Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги куёвга — «ухлатмайдиган» дори. Рекламада уят йўқми?

Янги куёвга — «ухлатмайдиган» дори. Рекламада уят йўқми?

Бугунга келиб, фармацевтика тармоғи  катта тижорат воситасига айланди. Бундан эса кўпчилик медиа платформалари ҳам манфаатдор. Шу сабаб телеканаллар, ижтимоий тармоқлар, кўча баннерлари-ю, ҳатто транспорт воситалари ҳам дорилар рекламалари  билан тўла.

Айниқса, оила аъзолари дастурхон атрофида жам бўлганда, рекламалар намойиши жуда авж олади. Бу жараёнда аёллар тагликларининг қўлайликлари, ич қотишининг юмшоқ ечимию, 40 ёшдан ошган эркакларнинг  бовул қилиш муаммоси ечими  батафсил кўрсатиб берилади.

«Медицинада уят йўқ» — шифокор билан бемор ўртасидаги мулоқотга оид бу атама, реклама берувчиларнинг шиорига айланган ва таъбир жоиз бўлса, уларда ҳар қанақа нозик дарднинг ечими очиқча  кўрсатилади.

 Бавосилдан тузалган филнинг орқасига сув пуркалиши, янги келинга  бефарқ уйқучан куёвга тажрибали отанинг «ухлатмайдиган» дори улашгани, тўшакдаги жуфтидан мамнун аёл қиёфасига кўзингиз тушгандир! Бу  рекламаларда барча жумлалар сайқалланган, жарангдор. «Касалликни тез даволайди», «ишончли восита»,  «ҳар бир уйда бўлиши шарт»,  «ишончли самара», «энг маъқул танлов»,  «фойдали»,  «акс таъсирлари йўқ», «ҳар жиҳатдан даво», «ўхшаши йўқ», «оғриқни унутасиз», «ноёб таркиб»...

Дориларнинг бу каби оддий истеъмол товаридек, бўрттириб таърифланиши орқали рекламалар одамларга шифокор вазифасини ҳам ўтамоқчи бўлади. Ва бу рекламалар инсон психологиясига таъсир ўтказадиган даражада, қўшиқ қилиб, машҳур шахслар иштирокида, ранг-баранг эффектлар билан бойитилган тасвирларда намойиш этилади. Қонунчилик талабларига  ҳам тўғри келмайдиган  «ноёб» дори воситаларнинг бундай намойиши, ҳар қандай одамни дорихонага етаклаши аниқ эди.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев фармацевтика соҳасини тартибга солиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.Унда дунёда фармацевтика саноати кенгайиб борайтгани, дори-дармонларнинг янгича турлари ва таркиблари пайдо бўлаётгани ва шу боис уларнинг сифатини доимий назорат қилиш, ножўя таъсирларини аниқлаш ва таҳлил этиш зарурати туғилгани такидланганди.

Бу борада 23 январь куни «Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, дорилар ва тиббий буюмларни тайёрловчи ҳамда сотувчи ташкилотлар бу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги учун ҳам масъул этиб белгиланди. Шундан келиб чиқиб, уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари ўрнатилиши қайд этилди.

Шу билан бирга телерадиоканаллар орқали дорилар ва биологик фаол қўшимчаларни реклама қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этиладиган махсус кенгашнинг хулосаси асосида мумкин бўлиши белгиланди ва давлатимиз раҳбари бу тармоқнинг аҳоли саломатлиги ва иқтисодиётдаги аҳамиятини таъкидлаб, фармон ижросини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Албатта, эндиликда юқорида қайд этилган, реклама бўлаётган «ноёб» дорилар аввал лабороторияда текширилади ва ўша «мўъжизалар (таъ)сири»  маълум қилинади. Шунда кўрамиз 100 фоиз самарали ва безарар деб таърифланган кўзга яқин «нажоткор» «ҳамроҳ»ларимиздан неча фоизи ўз таърифига мос экан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг