўчага илк қадам қўйганимдаги биринчи ҳис ҳануз ёдимда: бурнимга нафис ифор келди. Аввалига бу исни ёнимдаги япон ҳамроҳимнинг атир ҳиди деб ўйладим. Кейин билсам, ширин ифор йўл ёқалаб экилган дарахт ва буталардан келаётган экан. Мен кўчалардан ҳам муаттар ифор чиқишини илк бор Японияда билдим. Бу ерда баҳор, ёз ва кузда бутун мамлакат кўчалари бўйлаб аллақандай ширин ҳид таралади. Айниқса куздаги ифор менга ёқади.
Японлар вақт тушунчасини ўз миллатининг ажралмас маданияти деб билади. Дўконларда маҳсулотларнинг сифати юқори. Егуликлар қайд этилган муддатигача туради, Муддати яқинлашган маҳсулот ярим нархига туширилади, вақтидан ўтгач эса расталардан дарҳол олиниб, чиқиндиларни қайта ишлаш заводига жўнатилади.
Вақтнинг қадрига етган японлар бажарилаётган ишлар кетма-кетлигини автоматлаштиришга, вақтни тежашга қаратган. Шу боис ҳам бу ерда кнопкалар, сенсорли экранлар ва энг юқори технологиялар жамиятнинг барча соҳаларини эгаллаб олган.
Дўкон пештахтасидаги маҳсулот сифати борасида, Хитойникими, бошқа ерникими деб қайғурмайсиз. Зеро, Хитой ҳам бу давлатга энг юқори сифатли маҳсулот етказиб беради.
Ўзбекистон билан бир солиштирайлик. Кейинги вақтда нафратга арзигулик тренингларда, телевизорда нопок бойларнинг чиқиб олиб, бой бўлгунига қадар кечган ҳаёти ҳақида гапирганига гувоҳмиз. «Мен бир пайтлар оддий иш қилганман, пол ювганман, ҳозир, мана, бадавлатман», дейди улар. Агар японлар буни эшитса қаттиқ ажабланса керак. Зеро, япон миллатида «сен фаррошсан, кўча супурасан», деган гапларнинг бўлиши мумкин эмас. Бу миллат учун фаррошлик қилиш – фахр! Қолаверса, пенсия гаштини сураётган японлар ўз хоҳишлари билан ҳар эрталаб кўча-кўйни, маҳаллани тозалаб, ахлат чиқиндилардан тозалашади. Аслида бунга ҳожат ҳам йўқ, чунки кўчаларга биз каби чет элликлардан бошқа ҳеч ким чиқинди ташламайди.
Бундан беш йил муқаддам Японияда сотувчисиз супермаркетни кўриб қаттиқ таъсирланган эдим. Яъни харидор маҳсулотни олиб, пулини ўзи кассага тўлаб кетаверади. Биз томонларни ўйлаб томоғимга нимадир тиқилди: одамларга ишониш ва уларнинг ҳам ишончни суиистеъмол қилмаслиги япон миллатининг ажралмас қисми ва бу ҳақли равишда барча миллатларга ўрнак бўлишга арзийди. Маҳсулот пулини тўламасдан кетса ҳам бўладиган супермаркетлар жуда кўп, бироқ японлар бундай қилишмайди. Оилада, мактабда ва жамиятда олган тарбияси бунга асло йўл қўймайди.
Ҳар бир ходим ўз вазифаси ва қилаётган хизматига қараб махсус иш кийимида ишлайди. Ҳатто ўзининг дўконига бўлса ҳам биздагидек уй кийимида келмайди.
Кичик кундалик дўконга сув олгани кирган сотувчи ва харидор суҳбати:
– (мижоз дўконга киришда сотувчи) Хайрли кун! Хуш келибсиз!
– (мижоз кассага яқинлашганда) Хуш келибсиз, ҳурматли мижоз! Маҳсулотингизни пакетга жойлашни истайсизми?
– Йўқ, раҳмат.
– Тушундим! Ҳурматли мижоз, сиздан шунча пул. Илтимос, монитордан истаган тўлов тизимини танлаб босинг.
– Кредит картадан тўлайман.
– Хўп бўлади, ҳурматли мижоз! Марҳамат!
– Раҳмат!
– (мижоз дўконни тарк этаётганда) Катта раҳмат, ҳурматли мижоз! Сизнинг яна келишингизни кутамиз. (Агар кўчада ёмғир ёғаётган, совуқ ёинки иссиқ бўлса) Кўчада (ёмғир, иссиқ ёки совуқ) ўзингизни эҳтиёт қилиб, уйингизга етиб олинг, ҳурматли мижоз!
Мен Японияга келишим билан гарчи ўзимга асқотмаса ҳам қиммат телефон олгандим, бироқ...
Бу ерда ҳеч ким мақтанмайди. Аксинча, японлар оддий яшашни устун билишади. Фирма раҳбари, бизнесменлар ҳам кези келса, велосипедда юради, супермаркет атрофини ўзи супуриб қўяди. Ходимлар ёхуд раҳбарлар бир-бирига қаттиқ гапирмайди, уришмайди. Серқатнов кўчада ҳам машиналар сигнал чалмайди.
Ишонасизми, Анвар ака, шу пайтга қадар бирор марта кўчада японнинг телефонда овозини чиқариб суҳбатлашгани ёки телефон қўнғироғи баланд товушда жиринглаганини кўрмадим, эшитмадим. Японлар телефонини овозсиз қилиб қўйишади. Мабодо қўнғироқ бўлса ҳам оҳиста, паст овозда гаплашишади. Чунки ён-атрофдагиларнинг фикри, хаёлини бузишни одобсизлик деб билишади. Кўчадаги инсон балки жиддий нарсалар борасида фикрлаб, хаёл қилаётгандир, деб...
Японларнинг табиатга меҳри беқиёс, Қушлар, балиқлар, гуллар, ҳаммасини ниҳоятда эҳтиёт қилишади. Кўчадаги ариқларда катта балиқлар эркин сузиб юради. Яқинда Японияга келган бир шоввоз акамиз кўчада балиқ тутган, чет эллик деб унга ҳеч ким қаршилик қилмади. Бироқ оддий японлар кўча ариқларидан балиқ овламайди.
Фарзандлар доимо банд, уларнинг барчаси машғулотларда, мактабларда, кутубхоналарда! Кўчада ортиқча тўполон, қий-чувга гувоҳ бўлмайсиз.
Одамлар чиқиндиларни тозалаб, қоғозни қоғоз ахлатдонга, целофанни целлофан қутисига ташлашади. Ичи бўшамаган овқат идиши бўлса ювиб, тозалаб кейин чиқиндихонага ташлашади. Мен ҳар доим сотиб олинган газли ёки мевали сув идиши (баклажка)ни ташлашдан аввал уни тозалаб, ювиб, ёрлиғини оламан. Сўнг целлофан чиқиндига, қопқоғини қаттиқ пластик чиқинди қутисига ва ўзини эса алоҳида идишга ташлайман. Келган йилларимда бундай қилмагандим. Бироқ бора-бора сизга астойдил хизмат қиладиган чиқиндихона фирмасининг меҳнати, вақтини ҳурмат қилиб шундай қилишга ўз-ўзидан, виждонан рози бўласиз. Муҳитнинг ҳам таъсири бу!
Анвар ака, шундай буюк давлатни бу халқ ўз қўли билан қурган. Ҳеч ким, ҳеч қайси бошқа халқ на мактаб, на йўл, на инфратузилмасини қуриб берган. Барчасини японларнинг ўзи узоқ йиллик билими, ақли билан барпо этган.
Кўп нарсаларни ўйладим, ака! Бу япон халқи, энг аввало, ўзи учун энг юқори хизмат кўрсатар экан, ҳаммаси ўзи учун. Биз-чи, биз бир-биримизни алдаймиз. Нима қилиб бўлса-да участка қурсак, машина олсак деймиз, одамларнинг кўзи учун тўй қиламиз. Японияга келган ҳар 100 та қоракўздан 99 тасининг орзуси «Jentra» олиш, уй қуриш. Барака топкур, олим бўлиш орзуйинг қаерда қолди? Билим олиш ниятинг йўқми, дегим келади. Йўқ, моддий мавқеимиз жамиятдаги инсонларнинг бизни ҳурмат қилишига сабаб деб биламиз. Аслида ҳам шундай-да!
Бу ерда ким кимга хизмат қилиши кераклиги ойдай равшан. Талабага домлалар хизмат кўрсатади, керак бўлса кутади...
Мен Япония ва японлар ҳақида соатлаб гапира оламан. Бироқ...
Дарвоқе, бу гапларни сайтга берсангиз, исмимни ёзманг. Биз томоннинг одамларини яхши биламан, ахир!»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter