«8 мартда совға олмаган аёл»га бу байрам қувончли келди

«Ўтган йили Xabar.uz сайтида «8 мартда совға олмаган аёл», деган ҳикоя ёзган эдингиз, шу опани манзилини бера оласизми. Бу байрам совға олсин», ижтимоий тармоқдаги саҳифамга ёзиб қолди нотаниш бир киши.
Ростданам пастдарғомлик Замира опа ҳақида кичикроқ ҳикоя ёзган эдим. Бу инсон эслатмаса, ўзим ҳам шу байрам опани бир йўқлай демабман, койийман ўзимни ички овоз билан. Дастлаб, ўзини таништиришни истамаган савобталаб акамиз, табриклашга бирга боришни таклиф этганимдан сўнг, ўзини таништирди.
«Биласизми, ўша ҳикоя менга жудаям қаттиқ таъсир қилганди.Уни ўқиган пайтимда олис сафарда эдим. Мана бугун улуғ кунларда табриклаш насиб этяпти», дейди ҳамроҳим.
Акани машинасида, бўлак-бўлак ажратилган совғалар кўплигидан табрикловчи бошқа манзиллар ҳам борлигини тахмин этдим.
Опа бизни ўша таниш — маъсум ва ийманувчан бир қиёфада, акасининг фарзандлари билан қарши олди. Ҳамроҳим опа билан сўрашиб, дастлаб болалар билан мулоқотга киришди, улар билан бўлаётган содда муомаласи, беозор ҳазилларидан кейин Замира опанинг ҳам юзидаги серташвишлик ўрнига енгил табассум ёйилгандек бўлди.
Режалари ҳақида сўрасак, «Қиш ортда қолди, энди нафақадан йиққан пулимга қўзичоқ олмоқчиман, то кузга қадар катта қиламан-да, кейинчалик имкон бўлса, бир соғин сигир олмоқчиман», орзиқиб гапиради опа.
Маълум бўлишича, опа иккинчи гуруҳ ногирони, ёлғиз аёл бўлса-да, бирор марта бу имтиёздан фойдаланмаган. Бирор «катта»ни қабулига илинж билан бормаган. У тиним билмай меҳнат қилади. Топганига шукр қилади. Ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нимадан нолимайди. Унинг юзида чексиз сабот, ҳаёт синовлари излари ва шу билан бирга чексиз тоқат, камтаринлик, бардош намоён.
Ҳамроҳим Отабек ҳожи ака, опани орзулари ҳақида бекорга сўрамади, унинг кейинги режаларини «фош этган» бўламан кета туриб. У ҳикоямдаги қаҳрамонимни бугун юзига қалқиган оний бахтиёрликни, яна бардавом бўлишини мендан кўпроқ истаб турибди ва бунга астойдил киришиши аниқ. Шуларни ўйлаб, кўнглим таскин топгандек бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter